Sayt test rejimida ishlamoqda

Атажанов Сарвар Самандаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
“Эркин Самандарнинг фольклоризмлардан фойдаланиш маҳорати”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Fil1735.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Ғайипов Дилшод Қадамбаевич, филология фанлари доктори, доцент.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.55.02.
Расмий оппонентлар: Гайлыева Огулай Курбанмурадовна, филология фанлари доктори, доцент; Собирова Насиба Эргашевна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Эркин Самандар асарларидаги фольклоризмларнинг ўрнини аниқлаш, уларнинг асар бадииятидаги ролини кўрсатиш, муаллифнинг халқ оғзаки ижодидан фойдаланишдаги маҳоратини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фольклоризмларнинг Эркин Самандар ижодида қўлланган барча турлари, хусусан, оддий фольклоризмларнинг бадииятни таъминлашдаги ўрни очиб берилиб, адибнинг мақол, матал, халқона фразеологик бирикмалар, қарғиш ва олқишлар, фонопоэтик воситалардан фойдаланиш маҳорати баҳоланган;
 шоир шеьриятидаги стилизацион фольклоризмларнинг бадиий-эстетик ва услубий вазифалари, “Султон Жалолиддин”, “Қирон ғилдираги”, “Қуюн излари ёхуд Огаҳий” каби романлари бадииятида стилизацион фолклоризимларнинг поэтик функцияси аниқланиб, адиб асарлардаги образлар ва жанрлар стилизацияси, жумладан, от образи стилизациясида ёзувчининг маҳорати, қушлар образи стилизациясида баёнчиликка йўл қўйилгани далилланган;
фольклор поэтикаси ва ундаги мифологик образлар стилизацияси қаҳрамонлар миллий характерини шакллантиришда ёзувчининг асосий тамойилларидан бири эканлиги, бу усулнинг асар мавзу доирасини кенгайтириш ва ғоявий-бадиий салмоқдорлигини юксалтириши исботланган;
ёзувчининг йирик насрий асарларида аналитик фольклоризмларнинг асар композициясида тутган ўрни, уларнинг халқ этнографиясини воқеалар тизимида акс эттиришдаги роли, асар тилининг эмоционал-экспрессив хусусиятларини юксалтиришдаги аҳамияти асосланган.
IV. Тадқиқот натижалаpининг жоpий қилиниши. “Эркин Самандарнинг фольклоризмлардан фойдаланиш маҳорати” тадқиқот иши бўйича олинган  илмий натижалардан:
адибнинг кўплаб шеърларида халқ мақоллари, ривоятлари, тарихий воқеалар синтезлаштириш йўли билан асарга сингдириб юборилгани, “Қуюн излари ёхуд Огаҳий”, “Қирон ғилдираги”, “Султон Жалолиддин” романларида ҳам халқ афсона ва ривоятлари асар бадииятида катта ўрин эгаллаганлиги тўғрисидаги хулосалардан 2012-2016 йилларда амалга оширилган ФА-Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ қилиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқоти лойиҳасида белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 2 февралдаги 17.01/27-сон маълумотномаси). Натижалар оддий ва мураккаб фольклоризмларни асар бадииятидаги ўрнини тадқиқ қилиш орқали бундай фольклор анъаналарини бирор адиб ижоди мисолида ўрганиш адабиётшунослик учун муҳим деган хулосага келишга асос бўлган;
Эркин Самандар шеъриятида халқ оғзаки ижодига хос образлар стилизацияга учрагани (Омон Сардор, Чори чўпчи ва бошқалар), “Қуюн излари ёхуд Огаҳий“ (Сиддиқ полвон образи), “Султон Жалолиддин” (Қамбарнисо образи) романларида ҳам адиб стилизация усулида маҳоратини намоён қилгани, шунингдек, от образи (Саман, Қорабайир), туш мотиви ифодасида ёзувчи ўзига хослиги кўзга ташланиши, афсона, миф, ривоятлар синтезлашувида адиб маҳорати намоён бўлиши каби хулосалардан 2017-2020 йилларда амалга оширилган ФА-Ф-1-005-рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқоти лойиҳасида белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 9 февралдаги 17.01/28-сон маълумотномаси). Натижада замонавий адабиётга фольклорнинг таъсирини белгилаш орқали образлар тизимидаги ва афсона, миф, ривоятлар бадиий синтезидаги ўзгаришларни тадқиқ қилиш, шу орқали адиб маҳоратини намоён қилувчи жиҳатларни ўрганиш лозим, деган хулосага келинган;  
Эркин Самандар шеъриятида, насрий ва драматик асарларида оддий фольклоризмлар: мақол, матал, фразеологик бирикмалар, олқиш ва қарғишлар катта ўрин тутиши, улар асар бадииятида ўзига хос ўрин эгаллаганлиги каби хулосаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Хоразм” телеканалининг “Ассалом, Хоразм”, “Хоразмнома” кўрсатувлари сценарийларини яратишда фойдаланилган (Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг 2022 йил 13 февралдаги 105-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг Эркин Самандар ижоди, асарларининг ғоявий йўналиши, мавзу қамрови, улардаги оддий фольклоризмлар ифодаси, бу жараёндаги адиб маҳорати юзасидан билимлари бойишига эришилган;
Республика Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими томонидан ўтказилган турли адабий-маърифий тадбирларда, хусусан, Эркин Самандар таваллуд куни, замонавий Хоразм адабий муҳити бўйича ташкил этилган анжуманлар сценарийсини тайёрлашда халқ оғзаки ижоди ёзма адабиёт ривожида асос вазифасини ўтаганлиги, шоир ва ёзувчилар маҳорати фольклоризмларни қўллашда ҳам яққол кўриниши каби  хулосалардан фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлимининг 2022 йил 14 февралдаги 45-сон маълумотномаси). Натижада Хоразм адабий муҳити вакиллари, хусусан, Эркин Самандар ижоди фольклор анъаналари таъсирида такомил топгани очиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish