Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўлаганова Санобар Панжиевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммоси (Абдулла Қодирий ижоди мисолида)», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/Fil18.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Наим Фотиҳович, филология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Баҳодир Нурметович, филология фанлари доктори, профессор; Дониёрова Шоира, филология фанлари доктори; Носиров Азмиддин  Нормаматович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммосини адабиётшунослик категорияси сифатида асослаш, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини бир бутунликда шахс концепцияси доирасида очиб бериш, адиб шахсияти ва роман қаҳрамонлари орасидаги руҳий, ижтимоий-биографик, маънавий-маърифий жиҳатдан боғлиқлик, эстетик идеал ва қаҳрамон параллелизми масаласининг ўзбек адабиётидаги илмий-назарий асосларини исботлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижодий “мен” ва биографик “мен” тушунчаси, ижод психологияси, ижодий муҳит, ижодий услуб, эстетик идеалнинг ижтимоийлашуви, ижодий концепция каби ижод механизмини ташкил қилувчи компонентлар яхлит бир бутунликда кўрсатилган;
ижодкор бадиий-эстетик концепциясида ижодий “мен” ва биографик “мен” мутаносиблиги, ўзликни ифода қилиш шакли, ёзувчи ҳаётий ақидалари, ижтимоий-фалсафий қарашларининг бадиий қаҳрамонда зуҳурланиши асосланган;
ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммосига адабиётшуносликнинг бадиий-эстетик категорияси сифатида ёндашилиб, Абдулла Қодирий ижодий феномени шахс концепцияси доирасида очиб берилган;
ижодкор дунёқараши ва эпик тафаккури тадрижида А.Қодирийнинг отаси – хонликнинг бош нозири ва қўмондони Қодирмуҳаммад бобонинг  информатор вазифасини бажаргани ҳамда роман қурилмаси шаклланишида муҳим ҳалқа сифатидаги ўрни исботланган;
Абдулла Қодирий шахсияти ва роман қаҳрамонлари ўртасидаги ижтимоий-биографик, бадиий-эстетик бутунлик ёзувчи романларида бадиий концепция, адабий қаҳрамон ва эстетик идеал муносабати натижаси сифатида юзага келган бадиий кашфиётлар тизими исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммосига адабий-эстетик категория сифатида концептуал ёндашиш, қаҳрамонлар талқинида биографик омилларни аниқлаш, эстетик идеалнинг ижтимоийлашувини бадииятда акс этиши жиҳатидан тадқиқ этиш асосида:
ХХ аср шўро даври адабиёти намуналарини жаҳон адабиёти намуналари билан қиёслаб ўрганиш асносида ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммосининг умумий ва хусусий ҳолатларидан келиб чиқувчи типологияга доир хулосаларидан ФА-Ф1-Г040 рақамли “Ўзбек адабиёти қиёсий адабиётшунослик аспектида: типология ва адабий таъсир” фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2019 йил 5 июлдаги 311255-1878-сон маълумотномаси). Ўзбек насрида ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммоси бадиий категория сифатида адабиётшуносликда ўрганилиши жоиз деган хулосаларига асос бўлган;
Абдулла Қодирий шахсияти ва роман қаҳрамонлари ўртасидаги ижтимоий-биографик, маънавий-маърифий, бадиий-эстетик бутунлик борасида чиқарилган илмий-назарий хулосалардан ИТД-А-1-118 рақамли “Алишер Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” (2015–2017) лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 9 июлдаги 89-03-2718-сон маълумотномаси). Илмий натижаларни қўллаш туфайли ижодкор шахси, давр ва ижодкор, адабий шахсият, муаллиф шахсининг қаҳрамонда зуҳурланиши каби поэтик муаммоларга биографик контекст асосида ёндашилган, талабаларнинг бадиий матнни теран англашига эришилган;
ижодкор илмий таржимаи ҳолини яратиш, муаллиф ҳаёти ва ижодини яхлитликда ўрганиш, ижодкор шахси ва адабий қаҳрамон муаммоси асосида чиқарилган илмий-назарий хулосаларидан Озарбайжон Миллий илмлар aкадемияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг “Озарбайжон-туркман-ўзбек адабий алоқалари” бўлимида Озарбайжон ўзбекшунослари томонидан фойдаланилган (Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт инcтитутининг 2019 йил 8 июндаги маълумотномаси). Натижада ижодкор шахси ва бадиий қаҳрамон масаласи илмий-назарий муаммо ва Абдулла Қодирий биографияси билан боғлиқ янги маълумот ҳамда қўшимча изоҳлар тадқиқотчиларнинг ўзбек адабиёти ҳақидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилган;
ўзбек адабиётида роман жанрининг пайдо бўлиши, Абдулла Қодирий миллий романчилик мактабининг асосчиси, ижодкор шахсининг бадиий қаҳрамонда акс этиши, бадиий матнга биографик контекстда ёндашув каби таҳлил усулларидан Туркиянинг Анқара университети Тил ва тарих-жуғрофия факультети илмий жараёнида фойдаланилган (Анқара университетининг 2019 йил 10 июлдаги маълумотномаси). Бу эса Абдулла Қодирийнинг ижоди мисолида ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганаётган ёш тадқиқотчиларга ва докторантларга назарий манба сифатида фойдаланиш имкониятини юзага келтирган;
ХХ аср бошидаги ўзбек адабиёти ва адабий жараён, ўзбек насридаги поэтик ўзгаришлар, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек ижодидаги ўзига хос жиҳатлар, ўзбек романи композициясида миллий колоритнинг сақланишига доир чиқарилган илмий-назарий хулосалардан Абилайхон номидаги Қозоғистон халқаро алоқалар ва дунё тиллари университети ҳамда Боку давлат университети талабалари учун тайёрланаётган “Турк прозаси” дарслигида фойдаланилган (Абилайхон номидаги Қозоғистон халқаро алоқалар ва дунё тиллари университетининг 2019 йил  9 июлдаги маълумотномаси). Натижада қардош халқлар ўқув юрти талабалари туркий халқлар адабиёти ва янги ўзбек насрининг юзага келиши, дастлабки ўзбек романлари ҳақидаги билимларининг янги маълумотлар билан бойитилишига эришилган;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ХХ аср ўзбек адабиёти, янги ўзбек адабиётининг шаклланиши, ўзбек романи, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди, муаллиф шахсияти, ижодкор романларида биографик унсурларнинг ўрни, истиқлол даври романчилигида Абдулла Қодирий анаъналари юзасидан янги маълумотлар билан бир қатор кўрсатувларда тадқиқот бирламчи методологик асос бўлиб хизмат қилган (“Ўзбекистон” телеканалининг 2019 йил 31 майдаги 01-35-957, “Маданият ва маърифат” каналининг 2019 йил 30 майдаги 01-11-214, “Маҳалла” телеканалининг 2019 йил 31 майдаги 03-18-696-сон маълумотномалари). Ижодкор бадиий-эстетик концепцияси, адабий қаҳрамон ва эстетик идеал муносабати, бадиий адабиёт ва адабий шахсият масаласи, ижод психологияси ва муаллиф тафаккур тарзи, А.Қодирий романларининг бадиий кашфиётлар тизимини очиб бериш орқали кўрсатувларнинг савияси оширилишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish