Худайбердиев Зокир Бозорбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Уч қатламли композит пластинкаларнинг ностационар тебранишлари», 01.02.04– Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/FM135.
Илмий раҳбар: Хайрулла Худайназаров, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент давлат техника университети ва Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.30.08.2018.FM/T.02.09.
Расмий оппонентлар: Абдикаримов Рустамхон Алимханович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Ўсаров Махамадали Қорабоевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент темир йўллар муҳандислик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: уч қатламли пластинканинг ностационар тебранишлари динамикасининг ҳисоблаш усулини ишлаб чиқиш, математик модели ва алгоритмини яратиш, пластинка тебранишида кўндаланг кесим ихтиёрий нуқтасида кучланиш ва кўчишни аниқлаш, импулсли қўзғалувчан ва бошқа юкланишлар ҳамда зарб тўлқини таъсири остидаги уч қатламли пластинкани ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
динамик юкланишлар таъсиридаги қатламли пластинкаларни ҳисоблашнинг янги усули ишлаб чиқилган;
зарба тўлқини ва динамик юкланиш таъсирига учраган уч қатламли пластинка тебранишларининг янги амалий масаласи ечилган;
тутиб турувчи қатлам ва тўлдирувчининг геометрик ҳамда эластик характеристикаларининг тебраниш амплитудаси ва частотасига ҳамда пластинканинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатига аниқ таъсир кўрсатиши аниқланган;
турли хил динамик юкланишларда ва икки қатламли ҳамда бир жинсли пластинкага ўтишда турли хил чегаравий шартлар билан уч қатламли пластинкани ҳисоблаш алгоритми яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Асосий ишлаб чиқилган математик моделлар ҳисоблаш усуллари, алгоритмлар ва уч қатламли композит пластинка ностационар тебранишлари сонли таҳлили учун дастурий таъминотлар асосида:
қўзғалувчан, динамик ва қўзғалмас юкланиш таъсири остидаги уч қатламли пластинка эгилишини ҳисоблаш усули «Меъмор Уткир Човка» масъулияти чекланган жамиятда пластинка зичлигини таъминловчи қатламли арматуралар ўлчамларини алмаштириш жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланиши арматуралар орасидаги масофани 0.05 м гача ошириш билан олдиндан белгиланган миқдорга нисбатан металлни 20% гача тежаш имконини берган;
уч қатламли пластинка деформацияланиш ҳолатини баҳолаш усули «Меъмор Уткир Човка» масъулияти чекланган жамиятда пластинка нуқталарининг эгилиши жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланиши пластинканинг кўтариш қобилиятини 12–14%га ошириш имконини берган;
иккита тутиб турувчи бетон қатламлар ва енгил тўлдирувчидан тузилган уч қатламли пластинка текислиги нормали бўйлаб йўналган кучланиш таъсири концентрацияси майдонини аниқлаш «СВП МАСКАН» масъулияти чекланган жамиятда уч қатламли пластинка учланганлик-деформация ҳолатини аниқлаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланиши материал сарфини 5–10%га тежаш имконини берган;
қўзғалувчан, динамик ва қўзғалмас юкланиш таъсири остидаги уч қатламли пластинка эгилишини ҳисоблаш «СВП МАСКАН» масъулияти чекланган жамиятда пластинка зичлигини таъминловчи қатламли арматуралар ўлчамларини алмаштириш жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланиши тўсин пластинка уч қатламлилигини ҳисобга олган ҳолда қурилманинг оғирлигини 7% га камайтириш имконини берган.