Мухамадиев Фирдавс Рудаки ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Компютер тизимларида аномалияларни аниқлашнинг интеллектуал усуллари” мавзусидаги 05.01.05 – Ахборотларни ҳимоялаш усуллари ва тизимлари. Ахборот ва киберхавфсизлик (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/FM1490
Илмий раҳбар: Жураев Гайрат Умарович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.FM.01.03 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Матякубов Алишер Самандарович, физика-математика фанлари доктори, доцент; Бойқўзиев Илҳом Марданоқулович, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: УНИCОН.УЗ МЖЧ
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади компютер тизимларида фойдаланувчиларнинг файллар билан ишлаш жараёнида юзага келадиган аномал ҳолатларни аниқлашни интеллектуал усуллардан фойдаланган ҳолда такомиллаштиришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ички таҳдидларга хос аномал ҳолатларни аниқлашнинг мавжуд усуллари ва тизимлари таҳлили асосида компютер тизимларида фойдаланувчиларнинг ҳужжатлар билан ишлаш жараёнида юзага келувчи ички таҳдидларнинг умумий модели ишлаб чиқилган;
компютер тизимларида фойдаланувчиларнинг файллар билан ишлаш жараёнини сирпанувчи ойна механизми асосида реал вақт режимида кузатиш, хусусиятларни шакллантириш ва уларни интеллектуал моделга узатишни таъминловчи алгоритм ишлаб чиқилган; 
эксперт баҳолаш усули асосида инсайдер таҳдидларига хос аномал ҳолатларни ифодаловчи 37 та хусусият аниқланиб, баҳолаш мезонлари асосида улар 13 та муҳим хусусиятгача қисқартирилган ҳамда улар асосида интеллектуал усуллар учун танланма шакллантирилган;
назоратли ўқитиш алгоритмлари, эҳтимолларни калибрлаш ҳамда вазнли “софт воте” усули асосида фойдаланувчиларнинг файллар билан ишлаш жараёнидаги аномал ҳолатларни аниқлашнинг ансамбл усули такомиллаштирилган. 
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Компютер тизимларида инсайдер таҳдидларига хос аномал ҳолатларни аниқлашнинг такомиллаштирилган интеллектуал усуллари, сирпанувчи ойна механизми асосидаги реал вақт алгоритми, эҳтимолларни калибрлаш ва вазнли «софт воте» усулига асосланган ансамбл модели бўйича олинган илмий натижалар амалиётда қуйидаги йўналишларда жорий этилган:
компютер тизимларида инсайдер таҳдидларига хос аномал ҳолатларни аниқлашнинг такомиллаштирилган ансамбл модели, фойдаланувчиларнинг файллар билан ишлаш фаолиятини реал вақт режимида кузатиш алгоритми ҳамда эҳтимолларни калибрлаш ва вазнли «софт воте» усули Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида фойдаланувчилар фаолиятини мониторинг қилиш, аномал ҳолатларни аниқлаш ҳамда инсайдер таҳдидларини баҳолаш жараёнида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг 2025-йил 23-майдаги 1028-сон маълумотномаси). Натижада оддий ва махфий ҳужжатлар билан ишловчи фойдаланувчилар фаолиятига оид 94 та аномал ҳолатдан 86 таси муваффақиятли аниқланиб, тизимнинг аниқлаш аниқлиги 91,4 % ни ташкил этди. Бу эса фойдаланувчиларнинг инсайдер таҳдидларига хос хавфли хатти-ҳаракатларини реал вақт режимида ишончли аниқлаш, ёлғон огоҳлантиришлар сонини камайтириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш имконини берган;
фойдаланувчиларнинг файллар билан ишлаш фаолиятини автоматик мониторинг қилиш, аномал ҳолатларни аниқлаш ва уларга тезкор жавоб қайтаришни таъминловчи дастурий таъминот Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги лабораторияда тажриба-синовдан ўтказилиб, амалий фаолиятга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2025-йил 27-майдаги 294-сон маълумотномаси). Натижада фойдаланувчилар фаолиятини инсон аралашувисиз узлюксиз мониторинг қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш жараёнидаги ғайритабиий хатти-ҳаракатларни барвақт аниқлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги бўлинмаларида тезкор ва асосланган қарор қабул қилиш имконияти яратилган. Шунингдек, ишлаб чиқилган дастурий таъминот ўхшаш функсионал имкониятларга эга мавжуд ечимларга нисбатан ишлаш тезлигини 5 % га оширишга ҳамда фойдаланувчиларнинг инсайдер таҳдидларига хос аномал ҳолатларини реал вақт режимида ишончли аниқлаш орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
Компютер тизимларида инсайдер таҳдидларини аниқлашнинг интеллектуал усуллари, такомиллаштирилган ансамбл модели ҳамда реал вақт режимида фойдаланувчи фаолиятини таҳлил қилиш алгоритмлари Беларус давлат информатика ва радиоелектроника университетининг "Компютер тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш" фани бўйича ўқув жараёнига жорий этилган (Беларус давлат информатика ва радиоелектроника университетининг 2025-йил 4-июндаги маълумотномаси). Натижада мазкур модел ва алгоритмлардан амалий машғулотларда фойдаланувчиларнинг ғайриоддий хатти-ҳаракатларини аниқлаш мисоли сифатида фойдаланиш, талабаларда фойдаланувчи фаолиятини интеллектуал мониторинг қилиш, хулқ-атворни таҳлил этиш ҳамда инсайдер таҳдидларини аниқлаш технологияларини амалий қўллаш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish