Sayt test rejimida ishlamoqda

Араббоев Мухриддин Муроджон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Development of a mobile system for remote monitoring of human physiological parameters» (Инсон физиологик кўрсаткичларини масофадан мониторинг қилувчи мобиль тизим ишлаб чиқиш), 05.04.02 – Радиотехника, радионавигация, радиолокация ва телевидение тизимлари ва қурилмалари. Мобиль, тола-оптик алоқа тизимлари (техника фанлари). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т2668.
Илмий раҳбар: Носиров Хабибулло Хикматулло ўғли, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.Т.07.02. 
Расмий оппонентлар: Писецкий Юрий Валерьевич, техника фанлари доктори (DSc), профессор; Ташманов Ержан Байматович, техника фанлари доктори (DSc), профессор. 
Етакчи ташкилот: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети. Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади:  радиомодуллар ва сенсорлар ёрдамида инсон физиологик кўрсаткичларини масофадан мониторинг  қилиш ва ҳолатини башоратлаш мобиль тизимини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
инсон асосий ҳаётий белгиларидан юрак уришлар сони ва тана ҳароратини радиотехник элементлар ва модулларни ўзаро боғлаш ҳамда интеграциялаш орқали мониторинг қилиш тизимининг функционаллигини ва ўлчаш аниқлигини оширувчи усул ишлаб чиқилган; 
реал вақт давомида инсон ҳаётий белгиларининг меъёрий кўрсаткичларини баҳоловчи ва чуқур нейрон тармоқ моделига асосланган юқори энергия тежамкор мобиль қурилманинг ишлаш алгоритми яратилган;
масофадан олинган рақамли сигналларга ишлов бериш асосида инсон физиологик кўрсаткичларини мониторинг қилишда ўлчаш хатоликларини камайтириш ва маълумотларни йиғувчи ҳамда юқори аниқликда башоратловчи модель ва алгоритм ишлаб чиқилган;
симсиз технологияларни интеграция қилиш орқали локал ҳудудга мўлжалланган инсон физиологик кўрсаткичларини масофадан реал вақт режимида мониторинг қилиш ва башоратлашда кам қувват талаб қилувчи мобиль тизим ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Инсон физиологик кўрсаткичларини масофадан мониторинг қилиш ва башоратлаш усуллари, алгоритмлари ҳамда дастурий воситаларини яратиш бўйича олинган натижалар асосида:
фавқулодда вазиятларда реал вақтда тирик қолган инсонларни аниқлаш учун ишлаб чиқилган усуллар, алгоритмлар ва дастурий воситалар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтининг ишлаб чиқариш, таълим ва ахборот хизматлари жараёнларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 21 январьдаги 33-8/351-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган сунъий интеллектга асосланган тирик қолган инсонларни аниқлаш усули ёрдамида фавқулодда вазиятларда тирик қолган инсонларни 2 км. гача масофада аниқлаш имконияти яратилган;
Инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш ва башоратлаш усули, алгоритми, қурилмаси ва дастурий воситаси «UNICON.UZ» ДУК нинг ахборот хизматлари жараёнларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 21 январьдаги 33-8/351-сон маълумотномаси). Натижада инсон саломатлигини кўп параметрлар асосида интеллектуал таҳлил қилувчи аппарат-дастурий таъминоти ва унинг алгоритми инсон соғлиғи ҳолати ҳақидаги маълумотларни узатишда энергия истеъмоли самарадорлиги 2,6 баробарга ошган ва узатиш масофаси 2-3 км.гача бўлган масофада мониторинг қилиш имкониятини яратган; 
чуқур нейрон тармоқ модели асосида ишлаб чиқилган инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш ва башоратлаш усули, алгоритми, қурилмаси ва дастурий воситаси «Соҳиб Каромат Шифо» хусусий клиникасининг тиббий ва ахборот хизматлари жараёнларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 21 январьдаги 33-8/351-сон маълумотномаси). Натижада ишлаб чиқилган чуқур нейрон тармоқ моделига асосланган инсон саломатлиги мониторинги ва башоратлаш жараёнининг алгоритмик усули ёрдамида эҳтимолий касалликни 98,79 % аниқлик даражасида башоратлаш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish