Sayt test rejimida ishlamoqda

Нишонов Шохидбек Юсуфжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда миллий инсульт регистрини яратиш ва унинг аҳамияти», 14.00.13 – Неврология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tib923.
Илмий раҳбар: Расулова Хуршидахон Абдубориевна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.31.01.
Расмий оппонентлар: Рахимбаева Гулнора Саттаровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Раимова Малика Мухамеджановна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат тиббиёт университети
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади инсульт ўтказган беморларнинг Ўзбек миллий инсульт регистрини яратиш ва ташкил этишни асослаш ҳамда ундан фойдаланиш истиқболларини баҳолаш буйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чикишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор тиббий автоматлаштирилган ахборот тизими асосида миллий инсульт регистри яратилган ва ишемик инсульт мониторинги асосланган; 
“Инсультнинг госпитал регистри” асосида стационар даволашнинг сифати инсульт натижасига, хамда асорат ривожланиши ва бузилган неврологик фаолиятнинг тикланиш даражасига таъсири аниқланган;
инсульт билан оғриган беморларнинг йиллик омон қолишига таъсир қилувчи ижобий прогнозловчи омиллар (эркак жинси, инсультнинг ишемик тури, 50 ёшгача, енгил неврологик етишмовчилик, касаллик бошланганидан 4-5 соат муддатигача касалхонага ётқизиш, ортиқча тана вазни, оғирлашган ирсият) аниқланган;
инсультнинг ўткир даврида беморларда бульбар/псевдобульбар синдроми ва онгнинг бузилиши каби неврологик симптомлар зотилжам ривожланишининг предиктори эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбекистонда инсульт регистрини яратиш ва татбиқ этиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида: 
бош мияда қон айланишнинг ўткир бузилишларида даволаш-ташхислашни оптималлаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг  илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Бош мияда қон айланишнинг ўткир бузилишларида даволаш-ташхислаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 3 декабрдаги 8н-з/516-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома мамлакатнинг турли ҳудудларида ва касалликнинг турли даврларида инсультларнинг тиббий-ташкилий, даволаш-диагностика ва реабилитация хусусиятларини ишночли ва объектив равишда тақдим этишга имконини берган; 
инсульт билан касалланган беморларни олиб бориш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг  илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган «Инсульт билан касалланган беморларни олиб бориш усули» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 3 декабрдаги 8н-з/516-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома инсультнинг узоқ муддатли ўлимга олиб келиш эҳтимолининг прогностик моделини татбиқ этиш инсультдан кутиладиган ўлимни камайтиришга йўналтирилган тадбирлар сифатини ошириш имконини берган;
Ўзбекистонда инсультнинг Миллий регистрини яратиш ва унинг аҳамияти бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиали, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиник шифохонаси, Тошкент шаҳри 5-сон шаҳар клиник шифохонаси амалиётларига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 27 декабрдаги 08-41300–сон маълумотномаси). Олинган натижаларни амалиётга татбиқ этилиши инсультга чалинган беморларни назорат қилиш ва динамик кузатувини ташкиллаштиришга янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, мамлакат аҳолисида ушбу патология ва унинг қайталаниш ҳолатларининг олдини олиш бўйича минтақавий ишланмалар яратиш, тиббиёт ходимлари ишчи вақти ҳаражатлари ва тиббий ёрдамнинг молиявий ресурсларини камайтиришга имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish