Касимов Илнур Равилевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Рус тилининг лингвомамлакатшунослик фразеологик луғатида тарихий-этимологик маълумотлар”, 10.00.04 – Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти (филология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/Fil5433.
Илмий раҳбар: Скрилников Юрий Степанович, филология фанлари номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/2025.27.12.Fil.32.02.
Расмий оппонентлар: Алтмишева Ёркиной Мажидовна, филология фанлари доктори (DSc), дотсент; Мирзохидова Муяссар Иномжоновна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади турғун бирликларнинг синхрон семантик тавсифи билан уларнинг келиб чиқишини диахроник реконструкция қилишни ўзида бирлаштирган фразеологизмларни лексикографик тавсифлашнинг назарий моделини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
V.В. Виноградов таснифи бўйича компонентларнинг семантик бирикувчанлик даражаси билан этимологик реконструкция чуқурлиги ўртасидаги мутаносиблик аниқланиб, шу асосда семантизациянинг тавсифий, комбинациялашган ва синонимик усулларининг фразеологизмнинг структур-семантик турига нисбатан функсионал ихтисослашуви асосланган;
лингвомамлакатшунослик фразеологик луғатида фразеологизмлар талқинини унификация қилишнинг микроструктура (луғат мақоласи саккиз зонасининг ўзгармас кетма-кетлиги), метатил (терминларнинг ягона тизими, беш разрядга ажратилган белгилар рўйхати ҳамда дефинициялар синтаксиси) ва типологик (турли сўз туркумларига мансуб фразеологизмлар учун стандарт талқин формулалари) даражаларини қамраб олувчи уч даражали тизими ишлаб чиқилган;
тарихий-этимологик маълумотнома ва лингвокултурологик шарҳнинг мақсад йўналиши, вақт истиқболи ҳамда маълумот характери бўйича функсионал мустақиллиги исботланган, маълумотни зоналардан бирига тақсимлаш қоидаси ишлаб чиқилган ҳамда ҳар икки зонанинг луғат мақоласидаги облигатор мақоми асосланган;
тарихий-этимологик маълумотнома тузилишининг фразеологик бирлик генезисига боғлиқлиги очиб берилиб, маълумотноманинг халқ, библия, адабий, касбий ва тарихий моделларидан иборат табақалаштирилган типологияси ишлаб чиқилган ҳамда бирликнинг семантик ношаффофлиги даражасига қараб маълумотнома ҳажмининг ўзгарувчанлик параметрлари белгиланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия, ишланма ва моделлар асосида:
Компонентларнинг V.V. Виноградов таснифи бўйича семантик бирикувчанлик даражаси билан этимологик реконструкция чуқурлиги ўртасидаги мутаносиблик аниқлангани ҳамда семантизациянинг уч усули, яъни тавсифий, комбинациялашган ва синонимик усулларнинг фразеологизмнинг структур-семантик турига нисбатан функсионал ихтисослашуви белгилангани ҳақидаги илмий хулосалардан А. Авлоний номидаги Миллий тадқиқот институтида Халқ таълими вазирининг 2023-йил 18-майдаги 156-сон буйруғи асосида 2023–2024-йилларда бажарилган АИ-201704-сонли “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг она тили (ўзбек тили) фани бўйича малакасини баҳолаш ҳамда 14 та фандан тест тизимини ишлаб чиқиш” номли фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (А. Авлоний номидаги Миллий тадқиқот институтининг 2026-йил 10-февралдаги № 03-17-09-993-сон маълумотномаси). Натижада умумтаълим мактаблари битирувчилари учун рус тили фанидан тест топшириқларини ишлаб чиқишда фразеологизмлар маъноларини аниқ, илмий асосланган ва бир хил услубда тақдим этиш имконияти яратилди, тест тизимининг илмий-методик даражаси сезиларли равишда ошди;
Луғат мақолаларини унификация қилишнинг уч даражали тизими ишлаб чиқилгани, унда микротузилма орқали саккиз зонанинг ўзгармас кетма-кетлиги белгилангани, метатил орқали терминлар, белгилар ва дефинициялар синтаксиси қамраб олингани, типологик даражада эса сўз туркумлари бўйича талқин формулалари мустаҳкамлангани ҳақидаги илмий натижалардан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг “Бизнесга маслаҳат” интерактив ахборот порталини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг 2026-йил 20-февралдаги № 11/015-21-сон маълумотномаси). Натижада порталнинг таълимий ва маслаҳат мазмуни тизимли ҳамда бир хил кўринишга эга бўлди, маълумотларнинг баёни ягона таҳририй стандартга бўйсундирилди;
Тарихий-этимологик маълумотнома ва лингвокултурологик шарҳ мақсад йўналиши, вақт истиқболи ва маълумот характери бўйича фарқланувчи функсионал жиҳатдан мустақил зоналар экани ҳамда уларнинг ҳар бирига луғат мақоласи тузилмасида облигатор мақом бириктирилгани ҳақидаги илмий хулосалардан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буюртмаси асосида “Мулоқот” жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилган “Зўравон экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича илғор амалиётлар: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибалари” номли амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (“Мулоқот” жамоат бирлашмасининг 2026-йил 13-февралдаги № 12/01-56-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида тайёрланган материалларда фразеологик бирликларнинг маданий мазмуни изчил ёритилди, маълумотнома билан шарҳнинг функсионал фарқланиши таҳлилий баённинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлади;
Тарихий-этимологик маълумотнома тузилишининг фразеологик бирлик генезисига боғлиқлиги очиб берилгани, маълумотноманинг беш моделдан иборат табақалаштирилган типологияси, яъни халқ, библия, адабий, касбий ва тарихий моделлари ишлаб чиқилгани ҳамда бирликнинг семантик ношаффофлиги даражасига қараб маълумотнома ҳажмининг ўзгарувчанлик параметрлари белгилангани ҳақидаги илмий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телерадиоканали “Кун нафаси”, “Контекст” ва “Минбар” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маҳалла” телерадиоканалининг 2026-йил 11-февралдаги № 01-20-1410-сон маълумотномаси). Натижада эфир материалларида фразеологизмларнинг талқини аниқроқ бўлди, ортиқча маълумот қисқарди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish