Зиямухамедова Муножот Миргиясовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тукли-баргли ханделия асосида яллиғланишга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг технологик жиҳатлари», 15.00.01–Дори технологияси (фармацевтика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Far8.
Илмий маслаҳатчи: Назарова Зарифа Алимджановна, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент фармацевтика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.27.06.2017.Far.32.01.
Расмий оппонентлар: Маматханов Ахматхон Умарханович, техника фанлари доктори, профессор; Юнусова Халида Маннановна, фармацевтика фанлари доктори, профессор; Худойбердиев Маъруф Обидович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида яллиғланишга қарши таъсирга эга бўлган тукли-баргли ханделия суюқ экстракти асосида гель, суртма ва паста дори турлари таркибини ишлаб чиқиш ва технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор тукли-баргли ханделия суюқ экстракти асосида олинган аппликацион дори турлари гель, суртма ва пасталарнинг таркиби аниқланган ва уларнинг тайёрлаш технологияси ишлаб чиқилган;
юмшоқ дори турлари (гель, суртма, паста)нинг структура-механик хоссалари: пластиклиги, структура – қовушқоқлиги ва механик таъсирлар натижасида дисперс системаларнинг суюлишга мойиллиги аниқланган ҳамда ушбу кўрсаткичлар юмшоқ дори турларини ишлаб чиқиш ва сақлашдаги сифатни баҳоловчи асосий назорат кўрсаткичлари эканлиги исботланган;
таркибида тукли-баргли ханделия суюқ экстракти сақловчи дори препаратларининг специфик фаоллиги ва безарарлиги аниқланган.
тукли-баргли ханделия суюқ экстракти, ханделия гели, ханделия суртмаси ва мураккаб таркибли стоматологик паста дори препаратлари учун сифат ва миқдорий кўрсаткичларни турғунлигини таъминловчи сақланиш шароитлари ва яроқлилик муддатлари аниқланган;
дори турларининг биофармацевтик хоссалари «in vitro» ва «in vivo» тажрибаларида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Оригинал дори препаратларининг таркиби ва технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Тукли-баргли ханделия суюқ экстракти» ва «Ханделия» суртмаси учун меъёрий ҳужжатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармасининг қарори билан тасдиқланган (ФМ 42 Уз-0922-2017; ФМ 42 Уз-0215-2017). Натижада олинган дори воситалари стоматологик ва яллиғланишга қарши дерматологик касалликларини самарали даволаш имконини берган;
«Тукли-баргли ханделия суюқ экстракти» ва «Ханделия суртмаси» Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармасида рўйхатга олинган (гувоҳнома, №003-06, 2006 й.; №07-11, 2011 й.). Мазкур меъёрий ҳужжатнинг тасдиқланиши маҳаллий хомашё асосида яратилган, иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлган дори воситаларини ишлаб чиқариш имконини беради;
Тукли-баргли ханделия суюқ экстракти, ханделия суртмаси ва ханделия гели дори препаратлари учун тажриба саноат ишлаб чиқариш регламенти ўрнатилган тартибда тасдиқланган (тасдиқланган сана:15.12.2016 й.; 29.12.2016 й.; 29.07.2017 й.). Ушбу меъёрий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши стоматологик ва дерматологик яллиғланишга қарши дори воситаларини ишлаб чиқишнинг норматив асосини яратишга хизмат қилган;
Тукли-баргли ханделия суюқ экстракти (буйруқ, №440 16.10.2016 й.) ва ханделия суртмаси (буйруқ, №313 19.11.2011 й.) Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт амалиётида кенг қўллашга рухсат берилганлиги учун уларни «Torimed Pharm» МЧЖ базасида серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Натижада тукли-баргли ханделия суюқ экстракти ва ханделия суртмасининг тайёрлаш технологиялари ўзлаштирилиб, дори препаратларини ишлаб чиқариш импортни қисқартириш имконини берган.