Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдулаҳатов Нодиржон Ураимовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошлари Марғилон муҳитидаги диний ва агиографик манбалар тадқиқи”, 24.00.01 – ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/Isl27.
Илмий маслаҳатчи: Остонақулов Икромиддин, тарих фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.IsI./Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Бабаджонов Бахтиёр Мираимович, тарих фанлари доктори, профессор; Шодмонова Санобар Бозорбаевна, тарих фанлари доктори, профессор; Яёи Кавахара, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX аср иккинчи ярми – ХХ аср бошлари Марғилон муҳитида диний ва агиографик манбаларнинг минтақа тарихини ёритишдаги аҳамиятини асослаб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XIX асрда Чор Россиясининг сиёсий бошқарув шароитида Марғилон уламолари аҳолининг анъанавий  қадриятларини сақлаб қолиш мақсадида жамиятда авж олаётган носоғлом муҳитга нисбатан танқидий муносабат билдиргани Ҳазин (حزين), Рожий (راجي), Нозик (نازك), Ваҳмий (وهمي), Фаҳмий (فهمي), Фазлий (فضلي), Бекий (بيكي), Мозорий (مازاري), Мўминжон Ҳаким (مؤمنجان حكيم), Ғолиб (غالب) тахаллусли ўн нафар Марғилон олимлари мисолида очиб берилган;
Муҳаммад Али Хўжа Марғилонийнинг тарихни кейинги авлодларга етказиш ҳамда шажаранавислик анъанасининг XIX асргача сақлаб қолишдаги саъйи ҳаракатлари натижасида - “Силсилаи нисбати машойих” (سلسلئ نسبتى مشايح) ва “Шажаранома” (شجرناما) номли агиографик асарлар ёзилгани ҳамда уларда Мовароуннаҳр ҳудудида алломаларнинг минтақа давлатлари ички ва ташқи сиёсатига бевосита таъсири борасида ҳам муҳим маълумотлар берилгани аниқланган;
“Равзат ул-ансоб” روضة الأنساب маноқиби Марғилон саййидлари Убайдуллахон, Подшоҳхон тўра, Валихон тўранинг генеалогияси ҳақида маълумотлар бериш билан бирга XIX асрнинг иккинчи ярмида Марғилон шаҳрининг топономикаси, минтақада нақшбандия тариқати мутасаввуфларининг фаолиятини ўрганишда муҳим агиографик манба эканлиги кўрсатиб берилган;
Чор Россияси томонидан тасис этилган “казийские суды” – қозилик суд тизими маҳаллий ҳаёт талабларидан узоқлиги сабабли анъанавий қозилик маҳкамалари шаъни ва обрўсини тўкишга ҳаракат қилгани Хўжажон Рожий Марғинонийнинг Фарғона водийсидаги 200 дан ортиқ шахслар ва 100 дан ортиқ иншоотларга бағишлаб, абжад усулида ёзган (تأريخ) тарих-хронограммалари асосида исботланган;
Чор Россияси мустамлакаси даврида Марғилон аҳолисиинг таомланиш, кийим-кечак, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги транформацион ўзгаришларга муносабати ва юзага келган салбий ҳолатлардан сақланишнинг йўллари Ваҳмий Марғинонийнинг “Саййид Жаъфар Ғозий” жангномаси (ﺳﻴﺪ ﺠﻌﻔﺮﻏﺎﺰﻯ) ва Фаҳмий Марғинонийнинг “Юсуф ва Зулайҳо” (يوسف وﺰﻠﻴﺤﺎ) номли достонларидаги Марғилон халқининг ўзига хос менталитетига берилган таърифларда акс этганлиги аниқланган;
Чор Россияси томонидан ҳудудда Қуръон тафсири таълими таъқиқланишига қарамай Марғилон уламолари илоҳий калом мазмунини, “Ашъор таълимот адаб Нозик” (اشعار تعليمات أدب نازك), “Фатҳул вадуд аъла шарҳил мавлуд” (فتح الودود على شرح المولود) сингари 100 дан ортиқ манзума (ﻤﻆﻮﻤﻪ), қасида (ﻘﺳﻴﺪﻩ) ва панднома (پندنامه) асарларига сингдириб, сақлаб қолгани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XIX аср иккинчи ярми – ХХ аср бошлари Марғилон муҳитида диний ва агиографик манбалар бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида:
Марғилон уламоларининг диний-маърифий меросини тадқиқ этишдаги назарий хулосалардан  Япониянинг “Toyota”, Германиянинг “Gerda Xenkel” фонди грантлари буюртмаси асосида “Синьцзян ва Фарғонада топилган мозор ҳужжатлари”, “Муҳаммад Юсуф Ҳазин – Хонақохий ҳазрат”, “Хўжажон хожа Рожий Марғиноний”, “Абдусамад Қоил Марғилоний” туркумида китоблар тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг 2022 йил 26 апрелдаги 322/22-сон маълумотномаси). Натижада, агиографияга оид манбаларни жамиятга етказишнинг назарий-методологик усуллари билан бирга, Марғилоннинг ижтимоий-сиёсий тарихига оид тадқиқотларда фойдаланишда муҳим аҳамият касб этишига хизмат қилган;
XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида фаолият олиб борган Рожий, Ҳазин, Абдусамад Қоил, Мўминжон Ҳаким каби Марғилон уламолари маноқиб ва  хотиралари ҳамда хорижлик сайёҳларнинг Россия ва Европада босилган саёҳатномаларида акс этган аҳолининг руҳий ҳолати, замонга муносабати, маънавий кураши, юрт тинчлиги учун мустамлакачилар билан олиб борган муроса маданияти ёритилиб, ундан ҳозирги ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, муттаасибликка қарши курашда фойдаланиш мумкинлиги исботлаб берилгани хусусидаги илмий хулосалардан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг буюртмаси асосида чоп этилган “Марғилон алломалари” туркумидаги китобларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 12 майдаги 02-03/3699-сон маълумотномаси). Натижада,  ўсиб келаётган ёш авлодни қадриятларга ҳурмат руҳида муносиб тарбиялашда намуна бўлиб хизмат қилган;
Марғилон уламоларининг маърифатпарварлик фаолияти, замонга муносабати, мустамлака бошқарув сиёсатига қарши ҳажв йўли воситада миллий ғурур, диний эътиқодни сақлаб қолиш йўлидаги ғоявий кураши, юрт тинчлиги учун мустамлакачилар билан олиб борган муроса маданиятига доир хулосалардан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг буюртмаси асосидаги “Ўрта аср Шарқ алломалари” энциклопедиясини тайёрлашда фойдаланилган (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2020 йил 23 сентябрдаги 02/273-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларнинг илмга бўлган рағбатини ошириш билан бирга аҳолининг ўз халқи тарихини англаши, Марғилонда яшаб ўтган уламолар, азиз-авлиёларнинг ибратли ҳаётини ўрганишларига ёрдам берган;
ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида фаолият олиб борган Марғилон уламоларининг миллий-диний камситишларга қарши курашлари, уларни хутбаларда император номини ўқишга қарши чиқишларида, халқни маънавий инқироздан сақлаб қолиш борасида амалга оширган ҳаракатларига оид хулосалардан Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказининг буюртмаси асосида тайёрланган “Марғилон ҳокимлари” китобида фойдаланилган (Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказининг 2022 йил 9 апрелдаги 01-07 / 39 сон маълумотномаси). Натижада, Марғилонда фаолият олиб борган Термизий саййидларига оид ёрликлар ва Термизий саййидларнинг Қўқон хонлиги ва Чор Россия давридаги фаолияти илк бор илмий жиҳатдан ўрганишга хизмат қилган;  
Марғилон уламолари томонидан яратилган 100 дан ортиқ ирфоний адабиёт, агиографик асарлар, марсиялар, хотиралар минтақанинг ислом тарихи ва манбашунослигини ўрганишдаги аҳамиятини тарғиб қилиш мақсадида (грант №20/11) “Боқий мерос” грант лойиҳаси” ни шакллантиришда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 2021 йил 9 сентябрдаги 01/-25-22-сон маълумотномаси). Натижада, аждодларимиз маънавий меросининг ибратли жиҳатлари,  хусусан, аждодлар йўлига содиқлик, маърифатпарварлик, саховатпешалик, меҳнатсеварлик ва ўзаро муносабатларда қўлланган юксак ахлоқий меъёрлар замонамиз ёшларининг ижтимоий фаоллигини ошириш омилларидан бири сифатида хизмат қилган;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг “Мавзу” ва “Буюк юрт алломалари” номли кўрсатувларида Муҳаммад Юсуф Ҳазин Марғиноний, Рожий Марғиноний, Абдулқодир Махдум Нозик, Ваҳмий Марғиноний, Фаҳмий Марғиноний, Ғолиб Марғилоний, Мўминжон Ҳаким Марғилоний мероси тўғрисида тизимли кўрсатувлар сценарийларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 19 майдаги 02-40-775-сон маълумотномаси). Натижада фуқароларнинг XIX аср иккинчи ярми - ХХ аср бошларидаги Марғилон ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий ҳаёти масжид-мадраса, хонақоҳлар, зиёратгоҳлар фаолияти ва уларнинг аҳоли маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрнига доир янги маълумотлар билан танишиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish