Комилов Собит Сойибовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларининг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаёти тарихи (1991-2022-йиллар)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/Tar1784
Илмий раҳбар: Хосиятов Хуршид Отақулович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шаҳрисабз давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети. DSc.03/2025.27.12.Tar.11.01.
Расмий оппонентлар: Қарши давлат университети Жаҳон тарихи кафедраси тарих фанлари доктори, профессор Рахмонов Фахриддин Шаймардонович, И.А. Герсен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори биринчи ўринбосари тарих фанлари доктори, профессор Эшқувватов Валиқул Турдиевич.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Шаҳрисабз шаҳар маҳаллаларининг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳадаги фаолияти динамикасини тарихий нуқтайи назардан ўрганишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
1991-2022-йиллар оралиғида Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларининг ижтимоий ҳаёти тараққиёти илк бор манбашунослик, статистик ва қиёсий-тарихий методлар уйғунлигида комплекс тарзда таҳлил қилинди. Жумладан, 1991-йилда шаҳарда ўртача 1,5-2 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи 40-45 та маҳалла мавжуд бўлган бўлса, 2022-йилга келиб бу кўрсаткич 60 дан ортиқ маҳаллага етиб, ҳар бир маҳалла таркибида 2,5-3 минг аҳолига тўғри келиши аниқланган. Бу ҳолат урбанизация ва табиий ўсиш суръатлари (йиллик ўртача 1,8-2,2%) билан изоҳланади. 2019-2022-йилларда жорий этилган манзилли ижтимоий ҳимоя механизмлари – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари илк бор маҳалла кесимида статистик таҳлил қилинди. Хусусан, 4 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, уларнинг 70-75 фоизига моддий ёрдам кўрсатилгани аниқланган;
1991-2000-йиллар даврида иқтисодий фаолиятнинг 65-70 фоизи давлат сектори ва анъанавий қишлоқ хўжалигига тўғри келгани аниқланган бўлса, 2010-йилларга келиб бу нисбат кескин ўзгариб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 50 фоиздан ошгани қайд этилган. 2005-йилда 1,2 минг атрофида бўлган тадбиркорлик субектлари сони 2022-йилда 5 мингдан ортиб, 4 баробарга ўсгани иқтисодий либераллашув жараёнларининг маҳалла даражасидаги ифодаси сифатида талқин қилинди. 2017-2022-йилларда имтиёзли кредитлар ва субсидия дастурлари асосида 3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани, натижада бандлик даражаси ўртача 12-15 фоизга ошгани далилланган;
Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларининг маънавий-маърифий ҳаёти тизимли таҳлил қилинган бўлиб, жумладан, 1990-йиллар бошида маҳаллаларда йилига ўртача 100-120 та маънавий тадбир ўтказилган бўлса, 2022-йилга келиб бу кўрсаткич 500 тадан ошгани аниқланиб, бу ўсиш давлат сиёсатининг маънавий соҳадаги устуворлиги билан изоҳланди. Шунингдек, 2015-йилда 20 га яқин маданият марказлари ва кутубхоналар сони 2022-йилда 35 тага етгани аниқланди. 2017-2022-йилларда “Ёшлар дафтари” орқали 6 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, уларнинг 60 фоизига таълим ва бандлик бўйича кўмак берилгани асосланган;
2017-2022-йилларда иқтисодий фаоллик юқори бўлган маҳаллаларда камбағаллик даражаси 8-10 фоизгача камайгани, шу ҳудудларда маънавий тадбирлар сони 1,5-2 баробарга ошгани аниқланган. Шунингдек, 2018-2022-йилларда маҳалла инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 100 млрд сўмдан ошгани, натижада ички йўллар, ижтимоий обектлар ва хизмат кўрсатиш тармоқлари модернизация қилингани қайд этилди. Бу жараёнлар натижасида аҳоли даромадлари ўртача 1,3-1,5 баробарга ошгани ҳам статистик жиҳатдан далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шаҳрисабз шаҳри маҳаллалари тарихининг мустақиллик йилларидаги ривожланиш ҳолати юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
1991-2022-йиллар оралиғида Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларининг ижтимоий ҳаёти тараққиёти илк бор манбашунослик, статистик ва қиёсий-тарихий методлар уйғунлигида комплекс тарзда таҳлил қилинганига оид маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган. (Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2023-йил 27-октябрдаги 02-31-1610-сон маълумотнома). Натижада маҳаллий ўзини ўзи бошқарув органлари, яъни маҳаллалар бошқаруви демократик асосда шаклланганлиги, шарқона урф-одат ва анъаналар бу жараёнда асосий рол ўйнаганлиги, шунингдек, маҳаллалар Шаҳрисабз шаҳри ҳудудида мавжуд бўлган ўзини ўзи бошқаришнинг энг асосий ва муҳим шаклларидан бири эканлиги тадқиқот натижасида тасдиқланган ҳамда маҳалла қуйи, лекин асосий ўзини ўзи бошқарув органи сифатида фаолият юритганлиги, унинг фаолиятида демократик тамойиллар, аҳолининг асрий урф-одат ва анъаналари, миллий ва диний қадриятлари ўзига хослиги каби тушунчалар етакчилик қилганлиги кенг жамоатчиликка етказиб берилган;
Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларининг маънавий-маърифий ҳаёти тизимли таҳлил қилинганига оид маълумотлардан Республика “Маънавият ва марифат” марказининг 2023-йил учун чора-тадбирлар режаси В йўналиши “Жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш масалалари” 22-банди “Жамият ҳаётида юз бераётган турли ижтимоий масалаларни таҳлил қилиш учун подкаст (аудио, ведио) форматдаги лойиҳа”ни ишга туширишда фойдаланилган (2024-йил 12-декабрдаги 10/213-сон маълумотнома). Натижада мустақиллик йилларида Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларида маънавий-маърифий соҳадаги ривожланиш жараёнлари, миллий қадриятлар ва анъаналарни тиклаш ҳамда ёш авлод тарбиясида маҳалла институтининг мафкуравий, тарбиявий механизмлари тизимли равишда очиб берилди ҳамда ушбу мавзуда мақсадли медиа-контент шакллантирилган;
Шаҳрисабз шаҳри маҳаллалари ҳаётидаги ижтимоий-маънавий ва иқтисодий ўзгаришлар тарихи ва динамикасинининг ижтимоий-сиёсий, ташкилий-ҳуқуқий базасининг вужудга келиши, маҳалалар ҳудудида жойлашган тадбиркорлик субектларининг даромадлардан тўланадиган даромад солиқларининг маълум улушини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳисоб рақамларига ўтказилганга оид маълумотлардан Республика маънавият ва маърифат марказининг тарғибот ишларида фойдаланилган (Республика маънавият ва маърифат марказининг 2024-йил 12-декабрдаги 10/213-сон маълумотномаси). Натижада маҳалла институтининг молиявий-иқтисодий барқарорлашуви унинг ҳудуддаги маънавий-маърифий жараёнларни мустақил молиялаштириш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган мақсадли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтирганлиги илмий-оммабоп ва тарғибот материалларида асослаб берилган;
Оила ва маҳалла ҳамкорлиги асосида ёш авлод тарбиясига доир ислоҳотлар маҳаллий шарт-шароитлар ва омиллар нуқтайи назаридан илмий таҳлил қилиниб, ушбу асосда ёшларнинг маънавий ҳаётида юз бераётган ўзгаришларнинг ҳозирги ҳолатини ёритувчи маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда самарали фойдаланилган. (Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2023-йил 27-октябрдаги 02-31-1610-сон маълумотнома). Натижада диссертацияда илгари сурилган таклиф ва тавсия ва илмий хулосалар “Оила ва маҳалла ҳамкорлиги” ҳамда ёш авлод тарбиясига доир ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни маҳаллий шарт-шароитлар нуқтайи назаридан таҳлил қилишга хизмат қилган.