Даминов Баҳодир Иброҳимжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Марказий Осиёда диний мутаассиблик юзага келишининг ижтимоий-тарихий омиллари” 07.00.04 – Диншунослик ихтисослиги (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Tar1144.
Илмий раҳбар: Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим Муҳаммадрозиқ ўғли сиёсий фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, DSc.15/2025.27.12.Isl/Tar.01.01.
Расмий оппонентлар: Муҳамедов Нематулло Асатуллаевич тарих фанлари доктори, профессор; Сайфуллаев Дурбек Бахтиёрович тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Марказий Осиёда диний мутаассиблик юзага келишининг ижтимоий-тарихий омилларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида диний мутаассибликнинг кескин шаклда намоён бўлишининг ижтимоий-тарихий детерминациясини очиб бериш орқали радикал оқимлар томонидан миллий давлатчилик институтларини “собиқ атеистик тузум вориси” сифатида талқин қилиш ҳамда ушбу жараёнда мутаассиб қарашларни сиёсий экстремизм даражасига олиб чиқишдаги ҳал қилувчи ўрни тарихий далиллар асосида исботланган;
Қозоғистонда мустақилликнинг илк йилларида Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятининг тугатилиши ва диний соҳада давлат регулятив функцияларнинг сусайиши ноанъанавий протестант жамоалари (“Агапе”, “Янги ҳаёт” ва “Мормон”) ҳамда синкретик оқимлар (“Фалун Дафа”)нинг расмий конфессия сифатида рўйхатдан ўтишига, уларнинг таъсири миссионерлик фаолиятининг жадаллашуви ҳамда анъанавий этник гуруҳлар орасида прозелитизмнинг кучайишига олиб келгани аниқланган;
Қирғизистонда ХХ асрнинг сўнгида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда “либерал модел” ҳамда диний соҳадаги ҳуқуқий регуляциянинг заифлиги республикага “Хизмет”, “Себат” ва “Таблиғ жамоати” сингари ностандарт ва мутаассиб диний оқимларнинг кириб келишига, уларнинг ижтимоий-маиший ва таълимий соҳаларда норасмий ташкилий-таркибий тузилмалар сифатида ўрнашишига шароит яратганлиги асосланган;
диний мутаассиблик субектларининг ягона ижтимоий-психологик портрети мавжуд эмаслигига асосланиб, диний қарашлари бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмайдиган, жамиятга интеграциялашган ва қатъий диний ақидаларга амал қилувчи шахсларни “мутаассиб” тавсифидан ажратиб, “консерватив диндор” тоифаси сифатида талқин этишнинг диндорлар классификациясига дифференциал ёндашуви ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида диний мутаассиблик ва радикал оқимлар (ностандарт диний гуруҳлар, миссионерлик ҳамда прозелитизм) юзага келишининг ижтимоий-тарихий детерминацияси, психологик манипуляция механизмлари ҳамда давлат сиёсатидаги ўтиш даври омиллари тарихий далиллар асосида очиб берилганига оид илмий хулосалардан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ҳудудларда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари самарадорлигини оширишда, мутаассиб шахслар билан ишлаш бўйича методологик қўлланмалар ҳамда соҳа ходимларининг малака ошириш курслари ўқув дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2026-йил 5-январдаги 03-07/3811-сон маълумотномаси). Натижада, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва мутаассибликка мойил шахслар билан олиб бориладиган профилактик ишларнинг методик таъминотини бойитишга хизмат қилган;
Марказий Осиё ва Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг намоён бўлиш шакллари, радикал оқимларнинг норози кайфиятни шакллантиришдаги ўрни ҳамда “мутаассиб” ва “консерватив диндор” тоифаларини фарқлашга қаратилган дифференциал ёндашув ишлаб чиқилганига доир хулосалар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар маъруза матнлари мазмунига сингдирилган (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2025-йил 29-декабрдаги 02/619-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 21-февралдаги ПФ-37-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 97-бандида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишнинг илмий-методик базасини такомиллаштиришга хизмат қилган;
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида диний мутаассибликнинг кескин шаклда намоён бўлишида радикал оқимлар томонидан миллий давлатчилик институтларини “собиқ атеистик тузум вориси” сифатида талқин қилиниши, Қозоғистон ва Қирғизистонда ХХ асрнинг сўнгида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда давлат регулятив функцияларнинг сусайиши, ноанъанавий протестант жамоалари фаолияти таъсирида миссионерликнинг жадаллашуви ҳамда прозелитизмнинг кучайиши, “консерватив диндор” тоифасига доир хулосалардан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2025-2026-йилларда ҳудудларда маънавий-маърифий тарғибот ишлари мазмунини шакллантиришда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2026-йил 04-сентабрдаги 0-1602-сон маълумотномаси). Натижада, диний онгни сиёсийлаштиришга қаратилган ҳаракатларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш механизми такомиллаштирилган;
Марказий Осиё ва Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг намоён бўлиш шакллари, радикал оқимларнинг норози кайфиятни шакллантиришдаги ўрни ҳамда “мутаассиб” ва “консерватив диндор” тоифаларини фарқлашга қаратилган дифференциал ёндашув ишлаб чиқилганига доир хулосалардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларининг “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” ва “Ўзбекистонда дин билан боғлиқ давлат сиёсати асослари” каби махсус курслар фан дастурлари ва маъруза матнларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026-йил 27-августдаги 02-03/2732-сон маълумотномаси). Натижада, жамиятда мутаассибликнинг олдини олиш ҳамда ёшлар онгини бузғунчи ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифаларни белгилашнинг методологик базасини бойитишга хизмат қилган.