Аминов Хаётжон Халимжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Реал газларни қувур орқали узатишда ўтиш жараёнларини математик моделлаштириш», 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4. PhD/Т1426.
Илмий раҳбар: Хужаев Исматулла Кушаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.T.142.01.
Расмий оппонентлар: Джуманов Жамолжон Худойқулович, техника фанлари доктори, профессор; Палванов Бозорбой Юсупович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади газ ташувчи қувурларнинг элементар қисмларида кечадиган ўтиш жараёнларининг чизиқли бўлмаган масалаларини ечишнинг усуллари, алгоритмлари ва дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қисқа қувурларнинг ностационар газодинамик ҳолатига доир чизиқли бўлмаган масалаларнинг турли чегаравий шартлар, жумладан номаълум ўзгарувчилар биргаликда қатнашган ҳол учун ечимлари чизиқлилаштириш ва характеристикалар усуллари ёрдамида қурилган ҳисоблаш алгоритми яратилган;
характеристикалар усулида қурилган ечимлар асосида қисқа қувур киришидаги босим ва чиқишидаги масса сарфининг сакраб ўзгаришида қувур қисмида даври турлича бўлган ҳолатнинг юзага келиши, чегараларда масса сарфининг ўзгариши туфайли қисмда босимнинг ортиши, камайиши ва даврий ўзгариши рўй бериши, чегара учун Н.Е.Жуковский формуласи қўлланилганида лимит ҳолатига ўтиш мавжудлиги каби хусусиятлар ишлаб чиқилган;
ёрдамчи функция киритиш орқали диаметри ва нивелир баландлиги йўл-йўлакай ўзгарувчи газ қувурлари ҳолати тенгламаларидан қарама-қарши югурувчи тўлқинлар тенгламаларига ўтиш усули ишлаб чиқилган;
қарама-қарши югурувчи тўлқинларнинг чизиқли бўлмаган тенгламалари системасини ечиш учун ишлаб чиқилган ҳисоблаш усули, алгоритми ва дастурий воситалар ёрдамида қувур кўндаланг кесими юзасининг маҳаллий кенгайиши импульс сакрашларини самарали сўндириш усуллари таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Реал газларни қувур орқали узатишда ўтиш жараёнларини ҳисобга олган ҳолда тадқиқ қилиш учун ишлаб чиқилган математик моделлар, ҳисоблаш алгоритмлар ҳамда дастурий восита асосида:
қарама-қарши югурувчи тўлқинларнинг чизиқли бўлмаган тенгламалари системасини ечиш учун ишлаб чиқилган ҳисоблаш усули ва дастурий воситалар «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалида қўлланилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 03 ноябрдаги 33-8/7765-сон маълумотномаси, Ўзбекнефтгаз АЖ нинг 2021 йил 08 ноябрдаги 03-17-5/171-сон маълумотномаси). Натижада ҳисоблаш жараёнига кетадиган вақтни 12-16%га қисқартириш, аниқликни 10-11%га ошириш ва қурилманинг узлуксиз ишлашининг имкони яратилган;
қарама-қарши югурувчи тўлқинларнинг чизиқли бўлмаган тенгламалари системасини ечиш учун ишлаб чиқилган ҳисоблаш усули «Universal elegant lyuks» МЧЖ қарамоғидаги қувурлар тизимида қўлланилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 03 ноябрдаги 33-8/7765-сон маълумотномаси). Натижада босим сакрашларини ҳисоблаш жараёнига кетадиган вақтни 15-20%га қисқартириш, аниқликни 12 %га ошириш ва қурилманинг узлуксиз ишлаши имконини берган;
қисқа қувурларнинг ностационар газодинамик ҳолатига доир чизиқли бўлмаган масалаларнинг турли чегаравий шартлар, жумладан номаълум ўзгарувчилар биргаликда қатнашган ҳол учун ечимлари чизиқлилаштириш ва характеристикалар усуллари ёрдамида қурилган ҳисоблаш алгоритми «Водий Шамс Электрон Мантаж» МЧЖда қўлланилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 03 ноябрдаги 33-8/7765-сон маълумотномаси). Натижада қурилманинг энергия сарфини 10%га камайтиришга, ишончлилигини 20 %га оширишга имкон берган.