Азатова Гулистон Норимоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Хоразм болалар фолклори лексикасининг антропотсентрик тавсифи, 10.00.01 – Ўзбек тили. (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Fil5451.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Хоразм Маъмун академияси.
Илмий раҳбар: Муқимова Зоҳида Расуловна, филология фанлари доктори, катта илмий ходим.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc 05/2025.27.12 Fil.15.03 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Абдулла Ўразбоев, филология фанлари доктори, профессор; Муяссар Сапарниязова, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Хоразм болалар фолклори лексикасини антропотсентрик баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Хоразм болалар фолклори лексикасини ташкил этувчи бирликлар илк бор антропотсентрик парадигма асосида когнитив ва лингвомаданий аспектда тизимли равишда изоҳланган;
воҳа болалар фолклори матнларида қўлланган анаси, отоси, буво, момо, оғожони, оёпоси, бавак каби қариндошлик бирликларининг когнитив вазифалари, гашир (сабзи) сори тулки, исвант, сирға, билазук, жин-арвоҳ каби ўсимлик, буюм ҳамда мифик кучларни шахслантириш усуллари, шунингдек, ойлонойин, тикон гирди, қизғанади, зирло каби руҳий ҳолат ва ҳаракатни ифодаловчи эмоционал сўзлар когнитив ёндашувда таҳлил қилиниб, уларнинг болалар дунёқарашини ва оламнинг лисоний манзарасини шакллантиришдаги ўрни аниқланган;
Хоразм болалар фолклорига хос матнлар лексикаси этномаданий тафаккур ва лисоний шахс шаклланишининг муҳим воситаси эканлиги асосланган;
Хоразм болалар фолклорига хос бўлган гулвант, пўссиқ, қорма, оқвош, солмо, дасварда, даллик, адағарва, гурвак, барак, гўмма, танасгул, гужум, жигилдак, ғишша каби этнографик, гастрономик ҳамда флористик реалияларнинг ўзбек адабий тили ва бошқа ҳудудий шевалар тизимида интралингвистик лакуналарни юзага келтириши исботланиб, уларнинг воҳа болаларининг нутқий мулоқотида ва этнолингвистик хотирасида тутган ўрни исботланган; Хоразм болалар фолклори лексикасидаги гап топмоқ, Худодан топмоқ, товуқдан тез тора чиқмоқ, қор атмоқ, битина қон вармаслик, Гўроғли отин уркизган каби турғун бирликлар ва мажозий образларнинг (қуш, юмурто, жўжа – қовун метофораси) лингвоконсептуал ҳамда лингвомаданий хусусиятлари ёритилиб, уларнинг воҳа халқининг этномаданий тафаккури ва лисоний шахс шаклланиши билан узвий боғлиқлиги изоҳланган. IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм болалар фолклори лексикасининг когнитив-лингвомаданий хусусиятларини тадқиқ этиш бўйича олинган натижалар асосида: Хоразм болалар фолклори лексикасининг антропотсентрик хусусиятлари, халқ оғзаки ижоди намуналарида инсон омилининг тил бирликлари орқали ифодаланиши, маросимлар ва болалар фолклорига оид лексик қатламларнинг шаклланишидаги лингвистик ҳамда экстралингвистик омиллар бўйича олинган илмий хулоса ва мулоҳазалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2024-2025-йилларда амалга оширилган “Қорақалпоқ халқ маросим фолклори (генезиси, жанр хусусиятлари, поетикаси)” мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳада фойдаланилган (Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2026-йил 6-майдаги 196/1-сон маълумотномаси). Натижада маросим ҳамда болалар фолклори матнларида қўлланувчи сўзларнинг лексик-семантик, қиёсий-этнолингвистик жиҳатларини ҳамда халқ тафаккурини очиб беришдаги ўрнини тадқиқ этиш имкони яратилган ва лойиҳа материаллари янги илмий маълумотлар билан бойитилган. Хоразм болалар фолклори лексикасининг антропотсентрик талқини, болалар қўшиқлари, ўйин матнлари ва топишмоқлардаги лисоний бирликларнинг ўзига хос хусусиятларига доир илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 2023-2025-йилларда бажарилган ИЛ-27-4722022413-сонли “Қиёсий адабиётшунослик” фанининг “Компаративистика” электрон платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2026-йил 12-февралдаги 11-25/77-сон маълумотномаси). Натижада электрон платформанинг илмий-методик манбалар базаси ва иллюстратив материаллари бойитилган; болалар фолклорини тарғиб қилиш, миллий қадриятларни оммалаштириш ҳамда ёш авлоднинг нутқ маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш жараёнида диссертацияда таҳлил қилинган лингвистик воситалар ҳамда ушбу жанрларга хос нодир лексик қатламга оид материаллардан Хоразм вилояти Маданият бошқармаси тизимидаги маданий-маърифий муассасалар фаолиятида фойдаланилган (Хоразм вилояти Маданият бошқармасининг 2026-йил 19-февралдаги 208-сон маълумотномаси). Натижада фолклор дастурлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ссенарийлари такомиллаштирилиб, унутилиб бораётган ҳудудий лисоний бирликларни архивлаштириш имкони яратилган; диссертацияда ўрганилган лексик бирликларнинг когнитив ва лингвомаданий таҳлилига оид илмий натижалардан Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази фаолияти доирасида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш” миллий дастури ижросини таъминлаш жараёнида фойдаланилган (Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона марказининг 2026-йил 17-февралдаги 01-25-сон маълумотномаси). Натижада кутубхонанинг ўлкашунослик фонди ва методик манбалар базаси маҳаллий шева ҳамда фолклор фактлари билан тизимлаштирилган ҳолда бойитилган; ҳудудий болалар фолклори намуналарининг лексик таркиби, ундаги кўҳна ва “ноёб” сўзлар, маиший лексика ҳамда мифологик тасаввурлар билан боғлиқ илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Хоразм вилояти телерадиоканали томонидан тайёрланган “Ассалом Хоразм” мусиқий дам олиш дастури ссенарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиоканалининг 2025-йил 5-декабрдаги 985-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларга тақдим этилган эфир материалининг илмий-маърифий мазмуни ва оммабоплик даражаси мукаммаллашган.