Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедова Сарвиноз Хикматовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Инглиз ва ўзбек фольклорида эпик кўмакчи талқини спецификаси», 10.00.06 - Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fil1132.
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Жўраева Малоҳат Мухаммедовна, филология фанлари доктори, профессор; Юсупова Ҳилола Ўктамовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат чет тиллар институти.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек фольклорида эпик кўмакчи қаҳрамон тасвири ҳамда талқини спецификаси, эволюцияси бадиий кўринишлари, генезиси, эстетик вазифаларидаги ўхшашликларни, миллий белгиларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз ва ўзбек фольклоршунослигида “эпик кўмакчи” ва “кўмакчи қаҳрамон” тушунчаларининг поэтик моҳияти, иккала халқ фольклорида эпик кўмакчи қаҳрамонлари, бош қаҳрамон билан муносабати, бадиий вазифаларини очиб бериш орқали инглиз ва ўзбек фольклоридаги мифологик, зооморфик (ҳайвон), орнитоморфик (қуш), антропогоник (инсон) қиёфадаги эпик кўмакчилар образи ифодаланишининг муштараклик касб этиши исботланган;
инглиз ва ўзбек халқи фольклоридаги афсона, эртак, достон жанрларининг сюжет таркибида учрайдиган эпик кўмакчи, кўмакчи қаҳрамонлар образининг табиати, бадиий-эстетик вазифаларини очиб бериш орқали дунё халқлари эпик тафаккури тадрижининг ўзаро боғлиқликда ривожлангани асосланган;
халқ эртакларига хос эпик кўмакчи образи ва у билан боғлиқ мотивлар анъанавийлик касб этиши, бирининг иккинчисига кўчиши натижасида ўхшаш, сайёр сюжетли эртаклар пайдо бўлгани, уларнинг ўз миллий ўзанларига мос тарзда халқ руҳияти, урф-одатлари, лингвогеографик, лингвомаданий, лингвопоэтик хусусиятларини ўзида намоён этиши аниқланган;
инглиз ҳамда ўзбек афсона, эртак ва эпосларида эпик кўмакчи қаҳрамонлар фольклор асари воқелигида муайян мавқени эгаллаши,  жумладан, бош қаҳрамон характерини очиш, қаҳрамон ҳаракатланаётган ижтимоий муҳитни ёритишга хизмат қилиши каби бадиий хусусиятлар кўмакчи қаҳрамонларнинг бош қаҳрамонга нисбатан ёрдамчи вазифада келиши, эпик бош қаҳрамонга ҳар қандай шароитда, ҳар томонлама ёрдам, бериши, уларнинг ғайритабиий куч-қудратга эга эканлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек фольклорида эпик кўмакчи талқини спецификасини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
“эпик кўмакчи” образи келиб чиқишининг тарихий-фольклорий, бадиий-эстетик асослари, эпик тадрижи, унинг инглиз ва ўзбек фольклоридаги тизимига оид илмий натижаларидан Навоий давлат педагогика институтида 2012-2016 йилларда бажарилган Ф1-ХТ-0-19919 рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал лойиҳада белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Навоий давлат педагогика институтининг 2021 йил 28 июндаги 8887-1823/04-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётини ривожлантириш бўйича яратилган инновацион методика назарий асосининг мустаҳкамланишига хизмат қилган;
эпик кўмакчи қаҳрамонлар образининг инглиз ва ўзбек афсона, эртак ва эпосларидаги специфик хусусиятлари, ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, уларда миллийликнинг ифодаси, халқ асарларида ҳомий кўмакчи қаҳрамонларнинг типлари: антропогоник, мифологик ва зооморфик ҳомий кўмакчилар сифатида мавжудлиги ва уларнинг ўзига хос хусусиятларига доир хулосаларидан Бухоро давлат университетида 2018-2019 йилларда бажарилган АҚШнинг SUZ800-18-IN0049 рақамли “Китобхонлар клуби” (“Readers Club at the Department of the English Literature”) мавзусидаги фундаментал грант лойиҳасида белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2021 йил 29 июндаги 05-01-0318-сон маълумотномаси). Натижада ушбу материаллар “Китобхонлар клуби” аъзолари ўртасида  кенг тарғиб этилиб, ёшларимиз онгига миллий ғурур, миллий ифтихор, ватанга садоқат ва истиқлол ғояларига меҳр-муҳаббат туйғуларини сингдиришга хизмат қилган;
инглиз ва ўзбек фольклорида эпик кўмакчи қаҳрамонлар образининг тарихий-фольклорий, бадиий-эстетик асосларидаги яқинликлар, эпик кўмакчи қаҳрамонлар образининг инглиз ва ўзбек афсона, эртак, эпосларидаги специфик хусусиятлари, ўхшаш ва фарқли қирралари, уларда миллийликнинг ифодаси хусусидаги хулосалардан Бухоро вилоят телерадиокомпаниясида “Ассалом, Бухоро”, “Саккизинчи мўъжиза” кўрсатувларининг 2021 йил март ва апрель сонидаги сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 09 июндаги 1/162-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг китобхонликка қизиқишини оширишга, уларнинг инглиз ва ўзбек фольклорининг хос хусусиятлари бўйича илмий тасаввур-тушунчаларини бойитишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish