Sayt test rejimida ishlamoqda

Қуватов Асқар Қорақуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чирчиқ дарёси сув ҳавзаларининг ихтиофаунаси», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/B321.
Илмий раҳбар: Мирзаев Улуғбек Тўраевич, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.B.52.01.
Расмий оппонентлар: Камилов Бахтияр Ганиевич, биология фанлари доктори, профессор; Жумабаев Баходир Ережепович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари балиқларининг замонавий ҳолатини баҳолаш, морфологик хусусиятларини очиб бериш, таксономик ревизия қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда кадастрини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари ихтиофаунасининг замонавий ҳолати, турлар таркиби таҳлил қилиниб, балиқлар фаунаси 8 туркум, 16 оила, 38 уруғга мансуб 43 турдан иборат эканлиги аниқланган;
илк бор Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари балиқлар фаунаси сони аввалги маълумотларга нисбатан 5 турга (Esox lucius, Gobio cynocephalus, Triplophysa dorsalis, Triplophysa coniptera salari, Oryzias sinensis) ортганлиги аниқланган;
илгари Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари ихтиофаунаси таркибида қайд этилган 4 тур балиқ – Hemiculter lucidus, Ictiobus cyprinellus, Сoregonus sardinella ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Ballerus sapa ҳозирда учрамаслиги аниқланган;
балиқларни Чирчиқ дарёси оқими бўйлаб тақсимланиш хусусиятлари аниқланган ва тоғ зонасида 5 тур, тоғ олди зонасида 5 тур, текислик зонасида 21 ва қуйи оқим зонасида 9 турнинг учраши асосланган;
кўп сонли, эндемик, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг замонавий морфологик хусусиятлари очиб берилган;
морфометрик белгиларнинг юқори даражада ўзгарувчанлиги балиқларнинг ҳаракат (локомотор) тизимига боғлиқлиги билан изоҳланган;
илк бор Poecilidae оиласи Gambusia уруғи вакиллари таксономик ревизия қилинган ва Чирчиқ дарёси сув ҳавзаларида икки турнинг – Gambusia affinis ва Gambusia holbrooki учраши аниқланган;
иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларнинг тавсифи, ҳисоби, ҳажми ва кадастри шакллантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Чирчиқ дарёси сув ҳавзаларининг ихтиофаунаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Тошкент вилояти сув ҳавзалари (Чирчиқ, Угом, Чотқол, Пском, Кўксу) балиқларининг кадастри юзасидан  ишлаб чиқилган тавсиялар Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2021 йил 5 майдаги 05/21-1991-сон маълумотномаси). Натижада, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги балиқ турлари бўйича давлат кадастри объектларини босқичма-босқич хатловдан ўтказишга, мониторингини олиб боришга имконият яратилган ва кадастр маълумотларини геоахборот тизимига киритиш имконини берган;
Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари балиқларининг кадастри юзасидан  ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Биохилма-хиллик ва мухофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси Кадастр юритиш тизими амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2021 йил 12 майдаги 03-02/8-333-сон маълумотномаси). Натижада, кадастр маълумотларини геоахборот тизимига киритишга асос бўлган, шунингдек, ноёб ва йўқолиб кетиш ҳавфи остидаги балиқ турларини қўриқлаш, яшаш муҳитини сақлаб қолиш, кўпайтириш ва ҳимоя қилиш ишларини ташкил этишга ҳамда табиий ресурслардан оқилона ва барқарор фойдаланишни таъминлаш имконини берган;
Чирчиқ дарёси сув ҳавзалари ихтиофаунасига мансуб 6 туркум, 9 оила, 20 уруғ, 25 турга мансуб жами 785 та балиқ намуналари республикада етакчи бўлган «Зоология коллекцияси» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 7-сентябрдаги 4/1255-2445-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд балиқлар коллекцияси фондини янги намуналар билан бойитган ва балиқлар турлари хилма-хиллигини аниқлаш ва турларни систематик таҳлил қилиш имконини берган;
Шунингдек, йиғган коллекция материалларидан, бажарилиши 2017-2020 йилларга мўлжалланган ПЗ-20170920204 “Ўзбекистоннинг Шимолий-Шарқий ҳудуди сув ҳавзалари балиқ ресурсларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш” амалий лойиҳасида Чирчиқ дарёсида тарқалган балиқ турларининг морфометрик ҳусусиятларини ёритиб бериш ва тарқалишини ўрганиш бўйича маълумотлар амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 7-сентябрдаги 4/1255-2445-сон маълумотномаси). Натижада, табиий ҳудудда тарқалган балиқ турларининг тарқалишини геоахборот тизим харитасига тушириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish