Нуридуллаева Камола Негматиллоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда ўсадиган соясимон кузиния ўсимлигини фармакогностик ўрганиш», 15.00.02–Фармацевтик кимё ва фармакогнозия (фармацевтика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2017.1.PhD/Far7.
Илмий раҳбар: Урманова Флюра Фаридовна, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент фармацевтика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.27.06.2017.Far.32.01.
Расмий оппонентлар: Дусматов Азиз Файзаматович, фармацевтика фанлари доктори, доцент; Арипова Салима Фазиловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: соясимон кузиния, унинг асосида самарали инулин сақловчи дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни яратиш, уларни тиббиёт амалиётида қўллаш имкониятларини асослаш учун ўсимликни фармакогностик ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекистонда ўсадиган соясимон кузиния илдизларининг биологик фаол моддалари асосий гуруҳларини кимёвий таркиби аниқланган;
соясимон кузиния илдизларининг ўзига хос биологик фаоллигини таъминловчи асосий компонент – инулин ажратиб олинган ва идентификация қилинган. Олинган инулиннинг Official monographs «Inulin» (The United Pharmacopoeia, XXII) хорижий стандарт талабларига мос келувчи сонли кўрсаткичлари аниқланган;
соясимон кузиния илдизларининг морфологик-анатомик диагностик белгилари ва уларнинг сифати, экологик тозалиги ва қўллашдаги хавфсизлигини тавсифловчи кўрсаткичлар аниқланган;
хомашё таркибидаги инулинни миқдорий меъёрлари ҳамда хом ашёни тайёрлаш ва сақлашнинг мўътадил муддатлари белгиланган;
соясимон кузиния илдизлари қуруқ экстракти ва унинг асосида олинган биологик фаол қўшимчалари стандартлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Соясимон кузиния илдизининг кимёвий таркибини ўрганиш, тавсия этилаётган хомашё ва унинг асосида яратилган қуруқ экстракт ва биологик фаол қўшимчаларни стандартлаш усулларини ишлаб чиқишда олинган илмий натижалар асосида:
соясимон кузиния қуруқ экстрактига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 20160070). Натижада олинган қуруқ экстракт унинг асосида биологик фаол қўшимчаларни олиш имконини берган;
соясимон кузиния гуруҳидаги биологик фаол қўшимчаларини ишлаб чиқаришга техник шарт «Ўзстандарт» агентлигини томонидан тасдиқланган (Ts 19783536-11:2016). Уларни ишлаб чиқариш бўйича технологик йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан тасдиқланган (ТИ 19783635-01:2017). Натижада фармацевтика саноати учун соясимон кузиния гуруҳидаги биологик фаол қўшимчаларини ишлаб чиқариш имконини берган;
«Кузиния 3+» ва «Қахрабо-кузинияли комплекс» биологик фаол қўшимчаларини ишлаб чиқариш ва қўллаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсатнома берилган. Ушбу биологик фаол қўшимчаларни саноат миқёсида ишлаб чиқаришга «AGRO BIO KIMYO» МЧЖ розилик берган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 9 августдаги 00120-сон маълумотномаси). Ушбу биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш чет элдан олиб келинаётган аналогларининг ўрнини босиш имконини беради.