Sayt test rejimida ishlamoqda

Турдиметов Шахобиддин Мухитдиновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Мирзачўл воҳаси тупроқлари ва улар унумдорлигини дуккакли-дон ва ем-хашак экинлари экиш орқали ошириш», 06.01.03 – Агротупроқшунослик ва агрофизика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.DSc/B105.
Илмий маслаҳатчи: Уразбаев Исматулла Умматович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Гулам, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ташкузиев Маъруф Мансурович, биология фанлари доктори, профессор; Халикулов Шоди Турдикулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Мирзачўл воҳаси тупроқларининг хосса-хусусиятларида суғориш натижасида юз берган ўзгаришларни аниқлаш, тупроқ унумдорлигини оширишда дуккакли-дон ва ем-хашак экинларининг таъсир механизмларини илмий асослаш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тупроқлар морфологик белгиларининг дастлабки ўзлаштирилган даврга нисбатан ўзгарганлиги ва бунда гумус, гипс ва карбонатларнинг қуйи қатламлар томон ювилганлиги асосланган;
ҳудуд суғориладиган тупроқлари хосса-хусусиятларини давр ва макондаги ҳолатини қиёсий таққослаш асосида автоморф тупроқлардан ярим гидроморф тупроқларга трансформацияланганлиги аниқланган;
макон ва замонда (даврийлик: 20-50-80 йил оралиғи) тупроқларнинг физик ва сув-физик хоссаларидаги ўзгариш (механик таркибининг оғирлашиши, зичлиги, максимал гигроскопиклиги ва нам сиғимининг ортиб бориши) механизми очиб берилган;
дуккакли-дон ва ем-хашак экинлари тупроқларнинг унумдорлигига ижобий таъсир қилиб, ушбу экинлардан сўнг етиштирилган ғўза (викадан сўнг 0,8 ц/га, нўхатдан сўнг 2,8 ц/га) ва кузги буғдой ҳосили (судан ўтидан сўнг 3,28 ц/га ва викадан сўнг 7,0 ц/га) ортганлиги аниқланган;
Мирзачўл шароитида дуккакли-дон экинларидан нўхат ва вика экини тупроқларнинг агрокимёвий (азот ва фосфор) кўрсаткичига, ем-хашак экинларидан беда умумфизик (зичлиги ва ғоваклиги) хоссаларига, эспарцет экини эса мелиоратив ҳолатига (хлор иони 2 баробарга камайган) ижобий таъсири асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мирзачўл воҳаси тупроқлари ва уларнинг унумдорлигини дуккакли-дон ва ем-хашак экинлари экиш орқали ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Мирзачўл воҳаси тупроқлари ҳолати ва улар унумдорлигини дуккакли-дон, ем-хашак экинлар етиштириш орқали ошириш усуллари бўйича тавсиялар» Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 сентябрдаги 02/022-3912-сон маълумотномаси). Натижада, вилоятдаги мавжуд деҳқон ва фермер хўжаликлари суғориладиган тупроқлари унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш, ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш учун мажмуавий агротехник, агрокимёвий, агромелиоратив тадбирларни амалга оширишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
нўхатнинг шўрга чидамли «Малхотра» ва «Ҳалима» навларини етиштириш асосида тупроқ хоссаларини яхшилаш агротехнологияси Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги «Қувонбой чорваси» ва «Мурод» фермер хўжаликларининг 5 гектар ер майдонида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 сентябрдаги 02/022-3912-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқларнинг агрокимёвий кўрсаткичларига ва экинлар ҳосилига ижобий таъсир қилган, жумладан, тупроқлар таркибидаги нитрат шаклидаги азот миқдори 15,7 мг/кг дан 19,7 мг/кг (25,4%), ҳаракатчан фосфор 16,6 мг/кг дан 22,5 мг/кг (35,4 %), алмашинувчи калий эса 293 мг/кг дан 303 мг/кг (3,4%) гача ортган, шунингдек, нўхатдан сўнг экилган ғўзадан 2,8 ц/га, кузги буғдойдан 6,1 ц/га қўшимча ҳосил олишга ҳамда рентабеллиги эса 22,1 фоизга ортишига  эришилган;
эспарцет экинини экиш орқали суғориладиган тупроқларнинг шўрланиш даражасини камайтириш агротадбири Сирдарё вилояти Сирдарё тумани «Улуғбек Достон» ва «Малик бобо» фермер хўжаликларининг 18 гектар ер майдонида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 сентябрдаги 02/022-3912-сон маълумотномаси). Натижада, эспарцет экинидан сўнг тупроқларнинг 0-30 см қатламида қуруқ қолдиқ миқдори 0,669 фоиздан 0,605 фоизгача, хлор миқдори 0,079 фоиздан 0,031 фоизгача камайиши ҳисобига ғўзадан 3,1 ц/га, кузги буғдойдан 5,8 ц/га қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
ем-хашак экинларини етиштириш орқали суғориладиган тупроқларнинг агрофизик хоссаларини яхшилаш тадбири Сирдарё туманидаги «Амир Темур» (20 га) ва «Малик бобо» (23 га), Ховос туманидаги «Нурбек Тиллабеков» (5 га) ва «Маъруф Аманбоевич» (7 га) ҳамда Гулистон туманидаги «Бешбулоқлик Зикиё туҳфаси» (13 га) ва «Ёшлик» (17 га) фермер хўжаликларининг жами 85 гектар ер майдонида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 сентябрдаги 02/022-3912-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқлар органик моддага бойиган, донадорлиги ошган, тупроқлар 0-30 ва 30-50 см ли қатламларининг ҳажм массаси мос равишда ўртача 0,06 ва 0,05 г/см3га камайган, ғовакликлиги эса аксинча мос равишда 1,1% ва 3,0 фоизга ошиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish