Sayt test rejimida ishlamoqda

Арипов Дилшод Уринбаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Суд ҳокимияти мустақиллигини ташкилий-ҳуқуқий такомиллаштиришнинг замонавий тенденциялари”, 12.00.07 - Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.DSc/Yu98.
Илмий маслаҳатчи: Рўзиназаров Шуҳрат Нуралиевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, DSc.31/31.12.2020.Yu.67.01.
Расмий оппонентлар: Тухташева Умида Абдиловна, юридик фанлар доктори, профессор; Суюнова Дилбар Жолдасбаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Саидгазиева Нилуфар Шерзодовна, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш ҳамда уларни тадбиқ этиш самарадорлигини ошириш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
судьялар ҳамжамияти ва судьялар ҳамжамияти органлари тушунчаларига муаллифлик таърифи берилиб, Судьялар олий кенгашининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур ахборот, ҳужжат ва материалларни сўраб олиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурияти асослаб берилган;
судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларнинг муносиблигини аниқлаш учун Судьялар олий кенгашининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан тегишли ахборотларни сўраш мажбуриятини бекор қилиб, зарур ҳолларда ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлиги асослантирилган;
суд тизимида коррупцияни олдини олиш мақсадида судьяларни навбатдаги муддатга тайинлашнинг аниқ муддати ва тартибини белгилаш зарурияти асослантирилган;
судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловга аралашганлик ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан прокуратура органларига киритилган тақдимнома процессуал тартибда кўриб чиқилиши, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фақат судьяларнинг малака ҳайъатлари розилиги билан чақирилишига йўл қўйилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолатлари ҳақида Кенгаш раиси томонидан ҳар йили Давлат раҳбарига ахборот тақдим этиб бориш тартибини жорий қилиш зарурлиги асослаб берилган;
Судьялар олий кенгашида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини ҳамда судьяликка номзодлардан малака имтиҳонини қабул қилиш бўйича Имтиҳон комиссиясини тузиш, комиссия қарорлари устидан Кенгашга шикоят қилиш тартибини белгилаш бўйича таклифлар асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Судьялар олий кенгашининг давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборотни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олиши ҳуқуқига эга бўлиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-566-сон Қонунининг 12-моддаси 2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилиб, ушбу таклиф “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси 31-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 16 ноябрдаги 06/1-05/3007-1-сон далолатномаси). Мазкур таклиф Судьялар олий кенгаши ваколатларини янада кенгайтириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
Судьялар олий кенгашининг судьялик лавозимига номзодларнинг муносиблигини аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан зарур ахборотларни сўраб олиш ҳуқуқига эгалиги, Кенгашнинг сўровларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатига оид талабларни белгилаш таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сон Қонунининг 12-моддаси 5-бандига асосан “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси биринчи қисмини янги таҳрирда ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 16 ноябрдаги 06/1-05/3007-1-сон далолатномаси). Ушбу таклиф судьяларни лавозимга тайинлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хулосасини олиш шартлиги ҳақидаги қоидани бекор қилиб, судьяларни тайинлашда Кенгашнинг мустақил фаолият юритишини кафолатлашга имкон яратган;
янги ваколат муддатига ўз номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья ваколатлари муддати тугашига камида олти ой қолганда аризани ва зарур ҳужжатларни тегишли судьяларнинг малака ҳайъатига бериши, судьянинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин Кенгаш уч ой ичида номзоднинг судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиши кераклиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сон Қонунининг 12-моддаси 8-бандига асосан “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунига янги модда сифатида киритилган 241-модданинг 1- ва 5-қисмларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 16 ноябрдаги 06/1-05/3007-1-сон далолатномаси). Мазкур таклиф судьяларни навбатдаги муддатга тайинлашда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, судьяларнинг Кенгаш олдидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилган;
судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилиши, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилишига оид таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сон Фармони 3-бандининг иккинчи-тўртинчи хатбошиларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 9 сентябрдаги 527-21-сон далолатномаси). Мазкур таклиф Кенгаш томонидан киритиладиган тақдимномаларни процессуал тартибда кўриб чиқилиши тартибининг жорий қилинишига, судьялар дахлсизлигини кучайтиришга ҳамда Кенгашнинг судьялар мустақиллигини таъминлашдаги ролини оширишга имкон яратган;
судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш ҳамда Кенгаш ҳузурида Имтиҳон комиссияси тузиш ва унинг қарорлари устидан Кенгашга шикоят қилиш тартибини белгилаш ҳақидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сон Фармони 4-бандининг 3- хатбошиси ва 7-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 9 сентябрдаги 527-21-сон далолатномаси). Ушбу таклиф суд тизимида коррупцияга қарши курашувчи махсус тузилмани ташкил этишга ҳамда судьяликка номзодларни шаффоф тарзда танлаш тартибини жорий қилишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish