Рустамов Рахматали Мурадовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Замонавий қишлоқ хўжалиги машиналарига ҳудудий фирмавий техник сервис кўрсатиш тизимини такомиллаштириш», 05.07.02–Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини ишлатиш, тиклаш ва таъмирлаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т60.
Илмий маслаҳатчи: Тошболтаев Махамад Тожалиевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSc.27.06.2017.Т.10.01.
Расмий оппонентлар: Нуриев Карим Катибович, техника фанлари доктори, профессор; Шарипов Қўнғирот Авезимбетович, техника фанлари доктори, профессор; Шообидов Шорахмат Асқарович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «Ўзагросервис» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: замонавий қишлоқ хўжалиги машиналарига ҳудудий фирмавий техник сервис кўрсатиш тизими тузилмаларини такомиллаштиришга доир илмий ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мураккаб қишлоқ хўжалиги машиналарига ҳудудий фирмавий техник сервис кўрсатиш тизими янги фирмавий техник сервис пунктларини 36-40 км радиуслари бўйича жойлаштириш асосида такомиллаштирилган;
«Фирма–ижрочи–буюртмачи» тизими векторларини бошқаришнинг мазкур тизим самарадорлигини оширишни таъминлайдиган техникавий, технологик ва иқтисодий манбалари асосланган;
фирмавий техник сервис тизимининг структуравий параметрлари ва самара кўрсаткичларини, шу жумладан ҳайдов ва чигит экиш агрегатлари, ғалла комбайнлари иш жараёнларининг тасодифий моментларида юзага келадиган (тизимга кираётган) талаблар оқимининг кўчма устахонанинг юк-ланиши ва хизмат кўрсатиш интенсивлиги каби параметрлари қийматларига таъсир этадиган стационарлик ва ординарлик хоссалари, уларнинг экспоненциал ва нормал тақсимот қонунлари бўйича ўзгариши асосланган;
машиналарда бир бирлик вақт ичида содир бўлган носозликларнинг математик кутилиши, битта носозликка кўчма устахона томонидан ўртача хизмат кўрсатиш давомийлиги, носоз машиналарга хизмат кўрсатишда кўчма устахонанинг рационал юкланиш коэффициенти, далада тузатилишини кутаётган машиналардан ташкил топган навбатнинг узунлиги, битта машинани тузатилишини кутиб, далада тўхтаб қолган ўртача вақтини аниқлаш ва уларнинг турли хусусий ҳолларга мос сон қийматларини ҳисоб-лаш имкониятларини берадиган аналитик боғланишлар ишлаб чиқилган;
таклиф этилган фирмавий техник сервис пунктлари самарадорлигининг асосий мезони бўлган тизимдан чиқаётган талаблар (тузатишлар) оқимининг рационал қийматлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Замонавий қишлоқ хўжалиги машиналарига ҳудудий фирмавий техник сервис кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича олинган натижалари асосида:
республика вилоятлари кесимида қишлоқ хўжалиги машиналарига фирмавий техник сервис кўрсатишни ҳудудий структурали тизим асосида ташкил этишга доир илмий натижалар «Ўзагромашсервис» уюшмасида жорий қилинган (2016 йил 12 сентябрдаги 02/12-2016-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижасида сервис марказларидан узоқда жойлашган туманларда янги фирмавий техник сервис пунктларни ташкил қилиш ҳисобига носоз машиналарни тузатиш вақтини 2,6 мартага қисқартириш имкони яратилган;
вилоят сервис марказларидан узоқ туманлардаги машина-трактор парклари негизида қўшимча фирмавий техник сервис пунктини ташкил этиш бўйича асосланган параметрлар «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ тизимидаги «Ўзагросервис» уюшмаси «ЎзКейссервис» қўшма корхонасининг Наманган ва Бухоро Сервис марказларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 31 июлдаги 02/23-410-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижасида битта комбайндаги битта носозликни тузатишга сарфланган ўртача вақтнинг 2,57 соат ёки 62 фоизга қисқартириш имкони яратилган;
тадқиқот натижаларидан КАЗ-014 «Олд етакчи кўприкли юқори маневрли пахтачилик чопиқ тракторига ягона универсал рама асосида кенг қамровли ресурстежамкор қишлоқ хўжалик машиналарининг агрегатланишини тадқиқ этиш, параметрларини асослаш ва агротехник кўрсаткичларини аниқлаш» мавзуидаги илмий-амалий лойиҳада (2012-2014 йй.) экиш чуқурлиги, ўрта ва ёндош қаторлар орасининг кенглиги ҳамда агрегат ўтгандан сўнг ҳимоя зонаси, ишлов бериш чуқурлиги, бегона ўтларнинг йўқотилиши ва тупроқни уваланиш даражаларининг эҳтимолий-статистик характеристикаларининг сон қийматларини аниқлашда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 15 февралдаги ФТК 0313/160-сонли маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши қишлоқ хўжалиги агрегатларининг танланган конструктив ва технологик параметрларини тўғрилигини текшириш имконини берган.