Жўраева Нигора Бахтиёр қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Русча-ўзбекча луғатларнинг тараққиёт босқичлари, 10.00.01 – Ўзбек тили. (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Fil4639.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти.
Илмий раҳбар: Худайберганова Дурдона Сидиковна, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc 05/2025.27.12.Fil.15.03 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Шуҳрат Кўчимов, филология фанлари доктори, профессор; Марҳабо Умурзоқова, филология фанлари доктори, дотсэнт.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1917-йилдан кейинги даврда мамлакатимизда нашр этилган умумий русча-ўзбекча луғатларнинг тарихий-лексикографик тараққиётини очиб бериш, уларнинг ҳозирги замон лексикорафиясига таъсирини кўрсатиш ва икки тилли замонавий рақамли лексикография учун илмий-методологик тавсияларни шакллантиришдан иборат.
III. Тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
1917-йилдан кейин нашр этилган русча-ўзбекча луғатларнинг шаклланиши, барқарорлашуви ва миллий моделга ўтиш босқичлари илк бор хронологик ва лексикографик жиҳатдан даврлаштирилиб, уларнинг лексикографик аҳамияти ёритилган;
таржима тамойиллари тизимининг шаклланиши, эквивалентлик, калкалаш, транслитерация усуллари, таржимада изоҳ бериш омилининг русча-ўзбекча луғатлар тараққиётини белгилашдаги ўрни ҳар бир даврдаги луғатларнинг амалий ва назарий қийматини илмий асослаш орқали кўрсатилган;
русча-ўзбекча луғатларнинг макро ва микроструктураси, луғат мақоласининг семантик-структур ўзгаришлари: мафкуравий, ижтимоий-сиёсий ва эскирган қатламларнинг чиқарилиши ҳамда янги миллий лексика билан бойитилиш қонуниятлари очиб берилган;
мустақиллик даври ўзбек лексикографиясида русча-ўзбекча луғатларнинг миллийлаштириш босқичига ўтганлиги, луғат сўзлигининг шўро мафкурасидан холи бўлганлиги, таржимада изоҳларнинг аниқ берилганлиги, терминларнинг халқаро стандартларга интеграциялашганлиги, ўзбек тилининг ички имкониятларига таянган ҳолда русча сўзларнинг миллий муқобилларини яратиш лексикографик амалиётнинг етакчи тамойилига айланганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилшунослигида Русча-ўзбекча луғатлар тадқиқига оид манбаларни ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
русча-ўзбекча умумий таржима луғатларида спорт терминларининг русчадан ўзбекчага таржима қилиниши, эквивалентларнинг танланиш жараёнлари, шунингдек, терминларга ўзбек тилида аниқ изоҳ бериш, уларнинг адабий тилдаги меъёрий муқобилларини танлаш ҳақидаги илмий хулосалардан мазкур институтда 2024–2025-йилларда бажарилган АЛ-662204328 рақамли “Спорт терминларининг ўзбек тилидаги изоҳли луғатини тузиш ва нашр қилиш (луғатнинг мобил иловаси ва веб-сайтини яратиш)” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган. Луғатда хорижий тилдаги спорт терминларининг ўзбекча муқобилларини яратишда тадқиқотдаги таржима усуллари, халқаро терминларни грамматик ва стилистик белгилар орқали ва контекстуал мисоллар асосида изоҳлаш усуллари учун далил сифатида келтирилган лисоний материаллардан фойдаланилган (Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг 2026-йил 22-июндаги 3/1255-1 743-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур луғат рус тили ва у орқали кириб келган спорт атамалари, спорт обектлари ва жиҳозлари номлари билан бойиди;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида 2024–2025-йилларда бажарилган ALM-202310132634raqamli “Янги сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобилини сунъий интеллэкт асосида автоматик тақдим қилувчи atamacom.uz дастурий таъминоти платформаси ва мобил иловасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани амалга ошириш жараёнида тадқиқотда келтирилган ўзбек тилидаги русча-ўзбекча луғатларда изоҳлаш усулларига оид илмий хулосалардан фойдаланилган. Шунингдек, русча-ўзбекча луғатларнинг макро ва микроструктураси, луғат мақоласининг семантик-структур ўзгаришлари, янги миллий лексика билан бойитилиш қонуниятлари бўйича илгари сурилган илмий хулосалардан лойиҳа доирасидаги амалий тадқиқотларни такомиллаштиришда қўлланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2026-йил 16-июндаги 01-500-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур платформа ва мобил илова ўзбекча муқобилларни тақдим этишда кенг имкониятлар яратди.