Жумакулова Ноила Шокировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Самарқанд вилояти шароитида Рубус caesius L. навларининг морфофизиологик ва биокимёвий хусусиятлари”, 03.00.07 - Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/B1041.
Илмий раҳбар: Кабулова Флора Джаббаровна, биология фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/2025.27.12.B.09.10.
Расмий оппонентлар: Холлиев Асқар Эргашевич, биология фанлари доктори, профессор; Абдурахимов Уморбек Курбанбаевич, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Самарқанд вилояти шароитида R.caesius навларининг морфофизиологик ва биокимёвий хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор маймунжоннинг Брзезина, Бразос, Карака Black, Жумбо, Thornfree, Cacanska Бестрна ва Честер навлари Самарқанд вилояти шароитига интродукция қилиниб, уларнинг биологик ва хўжалик хусусиятлари баҳоланган;
маймунжон навларининг фенологик ривожланиш босқичлари, вегетация даври ва морфологик белгилари қиёсий ўрганилиб, навлараро фарқлар аниқланган;
Самарқанд вилояти шароитида маймунжон навларининг физиологик хусусиятлари, жумладан баргларидаги хлорофилл а, хлорофилл б ва каротиноидлар миқдори ўрганилиб, Карака Black навида фотосинтетик пигментлар миқдорининг юқори кўрсаткичлари шаклланиши аниқланган;
маймунжон навларининг сув алмашинуви хусусиятлари, жумладан сув сақлаш қобилияти, сув танқислиги ва транспирация жадаллиги қиёсий баҳоланиб, навларнинг сув режимига мослашиш хусусиятларига боғлиқ равишда Карака Black навининг юқори кўрсаткичларга эга эканлиги аниқланган;
маймунжон навлари меваларининг биокимёвий таркиби қиёсий ўрганилиб, витамин C миқдорининг Карака Black навида 211,3 mg/100 г гача, аминокислоталар миқдорининг эса Честер навида 22,5 mg/g гача юқори бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Самарқанд вилояти шароитида R.caesius навларининг морфофизиологик ва биокимёвий хусусиятларини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
R.caesius навларининг экологик барқарорлиги, юқори адаптацион салоҳияти, дала шароитида кўпайтириш усулларини (пархеш, новдаларни горизонтал усулда кўмиш, қаламчалар, тупларни бўлиш) ишлаб чиқиш орқали тайёрланган кўчатларнинг ўсиши ва ривожланишини ўрганиш ҳамда фенологик кузатувларни олиб боришга оид тавсиялар Самарқанд вилояти Самарқанд туманининг “Адилов Рашид Агро Мева” фермер хўжалиги амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025-йил 5-июлдаги 03-03/1-03-6650-сон маълумотномаси). Натижада, Рубус caesius L. нинг Жумбо, Thornfree, Карака Black, Бразос, Брзезина, Cacanska Бестрна ва Честер навларини самарали кўпайтириш ва оналик плантацияларини яратиш, қурғоқчиликка чидамли Честер ва Брзезина навларидан гектарига ўртача 5-6 тонна ҳосил етиштириш имконини берган;
Рубус caesius L. нинг навларини морфофизиологик хусусиятлари ва навдорлик фарқлари асосида тупроқ-иқлим шароитида етиштириш ва кенг майдонларга плантацияларини ташкил этиш бўйича “Самарқанд вилояти шароитида R.caesius навларининг морфофизиологик хусусиятлари, кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш” номли амалий тавсиянома “Адилов Рашид Агро Мева” фермер хўжалигининг 0,20 гектар майдонида амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 28-январдаги 05/06-04-109-сон маълумотномаси). Натижада, “Честер”, “Бразос”, “Брзезина”, “Жумбо” ва “Karaka Black” навларидан кенг фойдаланиш, мева массаси кўрсаткичлари ўртача 5,9-6,1-г да ортганлиги, мазкур навларнинг кенг майдонларда деҳқон ва фермер хўжаликлари учун юқори ҳосилдор истиқболли кўчатлар етиштириш имконини берган.