Sayt test rejimida ishlamoqda

Жуманиязова Дилноза Алимбоевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I.Умумий маълумотлар.
“Ўзбек тили луғат таркибидаги санскритча ўзлашмаларнинг дифференциал таҳлили”, 10.00.06 – “Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик” (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fil1141.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Жуманиёзов Атабай, филология фанлари номзоди, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.55.02.
Расмий оппонентлар: Чўпонов Отаназар Отажонович, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Жураева Малохат Мухаммадиевна, филология фанлари доктори (DSc).
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади миллий тилимиз тарихи ривожида, унинг луғат таркиби кенгайишида муайян роль ўйнаган санскрит тилидан кириб келган ўзлашмалар миқдорини аниқлаш, кундалик тилимизда қўлланилиш мавқеини белгилаш ва қай даражада тилимизга сингиб кетганини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
санскритча ўзлашмаларнинг ўзбек тили луғат таркибида аниқланиш мезонлари ишлаб чиқилиб, ўзбек тилига санскритча сўзлар ўзлашишининг интралингвистик ва экстралингвистик омиллари асослаб берилган;
луғатларда ўзбекча, форсча ёки арабча деб изоҳланаётган бола, бад, банд, бало каби сўзларнинг келиб чиқиши санскрит тилига бориб тақалиши исботланган;
ўзбек тилида санскритча ўзлашмаларнинг миқдори аниқланиб, ўзлашма сўзларнинг денотатив ҳамда коннотатив маъноларида конкретлашув ва умумлашув, яхшиланиш ва ёмонлашиш, торайиш ва кенгайиш каби ҳодисаларнинг юз бериши далилланган;
 ўзлашмаларнинг имло ва талаффуз, морфологик шакл ва маъно жиҳатидан дифференциаллашуви, сўзларнинг ўзбек адабий тили, шева (Хоразм) ҳамда оғзаки нутқ, сўзлашув тили (кундалик ҳаётимиздаги русча элементлар)га нисбатан шаклланиши очиб берилган.
IV.Тадқиқот натижалаpининг жоpий қилиниши.Ўзбек тили луғат таркибидаги санскритча ўзлашмаларнинг дифференциал тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
луғатларда ўзбекча, форсча ёки арабча деб изоҳланаётган сўзларнинг келиб чиқиши санскрит тилига бориб тақалиши жаҳон тилшунослигининг кейинги ютуқлари инобатга олинган ҳолда очиб берилганлиги ҳақидаги хулосалардан, шунингдек, йиғилган сўзлар кўлами сўзларнинг ўзбек адабий тили, шунингдек, шева (Хоразм) ҳамда оғзаки нутқ, сўзлашув тили (кундалик ҳаётимиздаги русча элементлар)га нисбатан таснифланган таҳлилларидан Хоразм Маъмун академиясида фаолият олиб бораётган №А-ФА-2019-9 “Қадимий ёзма ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, уларнинг рақамлаштирилган библиотекасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 16 августдаги 3/1255-2272-сон маълумотномаси). Натижада грант базасига киритилган қўлёзма ва ҳужжатлар тадқиқида сўзларнинг этимологиясига оид маълумотларни ўрганишда, уларнинг лексик-семантик изоҳини янада ойдинлаштиришда асосли манба бўлиб хизмат қилган;
ўзлашмаларнинг имло ва талаффуз, морфологик шакл ва маъно жиҳатидан дифференциал таҳлили борасидаги хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий-тадқиқот институти томонидан 2012-2016-йилларда олиб борилган ФА-Ф1-Г003-“Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 20 августдаги 17.01/197-сон маълумотномаси). Натижада тилда сўз ясалишини, унинг морфологик шакли ва маъно изоҳларини янада чуқурроқ тадқиқ қилишда ушбу диссертация маълумотлари янги ва ишончли манба бўлиб хизмат қилган; 
ўзбек тилида санскритча ўзлашмаларнинг миқдори, мавзуий-семантик гуруҳлари аниқланиб, ўзлашма сўзларнинг денотатив ҳамда коннотатив маъноларида конкретлашув ва умумлашув, яхшиланиш ва ёмонлашиш, торайиш ва кенгайиш каби лисоний ҳодисалар таҳлилларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий-тадқиқот институти томонидан 2012-2016-йилларда олиб борилган ФА-А1-Г006-“Қорақалпоқ халқ қўшиқлари қўлёзма нусхаларини текстологик таҳлил қилиш, нашрга тайёрлаш” (3-жилд) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 20 августдаги 17.01/198-сон маълумотномаси). Пировардида лойиҳа доирасида изоҳланган сўзларнинг маъно мукаммалашувига ва таҳлил қилинган матнларнинг равон тушунилишига эришилган;
санскритча ўзлашмаларнинг аниқланиш мезонлари ишлаб чиқилиб, ўзбек тилига санскритча сўзлар ўзлашишининг интралингвистик ва экстралингвистик омиллари борасидаги хулосаларидан Хоразм телерадиокомпаниясининг “Тил – миллат кўзгуси” эшиттиришида фойдаланилган (Хоразм телерадиокомпаниясининг 2021 йил 19 мартдаги 386-сон маълумотномаси). Натижада тилимизнинг қадимий илдизлари, унинг узоқ тарихини ўрганиш борасидаги радиоэшиттириш ва кўрсатувларни тайёрлашда  муҳим манба бўлиб хизмат қилган; 
ўзбек тилида учровчи санскритча ўзлашмалар, ўзлашмаларнинг имло ва талаффуз, морфологик шакл ва маъно жиҳатдан дифференциал таҳлили ҳамда уларнинг тематик гуруҳларга ажратилишига оид хулосаларидан Хоразм телерадиокомпаниясининг “Тилимизни ўрганамиз” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (Хоразм телерадиокомпаниясининг 2021 йил 19 мартдаги 387-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувнинг илмий-оммабоплиги таъминланиши ва кўрсатув матнининг илмий-манбавий савияси бойишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish