Усманова Нилуфар Аваз қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Баҳорги ва ёзги муддатларда экилган кунжут навларининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига биостимуляторлар қўллашнинг таъсири”, 06.01.08-Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Qx1638
Илмий раҳбар: Юлдашева Зулфия Камаловна, қишлоқ хўжалиги фалсафа фанлари номзоди, профессор.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Аманова Махфурат Эшмуродовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Таджиев Карим Мардонокулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида баҳорги ва ёзги экиш муддатларида турли меъёрлардаги биостимуляторларнинг кунжут навлари ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсирини ўрганиш ҳамда юқори ва сифатли уруғ ҳосили олишни таъминлайдиган мақбул меъёрларни илмий асослаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Илк бор Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида баҳорги ва ёзги экиш муддатларида кунжутнинг Қора шаҳзода ва Садаф навларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун навлар бўйича мақбул биостимулятор тури ҳамда уларни қўллаш меъёрлари аниқланган ва илмий асосланган;
баҳорда ва ёзда кунжутнинг Қора шаҳзода нави уруғига Тандем 10% биостимулятори билан 0,4 l/t меъёрда ишлов бериб экилганда дала унувчанлиги назорат ва эталонга нисбатан энг юқори (баҳорда - 14,2 ва 8,1%га, ёзда - 13,0% ва 8,2%га) бўлганлиги, ушбу муддатларда экилган Садаф навида эса Иммуноактив стимуляторини 30 ml/t меъёрда қўлланилганда мос равишда 14,9 ва 8,7% ҳамда 13,5 ва 8,3% юқори бўлганлиги, амал даври охирида сақланиб қолган ўсимлик сони бўйича баҳорда Қора шаҳзода навига Тандем 10% биостимулятори 0,4 l/t+0,6+0,8 l/ga меъёрда қўлланилганда юқори (98,6%), ёзда эса Садаф навига Иммуноактив 30 ml/t+35+40 ml/ga меъёрда қўлланилганда юқори (98,3%) сақланувчанлик аниқланган;
асосий ва такрорий экин сифатида экилган кунжут навларида ўсимлик поя баландлиги ва барг сони биостимуляторларнинг юқори меъёрлари (Қора шаҳзода навида Тандем 10% - 0,5 l/t+0,8+1,0 l/ga меъёрда, Садаф навида Иммуноактив - 35 ml/t+40+40 ml/ga меъёрда) қўлланилганда энг юқори бўлганлиги, лекин биостимуляторлар ўрта меъёрларда (тегишлича 0,4 l/t+0,6+0,8 l/ga ва 30 ml/t+35+40 ml/ga) қўлланилган вариантларда ўсимликда энг юқори барг юзаси шаклланиши ва қуруқ масса тўпланиши ҳисобига фотосинтез соф маҳсулдорлиги ҳам навлар бўйича мос равишда баҳорда 1,0 ва 0,7 ҳамда 1,1 ва 0,8 g/m2 кунга, ёзда эса 1,2 ва 0,6 ҳамда 2,3 ва 0,9 g/m2 кунга юқори бўлганлиги аниқланган ва илмий асосланган;
биостимуляторларнинг мақбул меъёрлари қўлланганда кунжут навларида ҳосил элементлари юқори даражада шаклланганлиги, жумладан бир ўсимликдаги уруғ сони назорат ва эталонга нисбатан баҳорда Қора шаҳзода навида 1308,6 ва 720,5 донага, Садаф навида 1625,7 ва 1029,5 донага; ёзда экилганда эса 1121,0 ва 825,1 ҳамда 1228,3 ва 954,1 донага юқори бўлиб, 1000 дона уруғ массаси ҳам ўртача кўрсаткичларни (3,01 ва 2,91 ҳамда 2,86 ва 2,80 г) ташкил қилиши натижасида Қора шаҳзода навидан баҳорда 23,8 s/ga, ёзда 20,2 s/ga ва Садаф навидан баҳорда 24,0 s/ga, ёзда 20,0 s/ga юқори сифатли уруғ ҳосили олинганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Баҳорги ва ёзги муддатларда экилган кунжут навларининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига биостимуляторлар қўллашнинг таъсирини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида кунжут навларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда мақбул биостимуляторларни танлаш ва уларнинг меъёрларини белгилаш борасида “Тошкент вилояти шароитида асосий ва такрорий экин сифатида кунжут етиштиришда биостимуляторлар қўллаш бўйича тавсиянома” номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 25-феврал 05/05-04-235-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур тавсиянома вилоят агрокластерлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари ва мутахассислари учун амалий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
типик бўз тупроқлар шароитида кунжут навларини етиштиришда биостимуляторларни мақбул муддат ва меъёрларда қўллаш технологияси Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Келажак истиқлол” фермер хўжалигида 3,5 гектар майдонида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 25-феврал 05/05-04-235-сон маълумотномаси). Натижада асосий экин сифатида май ойининг биринчи декадасида, такрорий экин сифатида эса июн ойининг учинчи декадасида кунжутнинг “Қора шаҳзода” нави уруғига экишдан олдин Тандем 10% биостимулятори 0,4 l/t, шоналаш фазасида 0,6 l/ga, гуллаш фазасида 0,8 l/ga меъёрида, шунингдек, “Садаф” навининг уруғига экишдан олдин Иммуноактив биостимулятори 30 ml/t, шоналаш фазасида 35 ml/ga, гуллаш фазасида эса 40 ml/ga меъёрида қўллаб етиштирилганда баҳорги муддатда “Қора шаҳзода” навидан 22,3 s/ga ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси 165,4 % ни, “Садаф” навидан 21,5 s/ga ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси 160,4 % ни ташкил этган, ёзги муддатда эса навлар бўйича мос равишда 16,0 ва 15,5 s/ga ҳосилдорлик, 134,4 ва 133,6 % рентабелликка эришилган;
асосий ва такрорий экин сифатида кунжут етиштиришда “Қора шаҳзода” нави уруғига экишдан олдин Тандем 10% биостимулятори 0,4 l/t, шоналаш фазасида 0,6 l/ga, гуллаш фазасида 0,8 l/ga меъёрида, “Садаф” навининг уруғига экишдан олдин Иммуноактив биостимулятори 30 ml/t, шоналаш фазасида 35 ml/ga, гуллаш фазасида эса 40 ml/ga меъёрида қўллаш технологияси Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Тожибоева Зокира Агро” фермер хўжалигида 3,0 гектар майдонида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 25-феврал 05/05-04-235-сон маълумотномаси). Натижада ушбу агротехнолагия асосида парваришланган “Қора шаҳзода” навидан асосий экинда 21,6 s/ga ҳосил, 165,0 % рентабелликка, такрорий экинда 16,1 s/ga ҳосил, 134,4 % рентабелликка эришилиб, “Садаф” навида бу кўрсаткичлар муддатларга мос равишда 21,0 ва 15,6 s/ga ҳосилдорлик ҳамда 164,2 ва 130,3 % рентабелликни ташкил этган.