Холдоров Шовкат Маноннбой ўғлининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқлим ўзгариши шароитида суғориладиган тупроқларнинг шўрланиши ва уларни масофадан зондлаш маълумотлари асосида баҳолаш”, 11.00.05 - Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/B1776.
Илмий раҳбар: Жаббаров Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.B.01.15 рақамли Илмий кенгаш асосидаги бир марталик Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Жулиев Муҳиддин Комилович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим; Содиқова Гулчехра Саттаровна, биология фанлари номзоди, дотсент.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иқлим ўзгариши шароитида Мингбулак тумани суғориладиган ерларида тупроқ шўрланишининг экологик ҳолатини масофадан зондлаш маълумотлари асосида баҳолаш, унинг маконий динамикасини аниқлаш ва геоекологик мониторинг имкониятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Наманган вилояти Мингбулак тумани суғориладиган ерларида иқлим ўзгариши шароитида тупроқ шўрланишининг экологик ҳолатини масофадан зондлаш маълумотлари асосида геоекологик баҳолаш ёндашуви асосланган;
суғориладиган ерларнинг экологик-мелиоратив ҳолатини баҳолашда Ландсат-8 OLI тасвирларининг Сентинел-2A MSI га нисбатан юқорироқ ахборотлилиги ва диагностик аниқлиги илмий жиҳатдан асосланган, NDSI индекси эса шўрланишнинг энг ишончли спектрал индикатори сифатида аниқланган;
тупроқ шўрланишининг нафақат юзаки, балки 0-30 см ва 30-60 см қатламларда намоён бўлиш хусусиятларини масофавий маълумотлар орқали баҳолаш мумкинлиги аниқланган, чуқурроқ қатламларни ифодалашда кўк спектрал каналнинг прокси аҳамияти очиб берилган;
NDSI индекси билан электр ўтказувчанлик ҳамда шўрланишни шакллантирувчи асосий ионлар, хусусан СО₄²⁻ ва Ca²⁺ ўртасидаги барқарор боғлиқлик аниқланган ҳамда суғориладиган ерларнинг экологик ҳолатини масофавий геокимёвий баҳолаш имконияти кўрсатилган;
ғўза агротсенозларида шўрланишнинг ўсимлик ҳолати орқали билвосита намоён бўлиш қонуниятлари очиб берилган ва август ойи шўрланишни фенологик жиҳатдан энг мақбул баҳолаш даври экани асосланган;
ҳароратнинг ошиши, буғланишнинг кучайиши ва намлик танқислиги каби иқлим омилларининг суғориладиган ерларида шўрланиш жараёнларини фаоллаштириши ҳамда унинг маконий-вақтий динамикасига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иқлим ўзгариши шароитида суғориладиган тупроқларнинг шўрланишини масофадан зондлаш маълумотлари асосида баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Наманган вилояти Мингбулоқ туманининг 34 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларида 2019–2024-йиллардаги шўрланиш динамикасини акс эттирувчи 1:25 000 масштабли шўрланиш картограммалари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октабрдаги 05/05-04-648-сонли маълумотномаси). Натижада шўрланиш даражаси ва типи асосида шўр ювиш меъёрлари, сони ва муддатларини белгилаш ҳамда агромелиоратив тадбирларни режалаштириш имконияти яратилган;
Мингбулоқ туманидаги 5 790 гектар ғўза майдонида ўсимликнинг вегетация фазаларига асосланган шўрланишни масофадан баҳолаш усули амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октабрдаги 05/05-04-648-сонли маълумотномаси). Натижада кластер ва фермер хўжаликларида шўрланиш даражасига қараб экинларни жойлаштириш, август ойида шўрланиш стрессига қарши қўшимча агротехник тадбирларни белгилаш ҳамда мелиоратив ишларни режалаштириш имконияти яратилган;
Мингбулоқ туманининг суғориладиган ерлари учун тупроқдаги ҳаракатчан фосфор, алмашинувчан калий ва гумус миқдорини акс эттирувчи 1:25 000 масштабли агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октабрдаги 05/05-04-648-сонли маълумотномаси). Натижада тупроқларнинг озиқа элементлари билан таъминланганлик даражасига кўра ўғитлаш меъёрларини белгилаш, органик ва минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирларни режалаштириш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish