Комилов Ойбек Камиловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда ирригация тизими ривожланиши ва унинг оқибатлари», 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Tar12.
Илмий маслаҳатчи: Муртазаева Раҳбархон Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ, Тарих институти, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc. 27.06.2017.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар:Эргашева Юлдуз Алимовна тарих фанлари доктори, профессор; Обламуродов Наим Халимович тарих фанлари доктори; Икрамов Рахимжон Каримович техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот:Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1951-1990 йилларга оид бирламчи ва тарихий манбалар асосида Ўзбекистонда ирригация тизимининг ривожланиши, амалга оширилган суғориш тадбирларининг натижалари ва уларнинг оқибатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: XX аср иккинчи ярмида совет ҳокимиятининг Ўзбекистон ирригация тизимида амалга оширган иккиёқлама сиёсати, унинг суғориш соҳасидаги деформация жараёнларига таъсири холислик тамойили асосида очиб берилган;
суғорма деҳқончилик маданиятининг ўзига хос анъаналарига эга бўлган республиканинг совет давлати ҳукмронлиги йилларида ҳам ирригация ва мелиорация соҳалари учун мутахассис кадрлар тайёрлаб бериш борасида таянч маскан бўлганлиги, шунингдек маҳаллий муҳандис-гидротехникларнинг Афғонистон, Мозамбик, Сурия каби мамлакатларда кичик сув омборлари (барражлар) қуришдаги иштироки оғзаки тарих (Oral history) ёрдамида илмий истеъмолга киритилган;
янги ерларни ўзлаштириш ирригация ва ижтимоий ҳаёт соҳаларидаги зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқаргани, Марказий Фарғона, Мирзачўл, Сурхон-Шеробод, Қарши, Жиззах даштларидаги қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш учун республиканинг аҳоли зич ҳудудларидан оилаларнинг кўчириб келтирилиши, унинг урбанизация жараёнлари ҳамда туманлар трансформациясига таъсири асослаб берилган;
XX аср 70-80-йилларидан бошлаб ҳосилдорлик сифатига эътибор берилмасдан, суғорма майдонларнинг экстенсив тарзда ортиши ирригация-мелиорация ишларининг кенгайиши, суғориш тизими конфигурациясининг ўзгариши, суғориладиган ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши ҳамда ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлганлиги аниқланган;
суғориладиган майдонлардаги ер ости ҳамда сизот (грунт) сувлари сатҳини пасайтириш мақсадида дренаж, канал ҳамда насос станцияларининг барпо этилиши сувнинг табиий мувозанатини бузилишига, сув ресурсларининг танқислиги, экологик ҳолатнинг издан чиқиши ҳамда Оролбўйи генофондига экстерналь таъсири тарихий далиллар асосида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
1951-1990 йиллар даврий чегарасида Ўзбекистонда ирригация тизимининг ривожланишига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
совет ҳукуматининг ирригация тизимида амалга оширган сиёсати таъсирида суғориш иншоотларини барпо этиш ривожланиб боргани тўғрисидаги тадқиқот хулосалари ва статистик материаллар, архив ҳужжатлари ҳамда маълумотларидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг «Фарғона водийсининг магистраль каналлари ва гидротехник иншоотлари» деб номланган бўлими жорий архиви жамғармаларини такомиллаштиришда қўлланилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2015 йил 10 мартдаги 46/84-сон маълумотномаси). Сунъий суғориш иншоотларининг барпо этилиши ўз навбатида қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётига хизмат қилганлиги, унинг натижалари иккиёқлама характерга эга бўлганлигига оид илмий хулосаларни ойдинлаштирган.
совет давлатининг пахта яккаҳокимлиги сиёсати таъсирида суғориш тизимига доир қўллаган чора-тадбирлари юзасидан олинган илмий натижалардан Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 2014 йил 28 декабрдаги 36/1 И/Ч-сонли буйруғига мувофиқ музей экспозицияларининг «Ўзбекистон сув омборлари», «Орол фожиаси» номли бўлимларини қайта шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2016 йил 2 ноябрдаги 3/1255-1338-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг музей экспозицияларига жорий этилиши совет даврида суғориладиган ер майдонларининг экстенсив равишда деярли икки бараварга кенгайтирилгани, йирик ирригация иншоотлари ёрдамида сув тўплаш имкони қўлга киритилгани, Амударё ва Сирдарё сув захираларининг меъёрдан ортиқ олиниши Орол денгизининг ҳалокатини муқаррар қилиб қўйгани ҳамда советларнинг «ирригацияни ривожлантириш - умумхалқ иши» деб ном олган сунъий ғоясини қатъий татбиқ қилиш жараёнида амалга оширилган мажбурлов-буйруқбозлик тадбирлари моҳиятини ҳаққоний тарзда очиб беришга ҳисса қўшган.
диссертация илмий натижаларидан Ўзбекистон тарихи музейининг «Қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш» бўлимини қайта шакллантириш ва маълумотлар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2016 йил 2 ноябрдаги 3/1255-1338-сон маълумотномаси). Қўлланган илмий хулосалар совет ҳукмронлиги даврида Марказий Фарғона, Мирзачўл, Сурхон-Шеробод, Қарши ва Жиззах чўлларини ўзлаштириш мақсадида аҳоли зич ҳудудлардан оилаларнинг кўчириб келтирилиши янги шаҳар ва туманларни барпо этишга туртки бўлганлиги натижасида урбанизация жараёнларининг тараққий этиши бўйича тарихий билимларни кучайтиришга хизмат қилган.
совет ҳукмронлиги даврида Ўзбекистон ирригацияси тарихига доир материалларданЎзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси «Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш» бўлими жорий архивининг «Суғориш тизимида энергетик иншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш» мавзуидаги йиғма жилдини статистик маълумотлар ва манбалар билан бойитишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 13 декабрдаги 04/30-3902-сон маълумотномаси). Қўлга киритилган ушбу натижалар совет ҳукмронлиги даври тарихини англаш ва янада чуқурроқ тадқиқ этишга ёрдам берган.
совет ҳукмронлиги йилларида табиий сув захираларидан ташқари, республика ирригациясида насос станциялардан фойдаланилиши, улар сонининг йилдан-йилга ортиб боргани, улардан асосан сув чиқмайдиган адир зоналарида барпо этилган пахта экин майдонларини суғоришда қўлланганлиги бўйича жорий этилган илмий натижалардан «Насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси» ҳужжатлари ва жамғармаларини статистик маълумотлар билан тўлдиришда фойдаланилган (Насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармасининг 2017 йил 2 ноябрдаги 03-22-8407-сон маълумотномаси). Насос станцияларидан фойдаланиб боришнинг ортиши натижасида пахта яккаҳокимлиги сиёсатининг янада кучайиши, дарё сувлари ресурсларидан хўжасизларча фойдаланилиши оқибатида сув танқислиги муаммосининг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган масалаларни холисона ёритиб беришга кўмаклашган.