Sayt test rejimida ishlamoqda

Азимов Нодиржон Нуриллоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шимоли-шарқий Ўзбекистон агроландшафт орнитофаунаси», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/В19.
Илмий раҳбар: Кашкаров Роман Даниилович, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.B.52.01.
Расмий оппонентлар: Холбоев Фахриддин Рахмонқулович, биология фанлари доктори, профессор; Медетов Махсетбой Жапакович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Шимоли-шарқий Ўзбекистон агроландшафт орнитофаунасининг замонавий ҳолатини аниқлаш, агроценозлар орнитофаунаси компонентларига антропоген омиллар таъсирини юмшатишга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор шимоли-шарқий Ўзбекистон агроландшафт орнитофаунасининг замонавий ҳолати таҳлил қилиниб, 239 тур қуш, жумладан, ғўза агроценозларида 85 тур, буғдой агроценозида 150 тур, мевали боғларда 132 тур, лалми бедазорларда 101 тур, узумзорларда 107 тур учраши аниқланган;
ирригация тармоқларининг турли элементларида 38 турнинг учраши, қушларнинг мавсумий тақсимланиши ва сони аниқланган;
тадқиқот ҳудудида ҳаққуш (Nycticorax nycticorax) ва қулоқдор япалоққуш (Asio otus)нинг уялаши, текислик минтақасида гўнг қарға (Corvus frugilegus)нинг янги уя колониялари илк бор аниқланган;
шимоли-шарқий Ўзбекистонда қирғийсимон бургут (Hieraaetus fasciatus), тарғоқ (Chettusia gregaria), тоғ дупели (Gallinago solitaria), клинтух (Columba oenas), оқ қошли шақшақ (Turdus iliacus), кичик пашшахўр (Ficedula parva), уй чумчуғи (Passer domesticus), узунқуйруқ снегерь (Uragus sibiricus), ремез деҳқончумчуғи (Ocyris rusticus) каби кам сонда учровчи турларнинг тарқалишига доир ҳамда тадқиқот ҳудуди учун 22 турнинг учраш хусусиятига доир янги маълумотлар очиб берилган;
иқтисодий аҳамиятга эга бўлган, ноёб ва йўқолиб бораётган турларнинг агроландшафтда учраш даврлари ва сони аниқланган;
турли экологик гуруҳларга мансуб, ўтроқ, уяловчи, мигрант ва қишловчи хусусиятдаги турларни агроценозлардаги аҳамияти очиб берилган;
қушларнинг яшаш жойи сифатида агроландшафт билан ўзаро боғлиқлиги ўрганилган, уларга хавф солувчи омиллар таъсир даражасини юмшатиш ҳамда турларни муҳофаза қилишга доир амалий таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шимоли-шарқий Ўзбекистон агроландшафт орнитофаунаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Шимоли-шарқий Ўзбекистон агроландшафт орнитофаунаси таркибидаги 5 туркумга мансуб 13 турдан иборат қушларнинг  намуналари “Зоология коллекцияси” ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 9 февралдаги 4/1255-419-сон маълумотномаси). Натижада, намуналар орнитологик коллекция фонди бойитган ва Ўзбекистонда қуш турлари хилма-хиллигини аниқлаш ва турларни систематик таҳлил қилиш имкони берган;
турли агроценозлар ҳамда ирригация тармоқларида қайд қилинган 239 турнинг учраш даврлари, сонига доир маълумотлар ва қушларни муҳофаза қилиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармасининг таҳлил ҳамда тегишли хулосаларни чиқариш учун амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 6 апрелдаги 04-02/8-1363-сон маълумотномаси). Натижада, агроландшафт орнитофаунаси таркибидаги қушлар ҳолатини экологик баҳолаш, мавсумий мониторингини олиб бориш, маданий ўсимликларни етиштиришда қушларнинг аҳамиятини баҳолаш ҳамда ноёб турларни муҳофаза қилиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish