Сайт тест режимида ишламоқда

Жалолов Шерзод Рустамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Коррупция билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг криминалистик жиҳатлари», 12.00.09 — Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси  ихтисослиги бўйича (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Yu168.
Илмий раҳбар: Инагамджанова Зумратхон Фатхуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Dsc.32/30.12.2020.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар:   Пулатов    Юрий    Сайфиевич,   юридик   фанлар    доктори, профессор;  Баратов Азим Шамсиевич, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади коррупция билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг криминалистик жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
муаллифлик ёндашуви асосида коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг криминалистик тавсифи ишлаб чиқилиб, бунда «муайян тоифадаги жиноятлар, жиноятчи шахслар ва мазкур жиноятни содир этиш шароитлари тўғрисидаги, уларни очиш ва олдини олишга қаратилган, типик ҳамда ўзаро боғлиқ жиноятларни тергов қилиш усулларининг асосий элементларидан иборат маълумотлар» тушунилиши зарурлиги, мазкур тавсифнинг асосларини жиноятни содир этиш усуллари, жиноят излари, жиноятчининг шахси, мотив ва мақсадлари, жиноят содир этиш шарт-шароитлари (жойи, вақти) каби элементлар комплекси ташкил қилиши асослантирилган;
«мамлакатда коррупция ҳолати тизимли таҳлил қилинишини таъминлаш, шунингдек коррупцияга оид хавф-хатар даражаси юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш»ни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги асослаб берилган;
«Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан, биринчи навбатда, коррупцияга оид Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш тартибини жорий этиш» мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб берилган;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатларидан бири сифатида «коррупцияга оид жиноятларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш, коррупциянинг оммавийлашув омилларини тизимли таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан жиноят-процессуал қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш ҳуқуқи»ни мустаҳкамлаш кераклиги асослантирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
“коррупция билан боғлиқ жиноятлар криминалистик тавсифининг асосий элементлари” тушунчасига доир концептуал ғоя ва таклифлар «Коррупция билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш услубиёти» номли ўқув қўлланмасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 7 декабрдаги 1000-сон буйруғи). Бу эса мутахассислик бўйича таълим олаётган курсантлар, профессор-ўқитувчилар, малака ошириш факультети тингловчилари, шунингдек коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашувчи органлар ходимларининг билим, маҳорат ва кўникмалари шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилган;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларини тўлдиришга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (2020 йил 29 июнь ПФ–6013-сон) Фармонининг 2-банди биринчи хатбошисида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 12/21–21-сон далолатномаси). Ушбу таклифлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли равишда таҳлил қилиш, коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни аниқлаш борасидаги вазифаларини белгилаш ҳамда давлат органлари, муассасалари, идоралари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан муносабатларнинг тартибга солинишини такомиллаштиришга хизмат қилган;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тергов натижаларини таҳлил қилиш тартибини жорий этишга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (2020 йил 29 июнь, ПФ–6013-сон) Фармонининг 3 банди учинчи хатбошисида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 12/21–21-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мамлакатдаги криминоген вазиятни аниқ белгилаш, коррупцион жиноятларнинг умумий ва махсус профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг амалдаги механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқларини кенгайтириш ва аниқлаштиришга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (2020 йил 29 июнь, ПФ–6013-сон) Фармонининг 4-банди бешинчи хатбошисида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 12/21–21-сон далолатномаси). Бу эса коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда мазкур жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий, криминологик ва криминалистик усулларини қўллаш самарадорлиги янада оширилишига ҳамда қонун ҳужжатларида Агентликнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамланишига хизмат қилган;
коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг криминалистик классификацияси ва типологияси, улар бўйича терговолди текшируви, суриштирув ва дастлабки тергов босқичида ўтказиладиган тергов ҳаракатлари, тезкор-қидирув тадбирлари, тактик операциялар алгоритми ҳамда уларда қўлланиладиган янги ахборот-коммуникация технологиялари ва криминалистик техника воситалари тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимининг фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2021 йил 24 ноябрдаги  26/4357-сон далолатномаси). Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, бўлинмаларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга тоқатсизлик ва муросасизлик муҳитини яратиш, шахсий таркиб ўртасида салбий  ҳолатларни бартараф этишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар тизимини такомиллаштиришга хизмат қилган.

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш