Sayt test rejimida ishlamoqda

Матназаров Жавланбек Кабуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
“Матназар Aбдулҳаким шеърияти лингвопоэтикаси”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fil 1085.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Примов Азамат Искандарович, филология фанлари номзоди, доцент.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.55.02.
Расмий оппонентлар: Қудайбергенов Мамбеткерим Сарсенбаевич, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Юлдашев Маъруфжон Муҳаммаджонович, филология фанлари доктори (DSc), професссор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Матназар Абдулҳаким шеърияти тилини лингвопоэтик жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Матназар Абдулҳаким шеърларига лингвопоэтик ёндашув тамойилларининг моҳияти метафора, контраст, оксюморон, плеоназм асосида очиб берилиб, ўзбек тили ички имкониятларининг кенглиги аффиксиал ва композицион окказионализмлар лингвопоэтикаси орқали далилланган;
шоир ижодидаги паремиологик бирликлар – мақол ва афоризмлардан ижодий тарзда фойдаланиш, айрим ўринларда уларга янги маъно юклай олиш лингвопоэтик омил эканлиги далилланган;
диалектал бирликлар, шевавий лакуналар, шевадаги шеърлар фонопоэтикаси бадиий тасвир яратиш учун асос эканлиги далилланган;
шоир ижодидаги ономастик бирликларнинг бадиий матнда коннотатив маъно касб этиши, интертекстуаллик ҳосил қилишда ва образ яратишда, матн бутунлигини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эгалиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижалаpининг жоpий қилиниши. Матназар Абдулҳаким шеъриятининг лингвопоэтик хусусиятлари, мавзу тадқиқи юзасидан олинган натижалар асосида:
Матназар Абдулҳаким шеърлари тилида қўлланган метафора, контраст, оксюморон, плеоназмларнинг таҳлили натижасида чиқарилган хулосалардан F1-FA-0-43429, FA-F1, GOO2 рақамли “Қорақалпоқ фолклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” (2012-2016) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳаларни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 ноябрдаги 323-324/1-сон маълумотномаси). Натижада Матназар Абдулҳаким шеърларида қўлланилган лисоний бирликларнинг поэтик актуаллашуви муаммолари тадқиқи муайян хулосалар чиқариш имконини берган;
Қорақалпоқ миллати билан адабий муштараклик асосида яратилган шеърлар тили воситасида чиқарилган хулосалардан FA-F1-OO5 рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 ноябрдаги 323-324/1-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек ва қорақалпоқ тили, маданияти алоқалари шоир ижоди мисолида далиллашга имкон берган;
шоир ижодидаги паремиологик бирликлар – мақол ва афоризмлардан ижодий тарзда фойдаланиш, айрим ўринларда уларга янги маъно юклай олиш лингвопоэтик омил эканлиги, диалектал бирликлар, шевавий лакуналар, шевадаги шеърлар фонопоэтикаси бадиий тасвир яратиш учун асос эканлиги юзасидан аниқланган маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинган турли фестивалларда, турли маданий тадбирларни ташкил қилишда, қадим ва навқирон юртимизнинг бой ва турфа хил адабиёти билан таништиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2021 йил 23 августдаги 01-12-01-3831-сон маълумотномаси). Натижада тадбирлар мазмуни назарий маълумотлар билан бойитилган;
ономастик бирликларнинг бадиий матнда коннотатив маъно касб этиши, интертекстуаллик ҳосил қилишдаги аҳамияти, бадиий юк олиши, образ яратишдаги илмий аҳамиятига доир материаллардан Хоразм вилояти телерадиокомпанияси томонидан 2019 йил 21 октябрда “Мунаввар кун” дастурида, 2020 йил 21 октябрда “Ассалом, Хоразм” дастурининг “Суҳбатдош” рукнида фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 11 октябрдаги 2021-11-10/1365, 1366-сон маълумотномаси). Натижада адабий-бадиий, маънавий-маърифий дастурларда Матназар Абдулҳаким шеърияти тилининг бадиий имконияти кенгроқ очиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish