Sayt test rejimida ishlamoqda

Йўлдошев Азизжон Эргаш ўғлининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий масалалари», 12.00.02. – Кoнcтитуциявий ҳуқуқ. Мaъмуpий ҳуқуқ. Мoлия вa бoжхoнa ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.DSc/Yu162
Илмий раҳбар: Ҳусанов Озод Тиллабоевич, юpидик фaнлap дoктopи, пpoфеccop.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.02.
Расмий оппонентлар: Ахмедшаева Мавлюда Ахатовна, юридик фанлар доктори, профессор; Зулфиқоров Шерзод Хуррамович, юридик фанлар доктори, профессор; Исмаилова Гулноза Сайдиганиходжаевна, юридик фанлар доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш конституциявий ҳуқуқининг Ўзбекистонда амалга ошириш механизми ва айрим шаклларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи фуқароларга оммавий ишларни юритишда, жумладан, оммавий функцияларни бажаришда, яъни давлат ва бошқа оммавий органлар фаолиятида иштирок этиш имкониятини бериши асослаб берилган;
сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқаровий кузатувни амалга ошириш учун фуқаролар йиғинларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида иштирок этиш учун кузатувчилар кўрсатиш ҳуқуқини бериш зарурати асосланган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қонун лойиҳаларига тушунтириш хатларини ва бошқа илова қилинган материалларни, муҳокама натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни жойлаштириш, муҳокама электрон манзили, вақти тўғрисидаги эълонларни ҳамда қонун лойиҳаларининг мазмуни тўғрисидаги маълумотларни ижтимоий тармоқларда ва бошқа йўллар билан тарқатиш муҳокамаларда фуқароларнинг онгли ва самарали иштирок этишига хизмат қилиши асослаб берилган;
амалдаги қонунчиликка кўра фуқаролар жамоатчилик назоратининг шаклларидан бўлган давлат органларига мурожаат қилиш ва сўровлар юбориш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олган ҳолда ҳамда уларга давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ва бошқа ҳуқуқларни бериш учун фуқароларга жамоатчилик назоратининг субъекти мақомини бериш зарурлиги асослаб берилган;
муҳокама фикрларнинг эркин алмашинувини англатиши туфайли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг онлайн жамоатчилик муҳокамаларида берилган ҳар бир таклиф, фикр-мулоҳазага лойиҳа ишлаб чиқувчиларнинг ўз муносабатини билдириши фуқароларга лойиҳа бўйича ўз фикрларини тиниқлаштириш, манфаатлар келишувига эришиш ва унинг қабул қилинганидан кейин самарали ижросига хизмат қилиши асослантирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тaдқиқoт иши бўйичa oлингaн илмий нaтижaлap қуйидaгилapдa фoйдaлaнилгaн: 
сайловда фуқаровий кузатувни жорий қилиш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2018 йил 9 июлдаги 05/01-667-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф асосида фуқаролар йиғинларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун кузатувчилар кўрсатиш ҳуқуқи берилган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қонун лойиҳаларига тушунтириш хатларини ва бошқа илова қилинган материалларни, муҳокама натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни жойлаштириш, муҳокама электрон манзили, вақти тўғрисидаги эълонларни ҳамда қонун лойиҳаларининг мазмуни тўғрисидаги маълумотларни ижтимоий тармоқларда ва бошқа йўллар билан тарқатиш ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 5 апрелдаги 1607–III-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 5, 10, 17-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2018 йил 9 июлдаги 05/01-665-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар фуқароларни онлайн жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этишига, қонун лойиҳаларини пухта ўрганишлари ва амалий таклиф беришларига хизмат қилган;
фуқароларга жамоатчилик назоратининг субъекти мақомини бериш ҳақидаги таклифдан 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ЎРҚ-474-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2018 йил 9 июлдаги 05/01-666-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф фуқароларга давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ва бошқа ҳуқуқларни бериш учун ҳуқуқий асос бўлган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг онлайн жамоатчилик муҳокамаларида уларни ишлаб чиқувчилар томонидан ҳар бир келиб тушган таклифга ва фикр-мулоҳазага ўз муносабатини билдириши зарурати ПЗ-20170926317 “Ўзбекистонда давлат хизмати тизимини ривожлантириш истиқболлари ҳамда давлат хизматчиларини тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишни тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” илмий-амалий лойиҳаси доирасида тайёрланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” рисоласида асослаб берилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг 2020 йил 30 декабрдаги 02/1104-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф муҳокамада эркин фикр алмашиш ва манфаатлар келишувига эришиш, лойиҳаларни пухта тайёрлаш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятининг ўсишига хизмат қилиши илмий асослаб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish