Sayt test rejimida ishlamoqda

Хайдаров Саидкамол Махамадвалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сув ҳавзаларида балиқ маҳсулдорлигини оширишда табиий озуқа базасининг аҳамияти», 03.00.16 - Гидробиология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/В534.
Илмий раҳбар: Хўжамшукуров Нортожи Абдихалиқович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги  DSc.03/27.02.2020.В.01.15 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Кузметов Абдулахмет Раймбердиевич, биология фанлари доктори, профессор; Боймуродов Хусниддин Тошболтаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Зоология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сунъий сув ҳавзаларида табиий озуқа базасини (Daphnia мисолида) етиштиришни маҳаллий шароитда йўлга қўйиш, уларни кўпайтиришда озуқавий қиймати юқори, таннархи арзон ва тайёрланиши қулай технологик ечимга эга бўлган озуқа манбасини аниқлаш ва уни амалиётга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Андижон вилояти мисолида сунъий сув ҳавзаларининг гидрокимёвий таркибига боғлиқ ҳолда табиий озуқа манбаларининг тарқалиш динамикаси аниқланган;
илк бор Botryococcus, Ankistrodesmus ва Chlorococcum авлодларига мансуб микросувўтларидан Daphnia magna ни етиштиришда озуқавий манба сифатидаги фойдаланиш имкониятлари илмий асосланган;
зоопланктон организмларнинг (Daphnia magna) мўътадил, ўсиб-ривожланишида микросувўтлари ва юксак сувўтларининг таъсири аниқланиб, табиий озуқа манбалари маҳсулдорлиги ошиши асосланган;
илк бор юксак сувўтлари (Lemna minor) ва зоопланктон организмлар (Daphnia magna) ни биргаликда етиштиришнинг илмий асослари ишлаб чиқилган;
илк бор микросувўтларини сунъий сув ҳавзалари шароитида етиштиришнинг мўътадил шарт-шароитлари ишлаб чиқилган ва мўтадил озуқа муҳити танланган;
микросувўтлари биомассасидан балиқчилик тармоғида қўшимча озуқа заҳираси ва табиий озуқа манбаларини етиштиришда фойдаланиш зарурияти исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Табиий озуқа манбалари (зоопланктонлар, микросувўтлари, макрофитлар) асосида озуқавий қиймати юқори ва олиниши қулай бўлган “Тирик озуқа еми” етиштириш ва уни амалиётга тадбиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
микросувўтларининг турли авлодларига мансуб штаммлари ҳамда макрофитлардан фойдаланиб, Daphnia magna асосида  табиий озуқа базасини шакллантириш ва улардан фойдаланиш технологияси Андижон вилояти балиқчилик хўжаликларида амалиётга жорий этилган («Ўзбалиқсаноат» уюшмасининг 2021 йил 17 февралдаги 08/191-сон маълумотномаси). Натижада, Избоскан туманидаги «Asatlla asl ko’li», Улуғнор туманидаги «Ulug’nor Shahzodasi» балиқчилик хўжаликларида дафния кўпайтириш ҳовузларида, 50 л сувда 120-150 граммгача дафния етиштириш имконини берган;
балиқчилик тармоғи амалиётида табиий озуқа манбаларини “Тирик озуқа еми” ни мақсадли кўпайтириш технологияси Андижон вилояти, Избоскан туманидаги «Asatlla asl ko’li» ва Улуғнор туманидаги «Ulug’nor Shahzodasi» балиқчилик фермер хўжаликларида амалиётга жорий этилган («Ўзбалиқсаноат» уюшмасининг 2021 йил 17 февралдаги 08-191-сон маълумотномаси). Натижада, табиий озуқа манбалари балиқларнинг мавсумий даврида 7-8% тез ўсиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish