Sayt test rejimida ishlamoqda

Султанов Мансурбек Киличовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Органик чиқиндиларга анаэроб ишлов беришда қайта тикланувчи энергия қурилмаси параметрларини оптималлаштириш», 05.05.06–Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги  энергия  қурилмалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/Т522.
Илмий раҳбар: Имомов Шавкат Жахонович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Физика-техника институти, DSc.30.05.2018.FM/T.34.01.
Расмий оппонентлар: Қлычев Шавкат Исақович, техника фанлари доктори, доцент; Ахадов Жобир Замирович, техника фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: органик чиқиндиларга бир идишда поғонали анаэроб ишлов беришда қайта тикланувчи энергия қурилмасининг оптимал параметрларини ва иш режимини аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор органик чиқиндиларга бир идишда поғонали анаэроб ишлов бериш қурилмаси ишлаб чиқилган;
биомассага бир идишда поғонали ишлов беришда олинадиган биогаз миқдорининг максимал қиймати ва биоўғитнинг сифат кўрсаткичлари сақланган ҳолда ҳар бир поғонада биомассани тутиб туришни белгиловчи параметрлар (аралаштиришлар давомийлиги, тезлиги ва суткалик аралаштиришлар сони)нинг оптимал қийматлари аниқланган;
қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги биогаз қурилмасида поғонали ишлов бериш жараёнининг назарий таҳлиллари биореактордаги биомассани аралаштириш тезлиги, биореактор диаметри ва аралаштиришлар давомийлиги мутаносибликларида математик адекватлиги аниқланган ва уни реал жараёнга мувофиқлиги 5% дан  ортмаслиги кўрсатилган;
тажриба ишлаб чиқариш қурилмаси асосида олинган маълумотларга таяниб, бир идишда поғонали ишлов бериш энергия қурилмасининг иқтисодий кўрсаткичлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қишлоқ хўжалиги органик чиқиндиларини бир идишда поғонали ишлов бериш технологияси ва уни амалга оширадиган қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмаси параметрларини оптималлаштириш асосида:
органик чиқиндиларга бир идишда поғонали анаэроб ишлов бериш қурилмаси ҳамда олинадиган биогаз ва биоўғитнинг сифат кўрсаткичлари сақланган ҳолда ҳар бир поғонада биомассани тутиб туришни белгиловчи параметрларнинг оптимал қийматлари Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг «Тахиатош нефтебазаси»да органик чиқиндиларга қайта ишлов бериш биогаз қурилмасини ўрнатишда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг 2019 йил 16 майдаги 16-51-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларидан фойдаланиш биогаз қурилмасини лойиҳалаштириш имконини бериб, мавжуд турдош биогаз қурилмаларига нисбатан қурилиш материаллари сарфини 1,5 баробарга камайтириш имконини берган;
мавжуд турдош биогаз қурилмаларига нисбатан бир идишда поғонали ишлов бериш Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли парранда фермасининг парранда органик чиқиндиларида ишлайдиган биогаз қурилмасини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг 2019 йил 16 майдаги 16-51-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини қўллаш биогаз қурилмасида атмосфера билан туташган ташқи юзадан йўқатилаётган иссиқлик миқдори ва аралаштиришга кетаётган энергия сарфининг камайиши ва олинаётган биогаз миқдорининг ортиши ҳисобига товар биогаз миқдорининг ортишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish