Sayt test rejimida ishlamoqda

Қурбонов Миржалол Мамасаитовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қашқадарёнинг конус ёйилмаларидаги деградацияга учраган тупроқларнинг унумдорлигини ошириш йўллари», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/B351.
Илмий раҳбар: Гафурова Лазиза Акрамовна, биология фанлари доктори, профессор.  
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, РhD.03/30.12.2019.В.05.03.
Расмий оппонентлар: Қурватаев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Шадиева Нилуфар Искандаровна, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарё конус ёйилма тупроқларининг шаклланиши ва эволюцияси қонуниятлари, морфогенетик хусусиятлари, таркиби ва хоссаларини аниқлаш, уларга таъсир этувчи деградация омиллари таъсирини тавсифлаш ва унумдорлигини ошириш йўлларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қашқадарё конус ёйилмаси тупроқларини комплекс ёндашувлар асосида шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари, тупроқ қопламини информатив кўрсаткичлари асосида ҳозирги ҳолати ва уларнинг деградацияга учраш даражаси аниқланган;
деградацияга учраган тупроқларининг диагностик кўрсаткичлари, асосий унумдорлик элементлари, шўрланганлик даражаси ва типи, умумий ва заҳарли тузлар миқдорларининг конус ёйилма бўйича ўзгариш қонунияти аниқланган;
Қашқадарё конус ёйилмаси тупроқларида органик углерод миқдорининг ҳозирги ҳолати ва қиёсий захираси суғориш таъсирида ўзгариши асосланган;
геоахборот тизимлари технологиялари асосида Қашқадарё конус ёйилмаси тупроқларининг информатив кўрсаткичлари ўзгаришини акс эттирувчи картографик моделлари тузилган, ҳудуднинг деградацияга учраган тупроқлари унумдорлигини оширишнинг ресурстежамкор технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё конус ёйилмаларидаги деградацияга учраган тупроқларнинг эволюцион генетик жиҳатлари, агрокимёвий ва кимёвий хоссалари ҳамда микробиологик фаоллигини ҳисобга олган ҳолда тупроқлар унумдорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Қашқадарё конус ёйилмаларидаги тупроқларнинг эволюцион-генетик жиҳатларидан тупроқ гуруҳлари ва миқдори бўйича, ГАТ технологиялари асосида картографик моделлари Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 10 декабрдаги 02/025-5013-сон маълумотномаси). Натижада, Қашқадарё конус ёйилмаси ҳудудида қишлоқ хўжалиги экин турларини жойлаштириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш имконини берган;
Қашқадарё конус ёйилмаси ҳудудида деградацияга учраган тупроқларнинг гуруҳи ва миқдори аниқланган ҳолда тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган тавсиялар қишлоқ хўжалигида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 10 декабрдаги 02/025-5013-сон маълумотномаси). Натижада, конус ёйилмаси ҳудудида деградацияга учраган тупроқларнинг унумдорлигини оширишда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини берган;
деградация учраган суғориладиган оч тусли бўз тупроқларнинг унумдорлигини ошириш бўйича тажрибалар: дастлабки йил - 20 т/га гўнг қўллаш, асосий экин - кузги буғдой, такрорий экин - мош, оралиқ экин - кўк масса сидерат сифатида хантал экилган; 2-йил эса - ғўза бўйича агротехник тадбирлар Қарши туманидаги фермер хўжалигида 9 гектар майдонда ҳамда Жанубий деҳқончилик ИТИ Қарши агроучасткасида 9 гектар майдонда, жами суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида 18 гектар майдонда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 10 декабрдаги 02/025-5013-сон маълумотномаси). Натижада, ўрта ҳисобда кузги буғдойдан 43,6 ц/га дон ҳосили, ғўзадан 37 ц/га пахта ҳосили, мошдан 11,3 ц/га дон ҳосили ва ханталдан 44,7 ц/га кўк масса ҳосил олиш ҳамда иқтисодий самарадорликка эришиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish