Абдуллаев Дилмурод Алияр ўғлининг
фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашда бевосита солиққа тортиш методологиясини такомиллаштириш”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.DSc/Iqt919.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.05.
Расмий оппонентлар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Олимжонов Одил Олимович; иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Бозоров Акмал Амонович; иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Пардаев Умид Уралович.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бевосита солиққа тортиш методологиясини такомиллаштириш асосида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш учун фойда солиғидан доимий имтиёз бериш таклиф этилган;
устав капиталида давлат улуши мавжуд барча юридик шахслардан ажратма ва дивидендлар ҳисоблаш орқали давлат иштирокидаги корхоналар фойдасини солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилган;
бизнес субектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва солиқ юкини тенг тақсимлаш асосида бюджетга солиқ тушуми миқдорини ошириш мақсадида айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий суммадаги ставкасини бекор қилиш таклиф этилган;
тадбиркорлик субектларида норасмий равишда ишлаётган ходимларни ва тўланаётган иш ҳақини легаллаштириш учун давлат солиқ хизмати органларига махсус ваколатли органнинг рухсатисиз тадбиркорлик субектларида ҳақиқатдаги ходимлар сони ва иш ҳақи миқдорининг солиқ ҳисоботига мувофиқлиги юзасидан текшириш ўтказиш ҳуқуқини бериш таклиф этилган;
тадбиркорлик субектлари ўртасида тенг рақобат шароитларини таъминлаш орқали миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларини солиққа тортишни бирхиллаштириш ва солиқ юкини камайтириш таклифи ишлаб чиқилган
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашда бевосита солиққа тортиш методологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш учун фойда солиғидан доимий имтиёз бериш бўйича таклиф 2024-йил 24-декабрда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 337-моддасига умумий тармоққа электр энергиясини реализация қилишдан олинган фойдага 0 фоиз ставкада солиқ солинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025-йил 5-сентябрдаги 18/1-101204-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга киритилиши натижасида
2025-йилнинг январ-июн ойларида 80 та корхона 23,3 млрд.сўм фойда солиғидан озод қилинган.
давлат ва унинг улуши мавжуд корхоналар фойдасини солиққа тортишни такомиллаштириш борасида ажратма ва дивидендлар устав капиталида давлат улуши мавжуд барча юридик шахслардан ҳисобланиши бўйича таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 30-декабрдаги “2023-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-813-сон Қонунининг
12-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг
2025-йил 5-сентябрдаги 18/1-101204-сонли маълумотномаси). Натижада, давлат улушидаги корхоналардан таркибидаги корхоналар бўйича ҳам 2023-2024 йилларда дивиденд (ажратма)лар ундирилиб, бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилинишига эришилган.
бизнес субектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва солиқ юкини тенг тақсимлаш асосида бюджетга солиқ тушуми миқдорини ошириш мақсадида айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий суммадаги ставкасини бекор қилиш таклифи асосида Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 24-декабрдаги ЎРҚ-1014-сон Қонуни билан Солиқ кодексининг 467-моддасига ўзгартириш киритилиб, ушбу ставка 2026-йил 1-январдан бекор қилиниши назарда тутилган (Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025-йил 5-сентябрдаги 18/1-101204-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида тадбиркорлар учун тенг шароит яратилади ҳамда корхоналар ихтиёрида йилига ўртача 338,6 млрд.сўм маблағ қолишига эришилади.
тадбиркорлик субектларида норасмий равишда ишлаётган ходимларни ва тўланаётган иш ҳақини легаллаштириш учун давлат солиқ хизмати органларига махсус ваколатли органнинг рухсатисиз тадбиркорлик субектларида ҳақиқатдаги ходимлар сони ва иш ҳақи миқдорининг солиқ ҳисоботига мувофиқлиги юзасидан текшириш ўтказиш ҳуқуқини бериш лозимлиги борасида ишлаб чиқилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 27-февралдаги “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-78-сон қарорида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025-йил 5-сентябрдаги 18/1-101204-сонли маълумотномаси). Натижада, корхоналарда сайёр солиқ текширувлари ўтказилган ҳолда норасмий равишда ишловчи ходимлар ва ҳақиқатдаги иш ҳақи жамғармаси легаллаштирилади ҳамда бюджетга қўшимча жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланишига эришилади.
тадбиркорлик субектлари ўртасида тенг рақобат шароитларини таъминлаш орқали миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларини солиққа тортишни бирхиллаштириш ва солиқ юкини камайтириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 12-августдаги “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-247-сон қарорида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025-йил 5-сентябрдаги 18/1-101204-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши орқали якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бекор қилинган ҳолда 1 фоиз миқдорида айланмадан олинадиган солиқ ундирилиши белгиланган ва бунинг натижасида уларнинг ихтиёрида йилига ўртача 633,5 млрд.сўм қўшимча маблағ қолади.