Sayt test rejimida ishlamoqda

Исроилов Шухрат Юлдашовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Марказий нерв тизимида қўзғалишнинг тарқалиш регуляторикасини математик моделлаштириш», 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Т2086.
Илмий раҳбар: Хидирова Моҳинисо Бахромовна, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.T.142.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедиева Дилдора Кабиловна, техника фанлари доктори; Палванов Бозорбой Юсупович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади марказий нерв тизими фаолияти регулятор механизмларини тадқиқ қилиш учун математик модель, сонли ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурлар мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
марказий нерв тизими ва ҳаётий муҳим органлар ўзаро боғлиқ фаолиятини ҳамда биологик қайта алоқа механизмларини инобатга олувчи биологик схема ишлаб чиқилган;
биологик схема асосида марказий нерв тизими ва ҳаётий муҳм органлар ўзаро боғлиқ фаолияти регуляторикаси учун кечикувчи аргументли функционал-дифференциал тенгламалар тизимидан иборат математик модели ишлаб чиқилган;
митотик бўлинишни амалга оширадиган глиал ҳужайранинг функционал ҳолати регуляторикаси асосида марказий нерв тизими бирламчи ўсимтаси пайдо бўлиши ва ривожланиши регулятор механизмларини тадқиқ қилиш математик модели ишлаб чиқилган; 
марказий нерв тизими ва ҳаётий муҳим органлар ўзаро боғлиқ фаолияти регулятор механизмларининг норма ва патологик ҳолатлари, динамик хаос соҳасидаги 
«r-windows» ҳамда «қора ўрама» соҳасини аниқлаш масаласини ечиш учун сонли ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурлар мажмуаси ишлаб чиқилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Марказий нерв тизими  регуляторикасини норма ва патология ҳолатларда тадқиқ қилиш учун ишлаб чиқилган математик модель, сонли ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий воситаларни амалда жорий этилиш натижалари:
марказий нерв тизими ва асосий ҳаётий органлар ўзаро боғлиқ фаолиятида нормал ва патологик ҳолатларни сонли таҳлил қилиш дастурий воситаси Самарқанд давлат тиббиёт иниститутининг 1- клиникасида жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 7 июндаги 33-8/3505-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаси марказий нерв тизими ва асосий ҳаётий органлар ўзаро боғлиқ фаолиятида нормал ва патологик ҳолатларни олдиндан башорат қилиш ва ташхис қўйиш имконини берган; 
марказий нерв тизими ва асосий ҳаётий муҳим органлар ўзаро боғлиқ фаолиятини норма ва патологик ҳолатларда тадқиқ қилган ҳолда динамик хаос ва «r-windows»лар мавжудлигини аниқлаш дастурий воситаси “SHUKRONA MED CLINIC” тиббий- диагностика ва даволаш марказида жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 7 июндаги 33-8/3505-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида марказий нерв тизими ва асосий ҳаётий  муҳим органлар ўзаро боғлиқ фаолиятида кузатилиши мумкин бўлган касалликларнинг турли патологик ҳолатларини олдиндан башорат қилиш вақтини 1.5-2 марта қисқартириш ҳисобига эрта ташхис қўйиш имконини берган;
марказий нерв тизими бирламчи ўсимталарининг пайдо бўлиши ва ривожланишини эрта ва тез аниқлаш, глиома касаллигининг патологик ҳолатини баҳолаш дастурий воситаси «SHABNAM SHIFO-YOG’DUSI» МЧЖ хусусий клиникасида жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 7 июндаги 33-8/3505-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида марказий нерв тизими ҳужайраларининг тартибсиз бўлиниши  натижасида пайдо бўладиган глиома касаллигига эрта ташхис қўйиш самарадорлигини 4-6% га ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish