Тожиева Феруза Қобилжон қизининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармогʻи номи): “Сунъий интеллект технологиялари асосида телекоммуникация тармоқларида трафикларни таснифлаш моделлари ва алгоритмларини ишлаб чиқиш”, 05.04.01 - “Телекоммуникация ва компьютер тизимлари, телекоммуникация тармоқлари ва қурилмалари. Ахборотларни тақсимлаш” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Т6311.
Илмий раҳбар: Хамдамов Уткир Рахматиллаевич, техника фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc. 09/2025.27.12.Т.01.02.
Расмий оппонентлар: Усманова Наргиза Бахтиёрбековна, техника фанлари доктори, доцент; Исманов Кобулжон Абдурахмонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга.
II. Тадқиқотнинг мақсади сунъий интеллект технологиялари ёрдамида телекоммуникация тармоқларида трафик оқимларини автоматик аниқлаш ва уларни реал вақт режимида таснифлаш моделлари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тармоқларда трафик оқимларини таснифлашда машинали ўқитиш усулларини қўллаш учун маълумотлар тўпламларини яратиш ва уларни шакллантириш алгоритми филтрлаш механизмини жорий этиш орқали такомиллаштирилган;
тармоқ трафигини таснифлашда юқори аниқлик даражасини таъминловчи муҳим информатив атрибутларни делта қиймати асосида аниқлаш консептуал модели ишлаб чиқилган;
телекоммуникация тармоқларида кам ҳисоблаш ресурсларини талаб қилувчи ва оқим хусусиятларига асосланган реал вақт режимида трафикларни таснифлаш усули такомиллаштирилган;
бир оилага тегишли иловалар томонидан шакллантириладиган трафик оқимларини машинали ўқитиш асосида икки босқичли таснифлаш консептуал модели ва алгоритми яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Таклиф этилган модел ва алгоритмлар асосида ишлаб чиқилган дастурий воситалардан олинган натижалар бўйича:
тармоқларда трафик оқимларини таҳлил қилиш масалаларида машинали ўқитиш усулларини қўллаш учун маълумотлар тўпламларини яратиш ҳамда уларни шакллантириш алгоритми “Universal mobile systems” масъулияти чекланган жамиятнинг тармоқ мониторинги жараёнларига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги 2026-йил 16-мартдаги 33-8/2291-сон маълумотномаси). Натижада трафик оқимлари бўйича маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таснифлаш жараёнлари тизимлаштирилиб, оқим даражасидаги атрибутлар шакллантирилди ҳамда оқимларни юқори аниқликда таснифлашга эришилган;
тармоқ трафигини таснифлашдаги дастлабки оқим атрибутларини ажратиш ва таснифлаш жараёнида юқори аниқлик даражасини таъминловчи муҳим информатив атрибутларни аниқлаш консептуал модели Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш марказига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги 2026-йил 16-мартдаги 33-8/2291-сон маълумотномаси). Натижада таснифлаш жараёнидаги ортиқча ва кам информатив белгилар қисқартирилди, моделнинг ҳисоблаш юкламаси камайтирилди ҳамда энг муҳим атрибутлар асосида оқимлар белгиланган синфларга реал вақт режимда 93 фоиз аниқликда таснифланди, ўз навбатида тармоқ мониторинги ва таҳлил жараёнларининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаган;
телекоммуникация тармоқларида кам ҳисоблаш ресурсларини талаб қилувчи ва оқим хусусиятларига асосланган реал вақт режимида трафикларни таснифлаш усули Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш марказига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги 2026-йил 16-мартдаги 33-8/2291-сон маълумотномаси). Натижада 5 млн.дан ортиқ пакетлар таҳлил қилиниб, ҳар бир оқим бўйича таснифлаш қарорини шакллантириш вақти ўртача 50–70 мс ни ташкил этди ҳамда ушбу кўрсаткичлар тармоқ мониторинги ва ҚоС бошқаруви учун реал вақт режимида қўйиладиган амалий талабларни тўлиқ қаноатлантириши тасдиқланган;
бир оилага тегишли иловалар томонидан шакллантириладиган трафик оқимларини машинали ўқитиш асосида икки босқичли таснифлаш консептуал модели ва алгоритми “Universal mobile systems” масъулияти чекланган жамиятнинг тармоқ мониторинги жараёнларига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги 2026-йил 16-мартдаги 33-8/2291-сон маълумотномаси). Натижада бир оилага мансуб иловалар томонидан шакллантириладиган трафикларни аниқроқ ажратиш, хизматлар кесимида мониторинг ва таҳлил жараёнларини чуқурлаштириш, тармоқ юкламасини баҳолаш ҳамда бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш имконияти кенгайди, шунингдек, шифрланган трафик шароитида ҳам таснифлашни амалга ошириш мумкинлиги амалий жиҳатдан тасдиқланди. Оқимлар белгиланган синфларга реал вақт режимда 91 фоиз аниқликда таснифланди, ўз навбатида тармоқ мониторинги ва таҳлил жараёнларининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish