Абдуллаев Шерзод Шавкатжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Нутқ сигналларини матнга ўтказиш алгоритмлари», 05.01.11 – Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т2078
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Маматов Нарзилло Солиджонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.T.142.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедиева Дилноз Тулкуновна, техника фанлари доктори, профессор; Бекмуратов Қосим Аллабердиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади нутқ сигналларини матнга ўтказиш алгоритмлари ва дастурий мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
белги шакллантириш, информатив белгини аниқлаш ва таниб олиш алгоритмлари асосида нейрон тармоқ моделли таниб олиш ёндашуви таклиф этилган;
ўрамли, рекуррент ва тўлиқ боғланган нейрон тармоқлар асосида гибрид нейрон тармоқ архитектураси ишлаб чиқилган;
трансформерлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўзбек тилидаги узлуксиз нутқни таниб олиш учун акустик модел ишлаб чиқилган;
гиперпараметрларни созлаш орқали чуқур ўқитишга асосланган ўзбек тили учун тил модели қурилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Нутқ сигналларига рақамли ишлов бериш ва таниб олишнинг мавжуд ҳамда таклиф этилган модел, усул ва алгоритмлари асосида яратилган дастурий таъминот асосида:
гибрид нейрон тармоқ, акустик ва тил модели асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа Наманган вилояти ҳокимлигида ходимларни махсус хоналарга кириш-чиқишини назорат қилиш ва ички телефон тармоғи орқали мурожаат қилган фуқароларни овози асосида идентификациялаш учун жорий қилинган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 14 июлдаги 02/10-2313-сон маълумотномаси). Натижада махсус хоналарга кириш-чиқишини назорат қилишга сарфланадиган вақтни ўртача 10%га қисқартириш имконини берган;
трансформерлар, акустик ва тил модели ҳамда сўзлар кетма-кетлигини ҳосил қилиш алгоритми асосида яратилган дастурий мажмуа Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида ходимларнинг махсус хоналарга кириш-чиқишини назорат қилиш ва ички телефон тармоғи орқали мурожаат қилган фуқароларни овози асосида идентификациялашга жорий қилинган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 14 июлдаги 02/10-2313-сон маълумотномаси). Натижада фуқаронинг мурожаатини шакллантиришга кетадиган вақтни ўртача 20% га қисқартириш имконини берган.