Sayt test rejimida ishlamoqda

Имамназаров Жахонгир Мухамедовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ислом молия тизими имкониятларидан Ўзбекистон иқтисодиётида фойдаланишнинг назарий асосларини такомиллаштириш», 08.00.01 – Иқтисодиёт назарияси (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Iqt856.
Илмий раҳбар: Тўхлиев Нурислом, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.01.2021.I.16.03.
Расмий оппонентлар: Мамбетжанов Қахрамон Қурбандурдиевич иқтисодиёт фанлари доктори; Асатуллаев Хуршид Суннатуллаевич иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон банк-молия академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ислом молия тизими имкониятларидан Ўзбекистон иқтисодиётида самарали фойдаланишнинг назарий асосларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
услубий ёндашувга кўра “ислом банк-молия муносабатлари” тушунчаси савдо ёки ҳамкорликка асосланган ва бизнес фаолиятнинг ажралмас қисми бўлган хатарларни томонлар ўртасида мутаносиб равишда тақсимланиши таъминланган муносабатлар мажмуи жиҳатидан такомиллаштирилган;
анъанавий ва ислом банк-молия тизимларига хос бўлган умумий ҳамда фарқли жиҳатлари илмий нуқтаи назардан асосланган ва ушбу икки тизимнинг Ўзбекистон шароитида параллел равишда (дуал тизим сифатида) инвестиция ва лизинг компаниялари орқали фаолият юритиш имкониятлари очиб берилган;
Ўзбекистоннинг амалдаги молия тизимида ислом молияси маҳсулот ва хизматларини нобанк молия ташкилотларида татбиқ қилиш ва улардан амалда фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги асосланган;
миллий иқтисодиётга жалб этилаёган ташқи ва ички инвестицияларни диверсификация қилишда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган инвестиция лойиҳалари, хусусан ислом лизинги – ижара молия маҳсулоти бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифи киритилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистоннинг амалдаги молия тизими доирасида ислом молияси восита ва маҳсулотларини татбиқ қилиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:
услубий ёндашувга кўра савдо ёки ҳамкорликка асосланган ва бизнес фаолиятнинг ажралмас қисми бўлган хатарларни томонлар ўртасида мутаносиб равишда тақсимланиши таъминланган муносабатлар мажмуи жиҳатидан такомиллаштирилган “ислом банк-молия муносабатлари” тушунчасининг таърифи Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан нашрга тавсия этилган “Иқтисодчилар учун фиқҳ” ўқув қўлланмасида акс эттирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 29 декабрдаги 02-06/9833-сон маълумотномаси). Ушбу илмий янгиликнинг амалиётга жорий этилиши ислом иқтисодиёти ва молияси йўналишида назарий билим олувчилар ва амалий фаолият юритувчилар учун ислом иқтисодиёти ҳамда банк-молия муносабатларининг моҳиятини тўлароқ ва чуқарроқ англашга имкон яратган;
анъанавий ва ислом банк-молия тизимларига хос бўлган умумий ҳамда фарқли жиҳатлари илмий нуқтаи назардан асосланган ва ушбу икки тизимнинг Ўзбекистон шароитида параллел равишда (дуал тизим сифатида) инвестиция ва лизинг компаниялари орқали фаолият юритиш имкониятларидан фойдаланиш таклифи АТБ “Asia Alliance Bank” томонидан ўз мижозларига ислом молия маҳсулотлари (муробаҳа, ижара ва мушорака)ни таклиф қилишни кўзда тутган “Express Finance Group Boshqaruv Kompaniyasi” инвестиция бошқарув компанияси фаолиятини ташкил этишда қўлланилган (АТБ “Asia Alliance Bank”нинг 2022 йил 21 декабрдаги 4545/10-02-сон маълумотномаси). Мазкур илмий янгиликнинг амалиётга жорий этилиши Ўзбекистоннинг анъанавий иқтисодий-молиявий тизими доирасида ислом иқтисодий муносабатларини йўлга қўйиш, хусусан инвестиция ва лизинг компаниялари орқали фаолият юритиш имкониятини асослаб берган;
Ўзбекистоннинг амалдаги анъанавий молия тизимида ислом молияси маҳсулот ва хизматларини нобанк молия ташкилотларида татбиқ қилиш ва улардан амалда фойдаланиш таклифи Ўзбекистон Республикасининг “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига доир чекловлар (6 модда)га аниқлиш киритиш ҳамда нобанк кредит ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган молиявий амалиётлар (хизматлар) рўйхатини белгилашда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 13 июндаги 05-10/1424-сон маълумотномаси). Бу илмий янгиликнинг амалиётга жорий этилиши аҳоли ва кичик бизнес вакилларига ислом молияси маҳсулот ва хизматларидан нобанк молия ташкилотлари ёрдамида фойдаланиш имконини берган;
миллий иқтисодиётга жалб этилаёган ташқи ва ички инвестицияларни диверсификация қилишда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган инвестиция лойиҳалари, хусусан ислом лизинги – ижара молия маҳсулоти бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш маркази томонидан янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 2022 йил 13 сентябрдаги 80-41-09398-сон маълумотномаси). Ушбу илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида аҳоли ва тадбиркорлар учун ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган бизнес лойиҳалар, хусусан ислом лизинги – ижара молия маҳсулоти бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда бундай лойиҳаларга ислом молия муассасаларидан инвестициялар жалб қилиш имконияти яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish