Исоқов Дониёр Илхомжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Наманган вилояти ерларининг шўрланиши ва унинг экологик оқибатлари», 11.00.05 – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Gr245.
Илмий раҳбар: Камолов Баҳодир Асомович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.Gr.09.11 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Алимкулов Нусратилла Рахманқулович, география фанлари доктори, профессор; Яқубов Турсунбой Ботирович, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Қўқон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Наманган вилоятидаги шўрланган ерлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишнинг ҳозирги ҳолати ва унинг экологик оқибатларини аниқлаш ҳамда хулоса, тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шўрлашган майдонларнинг агрометеорологик кўрсаткичлари, ҳусусиятлари ва уларнинг динамикаси илк бор комплекс тарзда тадқиқ этилган ҳамда шўрлашган майдонлар устида агрометеорологик катталиклардаги ўзгаришлар, айниқса ёғин миқдорининг камайиши аниқланган;
Наманган вилоятини шўрланган ва шўрланмаган майдонларидаги тупроқларнинг кимёвий таркиби ва улардаги фарқлар лаборатория таҳлиллари асосида аниқланган;
вилоятнинг шўрланган ва шўрланмаган майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалик махсулотларининг кимёвий таркиби лаборатория анализи асосида аниқланган, улар орасидаги фарқлар белгиланган, ҳосилнинг кимёвий таркиби тупроқ кимёвий таркибига кўп жиҳатдан мос келмаслиги асосланган;
Наманган вилоятида шўрланган ерлар ва уларнинг экологик оқибатлари аниқлаш асосида шўрланмаган ерларга нисбатан шўр босган ерларда “Овқат ҳазм қилиш аъзолари” ва “Қон ва қон яратиш аъзолари касалликларининг, иммун механизмига алоқадор айрим бузилишлар” касалликларининг юқори эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шўрланган ерларнинг экологик оқибатларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Наманган вилоятининг ер ва сув ресурслари, улардан фойдаланиш даражаси ва тақсимоти асосида, экин майдонларини аҳоли озиқ-овқат таъминотининг тиббиёт меъёрларига кўра амалга ошириш усули Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 10 - октябрдаги 04/28-05/5166 - сон маълумотномаси). Натижада, адир ва адир орти худудларига сувни кам талаб қиладиган ўсимликларни, текислик ва чўл худудларига эса ўсимликларни типига қараб (агар шўрлик даражаси кучли бўлса) лавлаги, макка силос учун, картошка, беда, кунга боқар, бақлажон экинларини жойлаштириш мақсадга мувофиқлиги асосланган;
экологик нуқтаи назардан сув ресурсларини тежаш ва тупроқ шўрланишини олдини олиш мақсадида эгатлаб суғориш майдонларида сувтежамкор суғориш технологиялари жорий этишни аввалги ўринларда тоғолди ҳудудларда (боғдорчилик, узумчиликда) жорий этилиши юзасидан тавсия Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023 йил 17 - октябрдаги 03-03/3-5833 - сон маълумотномаси). Натижада, шўрланиш ва сизот сувлари сатҳининг кўтарилишини олдини олиш, ер ва сув ресурларидан келажакда самарали фойдаланишни ташкил этиш режаларига аниқлик киритиш имконияти яратилган;
адир ва адирорти худудларига суғориш учун олинган сувнинг катта қисми ер остига шимилиб, Сирдарё бўйидаги ерларда (Мингбулоқ, Поп) юзага чиқиб, уларнинг 80-90 фоизи коллектор-зовурлар орқали қайтган сув сифатида дарёларга қуйилиши тўғрисидаги олиб борилган изланиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023 йил 17 - октябрдаги 03-03/3-5833 - сон маълумотномаси). Натижада, суғоришга олинган сув миқдорини камайтириш, дарё сувлари ифлосланишининг олдини олиш ва фермер хўжаликларида сувдан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш имкониятлари яратилган;
Наманган вилоятида шўрланган майдонлари катта бўлган Мингбулоқ ва шўрланмаган ерларига эга бўлган Учқўрғон туманлари тупроқларининг кимёвий таркиби ўзаро таққосланган, таҳлил натижаларига кўра зарарли элементлар гуруҳи аниқланган. Мингбулоқ ва Учқўрғон тумани қишлоқ хўжалик экинларининг кимёвий таркиби лаборатория натижаларига кўра таққосланиб, кимёвий таркиби илмий жиҳатдан ўрганилган ҳамда вазирлик тизимида амалиётга жорийланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 10 - октябрдаги 04/28-05/5166 - сон маълумотномаси). Натижада, инсон организми учун зарарли элементлар аниқланиб, таҳлил қилинган. Бу элементларнинг ортиқчаси ёки этишмаслиги натижасида организмда юз берадиган касалликлар аниқланган;
атроф-табиий муҳит нуқтаи назардан сув ресурсларини имкон қадар асраб-авайлаш ва ерларнинг тобора шўрланишини олдини олиш борасида эгатлаб суғориладиган ерларда сувтежамкор суғориш технологияларини биринчи бўлиб тоғолди ва адир ерларида жорий этилиши, суғоришдаги сувни тежаб қолиш натижасида келадиган иқтисодий фойда, инсон омили ва иккиламчи шўрланиш натижасида келиб чиқадиган экологик танглик, шўрланган ерлардаги етиштирилаётган озиқ овқат махсулотларининг инсон организми учун салбий ва ижобий томонлари юзасидан ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023 йил 17 - октябрдаги 03-03/3-5833 - сон маълумотномаси). Натижада, шўрланиш ва ер ости сувлари юзасининг кўтарилишини олдини олиш, ер ресурслари ва сувдан келажакда унумли фойдаланишни ташкил этиш лойиҳаларига аниқлик киритиш имконияти яратилган.