Sayt test rejimida ishlamoqda

Тошматов Бобир Абдуманоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи):     «Релятивистик астрофизик объектлар атрофида электромагнит, скаляр, гравитацион ғалаёнланишлар ва зарралар динамикаси», 01.03.01 –Астрономия.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.DSc/FM149.
Илмий маслаҳатчи: Аҳмедов Бобомурат Жураевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Астрономия институти.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий Кенгаш рақами: Астрономия институти, DSc.02/30.12.2019.FM.15.01
Расмий оппонентлар: Бронников Кирилл Александрович физика-математика фанлари доктори, профессор (Россия); Дымникова Ирина Гавриловна физика-математика фанлари доктори, профессор (Польша); Нуритдинов Салахутдин Насритдинович физика-математика фанлари доктори, профессор (ЎзМУ)
Етакчи ташкилот: Опава шахридаги Силезия университети қошидаги Физика институти, Чехия Республикаси
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга.
II. Тадқиқотнинг мақсади умумий нисбийлик назариясидаги астрофизик қора ўралар кенг синфининг квазинормал частоталарининг батафсил тавсифи, уларнинг гравитацион тўлқинларининг ҳусусиятлари ва яшаш вақтлари, галактикалар марказидаги ўта массив қора ўраларнинг ҳосил бўлиш механизми, қора ўралар яқинидаги айланаётган зарралар ҳаракати каби бир қатор ҳодисаларни тавсифлашдан иборат.
III.   Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк марта умумий нисбийлик назарияси ва НЭДнинг биргаликдаги электр ва магнит зарядланган Максвелл, Хайвард ва Бардин қора ўраларининг умумлашган ечимлари олинган;
НЭД ва умумий нисбийлик назариясидаги қора ўраларнинг электромагнит ғалаёнланишларини ўрганиш орқали нафақат ёруғлик нурлари, балки электромагнит тўлқинлар ҳам НЭДда фазо-вақтнинг нол геодезияси бўйлаб ҳаракат қилмаслигини кўрсатилган;
НЭДга қўшилган умумий нисбийлик назариясининг фазо-вақтлари ҳеч қачон йўқолиб кетмайдиган ёруғлик ҳалқаларига эга бўлиши исботланган;
НЭДга қўшилган умумий нисбийлик назариясидаги юқори зарядланган қора ўралар электромагнит ғалаёнланишларни сўндирмасдан тебратиши кўрсатилган;
электр (магнит) зарядли қора ўранинг жуфт-жуфтликли электромагнит ғалаёнланишлари ва магнит (электр) зарядли қора ўранинг тоқ-жуфтликли электромагнит ғалаёнланишлари изоспектрал, яъни бир хил частотали эканлиги кўрсатилган;
умумий нисбийлик назариясида политропик сферада кичик гравитацион ғалаёнланишларни тадқиқ қилиш орқали галактикалар марказида ўта массив қора ўралар пайдо бўлиш механизмини тушунтирувчи модел яратилган;
қоронғу энергиянинг мавжудлиги сабабли қора ўралар атрофида фақат чекланган соҳадагина айланма турғун орбиталар ҳосил бўлиши кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Релятивистик астрофизик объектларнинг скаляр, электромагнит, гравитацион ғалаёнланиш-лар ва зарралар динамикасини тадқиқ қилиш асосида:
НЭД ва умумий нисбийлик назариясининг бирлашишидан олинган янги қора ўра ечимлари ва уларнинг ғалаёнланиш-лари ва шунингдек, галактика марказида ўтамассив қора ўра ҳосил бўлиш модели билан боғлиқ натижалар Чехия илм-фан жамғармасининг 19-03950S, Чехия Республикасининг Опава шаҳридаги Силезия университетининг SGS/12/2019, SGS/14/2016 ва Альберт Энштейн номидаги гравитация ва астрофизика марказининг 14-37086G рақамли грантлари доирасида (Чехия Республикасининг Опава шаҳридаги Силезия университети Физика институти хати илова қилинди) ва бир нечта хорижий тадқиқотчилар томонидан (Nature Astronomy, 2017; Journal of High Energy Physics, 2018; Living Reviews in Relativity, 2019; Physical Review D, 2019; Physics Letters B, 2019) фаол галактик ядроларда жойлашган ўтамассив қора ўралар билан боғлиқ турли хил ҳодисаларни ўрганишда фойдаланилган;
деформация ёки қоронғу энергия ҳисобига турли хил физик ҳусусиятли астрофизик объектлар атрофида ҳаракатланаётган ўзининг ҳусусий айланиш моментига эга бўлган заррачанинг динамикаси бўйича тадқиқотлар Қозоғистон Республикаси Таълим вазирлигининг мақсадли дастури доирасидаги “Фундаментал ва амалий физика ривожланиш маркази” номли IRN:BR05236454 ва Назарбоев университетининг факултетни ривожлантириш бўйича рақобатбардош илмий-тадқиқот грантлари 090118FD534, 090118FD5348 (Қозоғистон Республикаси Назарбоев университетининг хати илова қилинди) ва турли гравитация назарияларида қора ўралар ва улар атрофидаги акреция билан боғлиқ тадқиқотлар учун бир қатор хорижий тадқиқотчилар (Physical Review D, 2018; European Physical Journal C, 2019; Galaxy, 2020; Universe, 2020) томонидан ишлатилган;
бир жинсли чангдан ясалган сферик шарнинг Эйнштейн-Гаусс-Боннет қора туйнугига коллапси бўйича тадқиқотлар натижалари Ҳиндистондаги Университетлараро грант қўмитаси лойиҳалари Хиндистоннинг Университетлараро грант қўмитаси дастурлари доирасида (Хиндистоннинг Университетлараро грант қўмитасининг 2021 йил 28 январдаги маълумотномаси) ва шунингдек, хорижлик олимлар томонидан (Journal of High Energy Physics, 2020; Physics Letters B, 2020; Physics of the Dark Universe, 2020; European Physical Journal C, 2020) Эйнштейн-Гаусс-Боннет назариясидаги қора ўраларнинг физик хусусиятларини ўрганишда фойдаланилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish