Sayt test rejimida ishlamoqda

Обидов Музаффаржон Валижоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жанубий Фарғона бўз, ўтлоқи-аллювиал тупроқлари ва доривор ўсимликлари биогеокимёси», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/В676.
Илмий раҳбар: Исағалиев Муроджон Тўйчибоевич, биология фанлари доктори, доцент.  
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, РhD.03/30.12.2019.В.05.03.
Расмий оппонентлар: Абдурахмонов Нодирбек Юлчиевич, биология фанлари доктори, катта илмий ходим; Диёрова Мухаббат Хуррамовна, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Жанубий Фарғона оч тусли бўз, суғориладиган ўтлоқи-аллювиал тупроқлари ва доривор ўсимликларининг биогеокимёвий хусусиятларига, экологик ҳолатига макро- ва микроэлементлар миқдори, сифати ва дифференциациясининг таъсирини аниқлаш, тупроқлар унумдорлигини ошириш ҳамда доривор ўсимликлар биологик сингдириш интенсивлигини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жанубий Фарғона қўриқ оч тусли бўз, эскидан суғориладиган ўтлоқи-аллювиал тупроқларининг морфогенетик белгилари, физик, агрокимёвий, физик-кимёвий хоссалари ва биогеокимёвий хусусиятлари ҳамда геокимёвий барьерлари, провинциялари  аниқланган;
қўриқ оч тусли бўз, ўтлоқи-аллювиал тупроқлар, уни ҳосил қилувчи она жинслари ва доривор ўсимликларда Na, K, Mn, Sm, Re, Mo, Lu, U, Yb, Au, Nd, As, W, Br, Ca, La, Ce, Se, Hg, Tb, Th, Cr, Hf, Ba, Sr, Cs, Ni, Sc, Rb, Zn, Co, Ta, Fe, Eu, Sb нинг миқдорлари, геокимёвий ва биогеокимёвий хусусиятлари аниқланган;
доривор ўсимликлар таркибидаги биомикроэлементлар миқдори қиёсий-географик корреляцияси ижобийлиги ва корреляция коэффициенти 0,35-0,90 оралиғида тебраниши исботланган;
оч тусли бўз, суғориладиган ўтлоқи тупроқларни оғир металлар билан кучсиз ифлосланиши, доривор ўсимликларда рухсат этилган чегаравий улушдан пастлиги аниқланган, бу доривор ўсимликлар етиштиришда органик ўғитлардан фойдаланиш ва ўсимликларнинг танлаб сингдириш қобилияти билан боғлиқлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жанубий Фарғона бўз, ўтлоқи тупроқлари ва доривор ўсимликларининг биогеокимёвий хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қўриқ оч тусли бўз ва суғориладиган ўтлоқи-аллювиал тупроқлар шароитида тарқалган доривор ўсимликларнинг экологияси ва биогеокимёвий хусусиятлари «Доривор ўсимликлар биологияси ва экологияси» номли ўқув қўлланмасига киритилган ҳамда 5411100-Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси йўналиши талабаларининг ўқув жараёнига жорий қилинган (Гувоҳнома, 
№356/7-022). Натижада, республикамиз турли тупроқ-иқлим минтақаларида тарқалган доривор ўсимликларнинг кимёвий таркиби, биологияси, экологияси, етиштириш агротехнологиясини амалга ошириш ва дориворлик хусусиятларидан фойдаланишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
суғориладиган ўтлоқи-аллювиал тупроқларнинг 1:5000 масштабли мукаммал рақамли агрокимёвий хаританомаси Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Меҳригиё» корхонасига қарашли 20 гектар майдонда амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 14 декабрдаги 02/022-5071-сон маълумотномаси). Натижада, гидроморф шароитда шаклланган чўл минтақаси ўтлоқи-аллювиал тупроқлари унумдорлигини сақлаш ва ошириш, доривор ўсимликлардан юқори ҳосил олиш учун мажмуавий агротехник, агрокимёвий ва мелиоратив тадбирлар тизимини амалга оширишда илмий асос сифатида хизмат қилган;
эскидан суғориладиган ўтлоқи-аллювиал тупроқлари, она жинслари ва доривор ўсимликларида Na, K, Mn, Sm, Re, Mo, Lu, U, Yb, Au, Nd, As, W, Br, Ca, La, Ce, Se, Hg, Tb, Th, Cr, Hf, Ba, Sr, Cs, Ni, Sc, Rb, Zn, Co, Ta, Fe, Eu, Sb ва бошқа элементларнинг миқдори, биогеокимёвий хусусиятлари «Меҳригиё» корхонаси 19,61 гектар майдонида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 14 декабрдаги 02/022-5071-сонли маълумотномаси). Натижада, ҳудуд тупроқлари ва доривор ўсимликларини тавсифлаш, тупроқ-экологик мониторингини олиб бориш, органик ўғитлаш, доривор ўсимликларни тўғри жойлаштириш, экологик тоза ўсимлик хом-ашёлари етиштириш ҳамда тайёрлашга асос сифатида хизмат қилган, шунингдек, USDA «Organic» қоидаларига мувофиқлиги халқаро сертификатини олишга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish