Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўраев Қувончбек Тагировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда диний туризмни ривожлантиришнинг ижтимоий-географик асослари», 11.00.02 - Иқтисодий ва ижтимоий география (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Gr65.
Илмий раҳбар: Қурбонов Шухрат Бекметович, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/30.12.2021.Gr.02.07.
Расмий оппонентлар: Турдимамбетов Изимбет Рахметович, география фанлари доктори; Мaҳмудов Муҳaммaдиcмоил Мухитдинович, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда диний туризмни ривожлантиришнинг ижтимоий географик асосларини ишлаб чиқиш ва республика ҳудудларидаги туризмнинг мазкур йўналишини ривожлантириш имкониятлардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
туризм турларининг кўп мезонли (мақсади, объекти, давомийлиги, мавсумийлиги, ижтимоий мақоми ва бошқа белгиларга кўра) классификацияси таклиф қилинган, диний ва зиёрат туризмининг ундаги ўрни ва уларнинг ўзаро муносабатлари аниқланган; 
Ўзбекистондаги диний туристик объектларнинг кўп поғонали (ижтимоий-маданий ва ижтимоий-табиий йўналишлардаги) классификацияси ишлаб чиқилган;
Ўзбекистоннинг 6 та асосий иқтисодий райони (Тошкент, Фарғона, Мирзачўл, Зарафшон, Жанубий ва Қуйи Амударё) кесимида ички зиёрат туризми ҳамда республикамиз ва қўшни давлатлар ҳудудини қамраб оладиган трансчегаравий зиёрат туризми халқа маршрутлари, уларнинг намунавий дастурлари кўп вариантли (бошланғич пунктлари бўйича) кўринишда ишлаб чиқилган ва тегишли мазмундаги туркум хариталари яратилган;
диний туристик объектлар жойлашган аҳоли пунктларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳоли бандлигига зиёрат туризмининг занжирсимон таъсири ҳамда уни белгилаб берувчи ижтимоий географик омиллар (транспорт географик ўрин, йирик шаҳарларга яқинлиги, бошқа туристик объектлар билан бирикиши, ҳудуднинг аҳоли сони ва зичлиги) назарий жиҳатдан асосланган;
Ўзбекистон ва хорижий давлатларда яшовчи ўзга дин (исломдан ташқари, хусусан, Рус православ черкови, буддизм, яҳудийлик) вакиллари учун республика ҳудудидаги диний туристик ресурслар аниқланган ва “Ўзбекистон диний бағрикенглик макони” туристик бренди остида тегишли диний туристик маршрутлар ишлаб чиқилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда диний туризмни ривожлантиришнинг ижтимоий географик асосларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
таклиф қилинган туризм турларининг кўп мезонли (мақсади, объекти, давомийлиги, мавсумийлиги, ижтимоий мақоми ва бошқа белгиларга кўра) классификацияси, диний ва зиёрат туризми турларнинг ундаги ўрни ва уларнинг ўзаро муносабатларини аниқлаштириш юзасидан олинган хулосаларЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2021 йил 11 сентябрдаги №740/21-сон маълумотномаси). Натижада, туризм атамашунослиги йўналишида туризм турлари ва йўналишлари, туризм объектлари ва зиёрат турларини мақсадга кўра таснифлаш имконини берган;
иқтисодий районлар кесимида кўп вариантли кўринишда ишлаб чиқилган ички зиёрат туризми халқа маршрутлари ва уларнинг намунавий дастурлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги амалиётида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил 30 сентябрдаги 3-17-02/7381-сон маълумотномаси). Натижада, зиёрат саёҳатларини ташкил этиш билан шуғулланувчи туроператорлар фаолиятини ривожлантиришга, жойларда янги зиёрат туризми маршрутларини йўлга қўйиш имкониятлари яратилган;
республикамиз ва қўшни давлатлар ҳудудини қамраб оладиган трансчегаравий зиёрат туризми халқа маршрутлари, уларнинг намунавий дастурларидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги амалиётида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил 30 сентябрдаги 03-17-02/7381-сон маълумотномаси). Натижада, халқаро туризм йўналишида ишлаётган туроператорлар фаолиятини Марказий Осиё давлатлари бўйлаб ўтган зиёрат туризми маршрутлари ҳисобига янада диверсификациялаш имконини берган;
диний туристик объектлар жойлашган аҳоли пунктларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳоли бандлигига зиёрат туризмининг занжирсимон таъсири ва уни белгилаб берувчи ижтимоий географик омиллар (транспорт географик ўрин, йирик шаҳарларга яқинлиги, бошқа туристик объектлар билан бирикиши, ҳудуднинг аҳоли сони ва зичлиги)га оид назарий хулосалардан Сурхондарё вилоятидаги “Алоуддин Аттор”, “Мавлоно Муҳаммад Зоҳид”, Қашқадарё вилоятидаги “Дарвеш Муҳаммад Вахшиворий” зиёратгоҳлар атрофидаги ҳудудларда зиёратчиларга хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ҳудудий мажмуаларини ташкил этишни режалаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил 30 сентябрдаги 03-17-02/7381-сон маълумотномаси). Натижада, маҳаллий аҳолининг бандлиги ва ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишга амалий имкониятлар яратилган;
Ўзбекистон ва хорижий давлатларда яшовчи ўзга дин (исломдан ташқари, хусусан, Рус православ черкови, буддизм, яҳудийлик) вакиллари учун республика ҳудудида тадқиқотчи томонидан аниқланган диний туристик ресурслар асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон диний бағрикенглик макони” туристик бренди остидаги диний туристик маршрутлар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил 30 сентябрдаги 03-17-02/7381-сон маълумотномаси). Натижада, республикада янги “Ўзбекистон диний бағрикенглик макони” туристик бренди остидаги диний туристик маршрутларини шакллантиришга имконият яратилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish