Курбанов Жахонгир Очиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Куб ва тригонал симметрияли кристалларда акустик тўлқинларнинг сўниш механизмлари ва акустик характеристикаларининг анизотропияси», 01.04.07 – конденсирланган ҳолат физикаси.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/FM683
Илмий раҳбар: Ахмеджанов Фархад Рашидович, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, DSc.02/30.12.2019.FM/T.33.01.
Расмий оппонетлар:
Бахрамов Сагдулла Абдуллаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Азаматов Закиржон Тахирович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: И.А. Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади куб ва тригонал симметрияли баъзи кристалларда акустик характеристикалар анизотропия қонуниятларини ҳамда акустик тўлқинларнинг сўниш механизмларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
биринчи марта барча нуқтавий симметрия гуруҳлари куб кристаллари учун мавҳум эластик модулларининг анизотропия коэффициенти киритилган ва бу литий ҳамда натрий фтор кристалларидаги акустик тўлқинларнинг сўниш коэффициенти ва анизотропиясини яхши тавсифлаши аниқланган;
куб кристалларида Грюнайзен тензори ва унинг таркибий қисмларини аниқлашга янги ёндашув таклиф этилган, унинг ёрдамида эффектив ангармониклик константаларининг фазовий дисперсияси аниқланган, бу эса ушбу кристаллардаги акустик тўлқинлар сўнишининг кучли анизотропиясини тушунтиради;
пьезоактив акустик тўлқинлар учун ниобат ва танталат литийнинг марказий симметрик бўлмаган кристалларида қиймати 30 %га етиши мумкин бўлган диэлектрик йўқотишларнинг сўнишга ҳиссасини ҳисобга олиш кераклиги кўрсатилган;
фазавий ўтиш минтақасида тартиб параметрининг флуктуацияси туфайли фазавий ўтиш ҳудудида танталат литий кристалларида бўйлама акустик тўлқинларнинг сўниш механизмлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Акустик тўлқинларнинг сўниши механизмларини ва кристаллардаги акустик хусусиятларнинг анизотропия қонуниятларини аниқлаш учун олинган натижаларга асосланиб:
барча нуқтавий симметрия гуруҳлари куб кристаллари учун мавҳум эластик модулларнинг киритилган анизотропия коэффициенти ЎзР ФА Материалшунослик институтида МРБ-AН-2019-17 “Қуёш элементлари учун кенг полосали композит акслантиришга қарши қопламаларни тадқиқ қилиш” (2019-2021) Ўзбекистон-Беларус лойиҳаси доирасида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2022 йил 8 августдаги 2/1255-1863-сонли хати). Илмий натижалардан фойдаланиш қуёш элементларининг самарадорлигини ошириш учун акслантиришга қарши қопламаларни танлаш имконини берган;
Грюнайзен тензори ва унинг куб кристалларидаги компонентларини аниқлаш учун таклиф этилган янги ёндашув ЎзР ФА Ядро физикаси институтида ОТ-Ф2-26 “Электронлар дастасида функционал нанотизимларнинг шаклланиш механизмлари” (2017-2019) фундаментал лойиҳаси доирасида литий фтор кристалларида атомларнинг ўртача квадратик силжиши, иссиқлик сиғими, самарали эластик доимийлари ва иссиқликдан кенгайиш коэффициентини ўрганишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 8 августдаги 2/1255-1862-сонли хати). Илмий натижалардан фойдаланиш литий фтор кристалларининг механик хусусиятларининг кучли анизотропия механизмини тушунтиришга имкон берган;
Танталат литий кристалларидаги бўйлама акустик тўлқинларни сегнетоэлектрик фазадан ўтиш минтақасида сўнишининг маълум механизмлари, энг кам акустик йўқотишларга эришилган кристалли товуш ўтказгичларнинг йўналишидаги аниқланган қонуниятлардан Материалшунослик институтида МРБ-AН-2019-17 “Қуёш элеметлари учун кенг полосали композит акс эттирувчи қопламаларни тадқиқ этиш” (2019-2021) Ўзбекистон-Беларус лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 8 августдаги 2/1255-1863-сонли хати). Илмий натижалардан фойдаланиш ёритилиш коэффициентини ошириш учун ушбу кристалларнинг амалий бўлимларини танлаш мезонини аниқлаш имконини берган.