Кузиев Мирзохид Садуллоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Рационида аммонийлашган озуқалардан фойдаланилган эчкиларнинг овқат ҳазми жараёнлари ва маҳсулдорлиги», 03.00.08–Одам ва ҳайвонлар физиологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/B87.
Илмий раҳбар: Ражамурадов Зайнитдин Турапович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Кучкарова Любовь Салижановна, биология фанлари доктори, профессор; Эргашев Нурали Аъзамович, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аммонийлаштириш учун дағал озуқа турини танлаш ва танланган озуқани аммонийлаштиришнинг эчкилар ҳазм жараёнларига ва маҳсулдорлигига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекистон шароитида қиш мавсумида эчкиларни концентрат озуқаларсиз, фақат аммиакли сув билан ишлов берилиб аммонийлаштирилган буғдой сомонидан иборат озуқа рациони билан озиқлантириш натижасида истеъмол қилинган қуруқ моддалар миқдори, катта қориндаги ҳазм жараёнларининг кечиши ва бошқа клиник, биокимёвий кўрсаткичларини ошириши аниқланган;
илк бор дағал озуқаларни аммонийлаштиришнинг, буғдой сомонни кимёвий таркибига, биологик қийматига, эчкилар томонидан истеъмол қилинишига, ҳазмланишига ижобий таъсир кўрсатиши исботланган;
аммонийлаштирилган буғдой сомони таркибидаги клетчатка ва уни ҳосил қилувчи фракциялар улушининг камайиши, хом протеин ва АЭМ (азотсиз экстрактив моддалар) миқдорининг эса ортиши аниқланган;
аммонийлаштирилган буғдой сомони билан эчкиларни озиқлантириш катта қоринда кечадиган жараёнларни мўтадиллаштириши натижасида катта қорин ҳаракати ва унда ҳосил бўладиган УЁК (учувчи ёғ кислоталари) миқдори, бактериялар ва микробиал оқсиллар ҳосил бўлиши ҳамда ўзлаштирилган азот миқдорининг ортиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Рационида аммонийлашган озуқалардан фойдаланилган эчкиларнинг овқат ҳазми жараёнлари ва маҳсулдорлиги бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
кузги буғдой сомонини 25%ли аммиакли сув билан аммонийлаштириш технологияси Самарқанд вилояти Каттақўрғон, Пайариқ ва Нуробод туманларининг чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 февралдаги 02/12-125-сон маълумотномаси). Натижада буғдой сомони таркибидаги хом протеин миқдорини икки баробар, азотсиз экстрактив моддалар миқдорини 2,1% га ошириш ва хом клетчатка миқдорини 8,2% га камайтириш имконини берган;
аммонийлаштириш технологияси асосида ишлов берилган дағал озуқа билан чорва молларини озиқлантириш усули фермер хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 февралдаги 02/12-125-сон маълумотномаси). Натижада эчкилар маҳсулдорлик кўрсаткичларини 3,2 баробарга ошириш имконини берган;
дағал озуқалар таркибидаги клетчатка фракциялари миқдори, уларнинг ҳазм жараёнларига таъсири ва кузги буғдой сомонини аммонийлаштириш бўйича олинган илмий натижалардан ҚХА-8014-2015 рақамли “Табиий серпушт қоракўл қўйлар генофондини сақлаш ва уларни урчитишнинг селекцион-технологик тизимини ишлаб чиқиш” илмий лойиҳасида қоракўл қўйларини озуқа рационларини шакллантиришда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 22 декабрдаги ФТА-02-11/1346-cон маълумотномаси). Натижада турли физиологик гуруҳларга мансуб қоракўл қўйларини қиш мавсумида деталлаштирилган озуқа рациони билан озиқлантириш ва хўжаликдаги мавжуд дағал озуқаларнинг тўйимлик қийматларини ошириш имконини берган.