Sayt test rejimida ishlamoqda

Азимов Нурмухаммад Шухратовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Codonopsis clematidea, Codonopsis bactriana, Phragmites communis ўсимликларининг кимёвий компонентлари ва товар сифатида синфланиши», 02.00.09 – Товарлар кимёси, 02.00.10 – Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/K444.
Илмий раҳбарлар: Хўжаев Вахобжон Умарович, кимё фанлари доктори, профессор; Арипова Салимахон Фазиловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.03/30.12.2019.К.05.01.
Расмий оппонентлар: Ахмадалиев Махамаджон Ахмадалиевич, техника фанлари доктори, доцент; Назаров Отабек Мамадалиевич, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади C.clematidea, C.bactriana ва Ph.communis ўсимликларининг кимёвий бирикмаларини юқори биологик фаолликка эга бўлган моддалар асосида биологик фаол қўшимчалар олиш ҳамда уларни кимёвий таркиби асосида товар сифатида стандартлаш ва синфлашдан ибoрат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Codonopsis bactriana ўсимлигининг кимёвий таркибида кодонопсинин, кодонопсин ва кодонопсинол алкалоидларини сақланиши исботланган ҳамда ўсимликнинг флавоноидлари, витаминлари, макро- ва микроэлементлари сифат ва миқдор жиҳатдан аниқланган;
Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи Ph. communis ўсимлигининг кимёвий таркиби батафсил аниқланган ҳамда ушбу ўсимлик тури донаксин алкалоидининг манбаи бўлиб хизмат қилиши исботланган;
ўсимликларнинг оқсиллари ажратиб олиниб, уларнинг аминокислота таркиби аниқланган ҳамда мазкур ўсимлик турлари бир қатор алмашинмайдиган муҳим аминокислоталарнинг табиий манбаи эканлиги исботланган;
индуктив боғланган аргон плазмали масс-спектрометрия усули ёрдамида ўсимликларнинг таркибидан 44 та элемент идентификация қилиниб, миқдори аникланган;
илк бор Ph. communis ўсимлигининг липидлар, мураккаб ёғ кислоталар ва полисахаридлар таркиби, 19 турдаги ёғ кислоталарининг умумий липидларга нисбатан миқдорлари газ хроматографияси усули ёрдамида исботланган,
ўсимлик полисахаридларини ишқорий гидролизлаб, сувда эрувчан полисахаридлар ва ишқорда эрувчан полисахаридлар олинган, улар полисахаридларнинг мураккаб гетероген аралашмасидан таркиб топганлиги исботланган;
илк бор C. clematidеа ўсимлигининг экстрактив моддалари асосида озуқага биологик фаол қўшимча ишлаб чиқилган;
олинган маҳсулотларни кимёвий таркиби асосида фотоэлектроколориметрияга асосланган тахлил усули ишлаб чиқилган ва ушбу усулда олинган товар маҳсулотларни товар сифатида синфлаш ва сертификатлашда фойдаланиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
C. clematidea, C. bactriana ва Ph. communis ўсимликларининг кимёвий компонентларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи C. clematidea, C. bactriana ва Ph. communis ўсимликларининг алкалоидлар таркиби №ФА-Ф-7-005 “Ўзбекистоннинг алкалоид сақловчи ўсимликларини тадқиқотлари асосида биологик фаол субстанциялар яратишнинг фундаментал асослари” фундаментал лойиҳасининг тадқиқот объектлари сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 12-январдаги 4/1255-58-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистоннинг алкалоид сақловчи ўсимликлари асосида биологик фаол субстанциялар яратишнинг фундаментал асосларидан бирини ишлаб чиқиш имконини берган;
Ажратиб олинган органик бирикмаларнинг турли физиологик фаолликларини аниқлаш бўйича молекуляр-биологик, фармакологик-токсикологик изланишлар №ВА-ФА-Ф-6-009 “Табиий бирикмалар ва уларнинг синтетик ҳосилаларининг цитотоксик, антибактериал, замбуруғга қарши ва антиоксидант фаолликларини ўрганиш” фундаментал лойиҳасининг  тадқиқот объектлари сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2022 йил 12-январдаги 4/1255-57-сон маълумотномаси). Натижада, табиий бирикмаларнинг турли йўналишларда физиологик фаолликка эга бўлган бирикмаларнинг кимёвий тузилишни биологик фаолликка боғлиқлик қонуниятларини очиб бериш имконини берган;
гепалютин озуқага биологик фаол қўшимчасини олишга техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан тасдиқланган (Ts 03545440-030:2021) (Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2021 йил 4 мартдаги 31-8/282-сон хати). Натижада, “Гепалютин” биологик фаол қўшимчасини кимёвий таркиби асосида товар сифатида синфлаш ва стандартлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish