Атажанова Анархан Дуйсенбаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Жанубий Оролбўйидаги ички сув ҳавзаларининг ҳозирги экологик ҳолати ва трофик статуси (Шарқий Қоратерен кўли ва Мўйноқ қўлтиғи мисолида)», 03.00.10 – Экология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/B1504.
Илмий раҳбар: Мусаев Аблатдин Кераматдиновч, биология фанлари фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Қорақалпоқ табийий фанлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ табиий фанлар институти, DSc.05/2025.27.12.B.14.02.
Расмий оппонентлар: Жумамуратов Мирзамурат Ажимуратовч, биологита фанлари доктори, профессор; Қочанов Даулетбай Эрежеповч, биология фанлари фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Жанубий Оролбўйи минтақасидаги ички сув ҳавзаларининг экологик ҳолати ва трофик статусини баҳолаш, муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Жанубий Оролбўйидаги ўрганилаётган кўлларнинг гидрокимёвий параметрлари ва сув режимининг ўзига хос хусусиятлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар аниқланган;
сув ҳавзаларидаги биоген элементларнинг миқдорий таркиби ва уларнинг мавсумий кўп йиллик вақт давомидаги ўзгариш динамикаси очиб берилган;
турли гидрокимёвий таҳлиллар натижасида кўлларнинг трофик статуси ва ифлосланиш даражаси аниқланиб, антропоген омиллар таъсирида экотизимда кечаётган эвтрофикация жараёнларининг жадаллашуви баҳоланган;
Жанубий Оролбўйининг инқирозга учраган ўзига хос гидроекологик шароитида сув ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўлларнинг экологик барқарорлигини сақлашга қаратилган илмий асосланган амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жанубий Оролбўйи ички сув ҳавзаларининг ҳозирги экологик ҳолати ва трофик статусини баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
Шарқий Қоратерен кўли ва Мўйноқ қўлтиғи сув ҳавзаларининг трофик статуси ва экологик ҳолати тўғрисида олинган таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги амалиётига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025 йил 1 декабрдаги №01/18-2-4333-сон маълумотномаси). Натижада, Оролбўйи минтақасидаги сувекотизимларининг энг муҳим таркибий қисмлари ҳолатини баҳолаш ва экологик мониторинг дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган бўлиб, бу эса Оролбўйида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш имконини берган;
сув ҳавзаларида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини бажариш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 20 ноябрдаги 03/04-3-786-сон маълумотномаси). Натижада, сув ресурслари ва балиқчилик хўжалигига етказилиши мумкин бўлган экологик зарарнинг олдини олишни ҳисоблашда, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда ҳудудий миқёсда фойдаланиш имконияти яратилган.