Sayt test rejimida ishlamoqda

Нарзиева Маъмура Норпулатовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бадиий қиёфа ва манзара яратишнинг адабий-поэтик тадқиқи (Абдулла Орипов шеърияти мисолида)”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Fil1576.
Илмий раҳбар: Йўлдошев Бойназар, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Каримов Баҳодир Нурметович, филология фанлари доктори, профессор; Ҳамроев Жумақул, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Абдулла Ориповнинг поэтик манзара ва бадиий қиёфа яратиш маҳорати, уларнинг шоир асарларида воқеланиши, қонуниятлари ҳамда бадиий-эстетик таъсирчанликни таъминлашдаги вазифасини илмий-назарий жиҳатдан очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Абдулла Орипов лирикасида бадиий характер яратишда деҳқон, дорбоз каби миллий ҳамда ота, аёл, гўдак сингари умуминсоний портретлар поэтик тасвирда бадиий-эстетик вазифа бажарувчи портрет-пейзаж, портрет-деталь, психологик портрет каби категориялар орқали ифодалангани аниқланган; 
ижодкор шеъриятида пейзажнинг соф табиат лавҳалари, фалсафий образ, руҳий кайфиятни ифодалаш каби вазифаларда қўлланилганлиги далилланган;
шоирнинг инсон бадиий қиёфасини яратишда мимика, имо-ишора, кулги, кўзёш, умр ёши, овоз, ранг каби портрет фрагментларидан фойдаланганлиги исботланган;
ижодкор маҳорати бадиий қиёфа ва манзара яратишдаги темир одам, номаълум одам, лўттибоз каби оддий инсонлар, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Шароф Рашидов сингари тарихий шахслар қиёфаси ҳамда табиат, йил фасллари ва истиқлол манзаралари орқали ёритилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Абдулла Орипов асарларида бадиий қиёфа ва манзара яратишнинг адабий тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида: 
Абдулла Орипов лирикасида бадиий характер яратишда миллий ва умуминсоний портретларнинг ўрни поэтик тасвирда бадиий-эстетик вазифа бажарувчи портрет-пейзаж, портрет-деталь, психологик портрет каби категориялар орқали ифодаланганига оид хулосалардан ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида 2017-2020 йилларда бажарилган ФA-Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг фольклоршунослик қисмини бажаришда фойдаланилган (ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2021 йил 16 октябрдаги 17-01-254-сон маълумотномаси). Натижада миллий ва умуминсоний портретлар, портрет-пейзаж, портрет-деталь, психологик портрет каби категорияларни яратишда халқона оҳангларнинг бадиий-эстетик қиммати ва унинг аҳамиятини кўрсатишга эришилган;
шоирнинг инсон бадиий қиёфасини яратишда мимика, имо-ишора, кулги, кўзёш, умр ёши, овоз, ранг каби портрет фрагментларидан  фойдаланганлиги каби хулосалардан ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-ГОО2 “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг адабий жанрлар қисмини бажаришда фойдаланилган (ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2021 йил 22 ноябрдаги 17-01-255-сон маълумотномаси). Натижада поэтик жанрларда портрет ва бадиий қиёфанинг ўзига хос жиҳатларига оид хулосалар илмий-назарий далиллар орқали исботланишига хизмат қилган;
ижодкор шеъриятида пейзажнинг соф табиат лавҳалари, фалсафий образ, руҳий кайфиятни ифодалаш каби вазифаларда қўлланилганлигига оид илмий хулосалар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маdaniyat va ma’rifat” телеканали ижодкорлари томонидан тайёрланадиган “Адабий жараён” ва “Тадқиқот” кўрсатувлари учун методологик асос бўлиб хизмат қилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали давлат муассасасининг 2021 йил 13 сентябрдаги 01-16/165-сон маълумотномаси). Натижада мазкур хулосалар кўрсатувларда поэтик пейзаж ва манзаранинг адабий поэтик талқинини кенг ёритиш имконини берган;
Абдулла Ориповнинг бадиий қиёфа ва манзара яратишдаги маҳорати замонавий ўзбек шеъриятидаги етакчи тамойилларга боғлиқ ҳолда ўрганилган ўринлардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Онажоним шеърият” тўгараги маърузаларида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 13 сентябрдаги 01-03/1073-сон маълумотномаси). Натижада бадиий қиёфа, манзара тушунчаларининг мазмун-моҳияти ёритилиб, Абдулла Орипов шеъриятининг инсон маънавиятини бойитишдаги ўрнини кўрсатишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish