Мусулмонова Шаҳло Насриддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минтақада камбағаллик даражасини камайтиришнинг асосий йўналишлари (Бухоро вилояти мисолида)” 08.00.12 - Минтақавий иқтисодиёт.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Iqt6604
Илмий раҳбар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Низамов Аслитдин Бадреддинович
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.I.16.06
Расмий оппонентлар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Явмутов Дилшод Шойимардонқулович; иқтисод фанлари фалсафа доктори (PhD), дотсент Назаров Назиржон Нарзуллаевич.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: илмий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади минтақавий камбағаллик даражасини камайтириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минимал истеъмол харажатлари (MIX), ҳудудлар нисбий даромадлари фарқлари коеффитсиенти (К₁) ва Алкире-Фостер кўп ўлчовли камбағаллик индексларига асосланган уч компонентли минтақавий камбағалликни комплекс баҳолаш методологияси – NMPI такомиллаштирилган;
Бухоро вилояти маҳаллаларида мавжуд ҳолатга кўра Камбағалликни Қисқартириш Имкониятларининг Индекси (КҚИИ) ишлаб чиқилган ва маҳаллалар ушбу индекс бўйича юқори (7–10], ўрта (5–7], паст (3–5], жуда паст (0–3] имконият даражаларига табақалаштирилган;
ҳудудий камбағалликни тизимли қисқартиришда бир-бирини кучайтирувчи заифлик коеффитсиенти, инсон капитали кластери, тадбиркорлик экотизими, шартли актив трансфери ва смарт ёрдам ҳамда градуация протоколи ва мувофиқлаштирувчи мониторинг комплекс ёндашувига асосланган беш бўғинли “Ижтимоий-иқтисодий Трансформация” (IIT) занжири модели ишлаб чиқилган;
Бухоро вилояти ҳудудларида камбағаллик даражасига таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар эконометрик усуллар ёрдамида миқдорий баҳоланган ва базавий, пессимистик ҳамда оптимистик ссенарийларни ўз ичига олган кўп вариантли прогноз параметрлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Минтақада камбағаллик даражасини камайтириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
минимал истеъмол харажатлари, ҳудудлар ўртасидаги нисбий даромадлар тафовутини ифодаловчи ҳудудий коеффитсиент (К₁) ҳамда Алкире-Фостер кўп ўлчовли депривация мезонларини ягона баҳолаш тизимига интеграциялаш асосида минтақавий камбағалликни комплекс баҳолашнинг такомиллаштирилган методологияси бўйича таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 23-сентабрдаги ПФ-143-сон “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Бухоро вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 01/00-03/7114-сонли маълумотномаси). Мазкур методологиянинг танлов асосидаги маҳаллаларда қўлланилиши камбағал аҳолини манзилли аниқлаш самарадорлигини 15 фоизга оширишга хизмат қилган;
маҳаллаларнинг камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд имкониятларини эҳтиёж, иқтисодий салоҳият ва ижтимоий инфратузилма компонентлари асосида интеграл баҳоловчи 0-10 баллик шкаласи асосида маҳаллаларни юқори, ўрта, паст ва жуда паст имконият даражаларига табақалаштириш мезонларига асосланган камбағалликни қисқартириш имкониятлари индекси (КҚИИ) бўйича таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-декабрдаги ПФ-29-сон Фармонида белгиланган маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш вазифаларини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 01/00-03/7114-сонли маълумотномаси). КҚИИ методикаси асосида Бухоро вилоятидаги 516 та маҳалла 4 гуруҳга, жумладан, 5 та юқори, 27 та ўрта, 237 та паст ва 247 та жуда паст имкониятли маҳаллага ажратилган. КҚИИ асосида ишлаб чиқилган қисқа, ўрта ва узоқ муддатли чора-тадбирлар тизими Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси иш режаларига киритилган. Натижада 247 та маҳаллада “оила паспорти” тизими асосида манзилли ишлаш йўлга қўйилиб, жуда паст имкониятли 24 та маҳалла кейинги - паст имкониятли гуруҳга ўтган;
камбағал оилаларни бир марталик ижтимоий ёрдамга қарамликдан барқарор иқтисодий фаолликка олиб чиқишга йўналтирилган заифликни баҳолаш - инсон капиталини кластерлаш - маҳаллий микрокорхона экотизимини шакллантириш - шартли актив трансфери - градуация протоколи кетма-кетлигига асосланган беш бўғинли “Ижтимоий-иқтисодий трансформация” (IIT) занжири модели ишлаб чиқилиб, пировардида ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорлик ва инсон капиталини ривожлантириш чораларини ўзаро мувофиқлаштириш механизми бўйича таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги ПФ-60-сон “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш вазифаларини ҳудудий даражада амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 01/00-03/7114-сонли маълумотномаси). Мазкур моделнинг алоҳида элементлари Бухоро вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг дастурларини шакллантиришда, шунингдек, Жондор ва Олот туманларида камбағал оилалар билан ишлаш механизмларини такомиллаштиришда қўлланилган;
Бухоро вилоятининг ҳудудлари бўйича камбағаллик даражасига ўртача иш ҳақи, аҳоли жон бошига инвестициялар ва ишсизлик даражасининг статистик аҳамиятли таъсири миқдорий баҳоланган ҳамда аниқланган боғлиқликлар асосида 2026-2030-йилларга базавий, пессимистик ва оптимистик ссенарийлар бўйича ишлаб чиқилган кўп вариантли прогноз параметрларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-сентабрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган мақсадларни ҳудудий даражада амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 01/00-03/7114-сонли маълумотномаси). Прогноз натижалари Бухоро вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг 2026-2030-йилларга мўлжалланган иш режалари ва ҳудудий дастурларини шакллантиришда, шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармасининг ўрта муддатли иш режаларида ҳудудлар бўйича мақсадли ёрдам чораларини белгилашда қўлланилган.