Абдилакимов Дилрухжон Ражаб ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек жадидшунослигининг тараққиёт тамойиллари (академик Наим Каримов илмий мероси асосида)”, 10.00.14 – ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Fil4555.
Илмий раҳбар: Ҳожиева Шаҳло Ҳазратовна, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.12.
Расмий оппонентлар: Тўлагонова Санобар Панжиевна, филология фанлари доктори, профессор; Афоқова Нодира Маҳмудовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек жадидшунослигининг тараққиёт тамойиллари ва тадрижий ривожини академик Наим Каримовнинг илмий-назарий мероси асосида тизимли тадқиқ этиш, олимнинг адабий-эстетик, методологик ёндашувларини илмий асослаш ҳамда унинг ўзбек жадидшунослик мактаби шаклланишидаги консептуал ўрни ва индивидуал маҳоратини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек жадидшунослигининг тарихий тараққиётида кечган янгиликларни улуғлаш, эстетик, мафкуравий, ижтимоий-тарихий, қиёсий таҳлил, дуалистик ҳамда мустақиллик даврида холислик ва тизимли таҳлил тамойиллари академик Наим Каримов илмий-биографик мероси билан узвий алоқадорликда, яхлит тизим сифатида тадқиқ этилиб, олим меросининг архив материалларига таяниш, қиёсий-танқидий ёндашув ва ижодкор ҳаёти билан асарини синхрон ўрганиш каби индивидуал тадқиқот усуллари аниқланган;
Наим Каримовнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига доир тадқиқотлари асосида – адибнинг адабий танқид, театр санъати ва Туркистон мухториятини ҳимоя қилишга қаратилган публицистик меросининг консептуал моҳияти тизимлаштирилганлиги ҳамда мунаққид томонидан архив ҳужжатлари ва даврий матбуот материаллари призмасида Беҳбудийнинг биографик чалкашликлари ва сўнгги хорижий сафари мотивлари миллий озодлик ғоялари асосида илк бор назарий жиҳатдан ёритилганлиги далилланган;
олимнинг қодирийшунослик йўналишидаги тадқиқотларини тизимли ўрганиш натижасида – адиб ижодий лабораториясининг шаклланишида Тошкент адабий муҳити ва Тавалло сатирасининг роли, миллий романчиликда Шарқ эпик анъаналари ҳамда Ғарб тарихий роман тажрибаси синтези консептуал жиҳатдан очиб берилган, шунингдек, романлар тилидаги арабий-форсий қатламнинг ижтимоий-лисоний табиати ҳамда “Бахциз куёв” драмасидаги ғоянинг бўртиб кўриниб туриш сабаблари жадид маърифатпарварлик муҳити контекстида илк бор тизимли равишда очиб берилгани исботланган;
мунаққиднинг чўлпоншуносликка оид илмий меросида – Чўлпон лирикасидаги янги поетик символлар (кишан, Миррих юлдузи, пари) ҳамда насридаги рамзий деталларнинг (“соат”, “денгиз”) ғоявий-эстетик табиати анъанавий таҳлиллардан фарқли ўлароқ янги назарий хулосалар билан очиб берилгани, махфий тергов ва архив материалларини қиёсий-танқидий таҳлил этиши ҳамда академик таҳлил ва ҳужжатли-бадиий талқин синтезига асосланган ўзига хос биографик тадқиқот методологияси ва адибнинг жаҳон адабиёти дурдоналари таржимаси орқали миллий таржимачилик мактаби ва ўзбек адабий тилини бойитганига оид консептуал хулосалари илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек жадидшунослигининг тараққиёт босқичлари ва бу жараёндаги ўзига хосликларни Наим Каримовнинг жадидшуносликка оид илмий мероси тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Наим Каримов илмий-назарий қарашларининг манбалари, тадрижи ва етакчи тамойиллари, оʻзбек адабиётшунослиги тараққиётидаги ўрни, ХХ аср оʻзбек адабиёти ва жадидшунослик масалаларини комплекс баҳолашдаги индивидуал маҳорати асослангани, Чўлпон лирикасидаги кишан, Миррих юлдузи, пари каби образлар, Шарқ ва Ғарб маданиятига доир консептуал муносабат, ижодкор драмаси ва насри ғоявий баҳолангани, бизгача етиб келмаган асарларининг моҳияти жадид матбуоти материалллари асосида аниқлангани, шекспирона руҳда ёзилган “Ёрқиной” драмаси адибнинг шоҳ асари экани ҳамда “Кеча ва кундуз” романининг образлар тизими ва қаҳрамонлар номининг мажозий маънолари билан боғлиқ таҳлиллардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2022-2023-йилларда бажарилган “ИЛ-52 тур-21091433 рақамли “Ўзбек миллий маданиятига хос атамаларга оид мақолалар базасини яратиш” (Википедия электрон энциклопедияси мезонлари асосида)” номли амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 22-сентябр 01/4-4380-сонли маълумотномаси). Натижада тадқиқотдаги илмий-назарий хулосалар электрон платформа материалларининг илмий-назарий жиҳатдан хилма-хиллиги таъминлаган;
М. Беҳбудий мақола ва дарсликларида ўрта тилни ёқлаши, Туркистонда икки тиллиликни қўллаб-қувватлагани “Ойна” журнали материалларига таяниб далиллангани, билим даражаси билан И.Гаспиралига тенглаша оладиган жадид экани, “Падаркуш”нинг ўзбек драмачилиги ва театридаги ўрнига оид қарашлари ҳамда Беҳбудий вафоти советларнинг миллий озодлик ҳаракатига қарши сиёсати билан боғлиқлигига доир Н.Каримов хулосалари оʻзбек адабиёти тарихини яратишда муҳим манба боʻлиб хизмат қилиши, олимнинг Абдулла Қодирий ижодида адабий муҳитнинг ўрнини асослагани, Тавалло лирикасидаги сатирик руҳнинг адиб публисистикасига таъсири ҳамда ёзувчи романларидаги аёллар образи ва прототипи масаласини ойдинлаштиргани, “Меҳробдан чаён” романидан муаллиф ҳаётига доир воқеаларни аниқлагани, ижодкор публицистикасига хос сатирик руҳни юқори баҳолагани билан боғлиқ таҳлиллардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” номли амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 22-сентябр 01/4-4379-сонли маълумотномаси). Натижада тадқиқотда келтирилган илмий назарий ва услубий янгиликларга доир илмий хулосалар электрон платформа материалларини бойитишга хизмат қилган;
Наим Каримовнинг Чўлпон лирикасидаги кишан, Миррих юлдузи, пари каби образлар, Шарқ ва Ғарб маданиятига доир консептуал муносабат, ижодкор драмаси ва насри ғоявий баҳолангани, бизгача етиб келмаган асарларининг моҳияти жадид матбуоти материаллари асосида аниқлангани, шекспирона руҳда ёзилган “Ёрқиной” драмаси адибнинг шоҳ асари экани ҳамда “Кеча ва кундуз” романининг образлар тизими ва қаҳрамонлар номининг мажозий маъноларига оид қарашларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Мавзу”, “Тарихий савол”, “Жавоҳир” ва “Тақдимот” кўрсатувлари ссенарийларини ёзишда фойдаланилди (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 29-октябр 04-04-2296 рақамли маълумотномаси). Натижада мазкур кўрсатувлар Чўлпон шеърияти, насри ва драмаларига доир илмий-назарий қарашлар билан бойиди.