Тожиев Рустамбек Расуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларидан бишофит олиш технологиясини яратиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Т174.
Илмий раҳбар: Мирзакулов Холтура Чориевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Сейтназаров Атаназар Рейпназарович, техника фанлари доктори; Каипбергенов Атабек Тулепбергенович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларини «Қўнғирод сода заводи» УК чиқиндиси – дистиллер суюқлиги билан сульфатсизлантирувчи реагент сифатида ишлатган ҳолда бишофит ишлаб чиқаришнинг мақбул технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор бир пайтнинг ўзида сода ишлаб чиқариш чиқиндиси – дистиллер суюқлигини утилизациялаш йўли билан Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларини магний хлоридга комплекс қайта ишлаш усули ишлаб чиқилган;
технологик омилларнинг рапаларни сульфатсизлантириш, реологик хоссалари ва таркибига таъсири аниқланган;
сульфатсизлантирилган рапаларни қолдиқ сульфат ва кальцийдан тозалаш жараёни самарадорлигини оширишнинг техник ечимлари ишлаб чиқилган;
Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларини қўшимча кимёвий чўктирилган гипс, кальций карбонат, галит олиш билан магний хлоридга қайта ишлашнинг комплекс ва самарадор технологияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларини магний хлоридга комплекс қайта ишлаш технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
таркибида натрий ва магний хлорид ва сульфат тузлари бўлган табиий рапани қайта ишлаш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 04356). Натижада натрий ва магний хлорид ва сульфат тузлари бўлган рапаларни дистиляция суюқлиги билан сульфатсизлантириш, эритмани кальцинацияланган сода билан чуқур тозалаш, буғлатиш ва натрий хлоридни ажратиш орқали магний хлорид олиш имконини берган;
Караумбет ва Борсакелмас кўллари рапаларини сульфатлар, кальций, натрийдан тозалаш, галитни ажратиб олиш ва кристалл магний хлорид олиш технологияси «Фарғонаазот» АЖда амалиётга жорий этилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2017 йил 1 декабрдаги 01/3-6016/П-сон маълумотномаси). Натижада импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп кимёвий маҳсулот олиш, саноатни қимматбаҳо кимёвий хомашё билан таъминлаш, валюта захирасини тежаш имконини берган.