Sayt test rejimida ishlamoqda

Бабақулов Юнус Файзуллаевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XXI аср ўзбек романларида инсон руҳияти талқини”, 10.00.07 – Адабиёт назарияси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Fil1187.
Илмий раҳбар: Мелиев Сувон, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар  университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Dsc. 02/30.12.2019. Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович, филология фанлари доктори, профессор, Муродов Ғайрат Некмуродович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади XXI аср ўзбек романларида инсон руҳияти талқинининг моҳияти бадиий психологизмнинг намоён принциплари ёзувчиларнинг адабиий анъанага ижодий ёндашуви восита ва усулларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
жаҳон ва ўзбек адабиётшунослигида инсон руҳияти тасвири, ижодкорнинг психологик таҳлил ва тасвир маҳорати аниқланиб, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад ва Назар Эшонқул романларидаги бадиий психологизмни юзага чиқарувчи психологик тасвир воситалари, поэтик ва психологик усуллар, рамз ва метафора, ижодий индивидуаллик, бадиий шакл ва услубнинг ўзига хослиги далилланган;
янги аср ўзбек романчилигидаги ноанъанавий ўхшатиш (ички ва ташқи), белги, шакл, истиора (ёпиқ, очиқ) каби бадиий усулларнинг метафорик табиати, рамзийлик ва бадиий шартлилик билан уйғунликда қаҳрамон характерининг миллийлик ва умуминсонийлик қирралари очиб берилган;
замонавий ўзбек романларида инсон маънавий-психологик ҳаётини тасвирлашдаги образ, характер, портрет, табиат тасвири, руҳий конфликт ва коллизиянинг синтезлашган усуллари, қаҳрамонлар руҳиятидаги ички динамика ва психологик зўриқиш каби адабий тушунчалар аниқланган;
совет даври мафкурасининг инсон руҳиятига таъзйиқ, маънавий изтироблар натижасида қаҳрамон руҳиятида содир бўлган зиддиятлар, адабий қаҳрамон руҳияти муаммоси, инсон психологиясининг турли-туман эврилишлари, жамият ва инсон ўртасидаги конфликтли муносабатлар замон ва макондаги синкретик ҳолати исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XXI аср ўзбек романларида инсон руҳияти талқини тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Н.Эшонқулнинг “Гўр ўғли ёхуд ҳаёт суви”, Х.Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф”, А.Аъзамнинг “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” сингари романларини психологик, неомифологик, биографик ёндашув ва қиёсий-типологик метод асосида текшириш натижасида Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад ва Назар Эшонқулнинг биографик метод асосида образлар психологиясини ёритиш, инсон характеридаги миллийлик ва умуминсонийлик қирраларини очиш ва руҳият манзараларини мифологик мотив асосида акс эттириш маҳоратига доир илмий хулосалардан ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида ФА-Ф1-ОО5 рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” (2017–2020 й.й.)  мавзусидаги фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 12 ноябрдаги 344/1-сон маълумотномаси). Натижада адабиёт назарияси ва адабиётшунослик фанлари кесимида психологизм, руҳий конфликт ва неомифологик қарашларни илмий-назарий асослашга хизмат қилган;
 жаҳон ва ўзбек адабиётшунослиги контекстида психологизм, психологик таҳлил, психологик тасвир маҳорати масаласини ўрганиш; собиқ совет тузумида давр мафкураси тазйиқининг инсон руҳиятига таъсири, маънавий изтироблар ҳолатида қаҳрамон руҳиятида юзага келган зиддиятлар таҳлилига оид илмий-назарий хулосалардан  “Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштириш”га доир маданий-маърифий тадбирлар дастурини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 7 октябрдаги 01-12-14-3754-сон маълумотномаси). Натижада жамиятда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурининг такомили бўйича тавсифий маълумотлар кенгайтирилган;
ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг муҳим хусусиятлари – адабий алоқаларнинг таъсир ва акстаъсир, маданиятлараро тўқнашув, биографик метод тамойиллари, замон ва маконда қаҳрамоннинг ботиний ва зоҳирий мутаносиблигини бадиий-концептуал яхлитликда илмий-назарий жиҳатдан асослашга доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг жаҳон адабиёти дурдона асарларининг илмий тадқиқи билан боғлиқ муаммоларига оид маълумотларни бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 18 февралдаги 01-03-/242-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарларининг илмий-назарий таҳлили ва тадқиқи билан боғлиқ масалалар ечими доираси кенгайтирилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish